» » Миссионерлик иллати

Миссионерлик иллати

  Совет Иттифоқи парчаланиб, мустақил давлатлар юзага келганида янги мусулмон диёрлар дуч келган энг катта хатар халқаро миссионерлик ташкилотларининг бу юртларга ёпирилиб келишлари ва кенг миқёсда ишлашлари бўлди. Улар жумладан Ўзбекистонда ҳам жуда қисқа муддатда, ғоят яхши ташкил қилинган тармоқларини вужудга келтиришди. Насронийликнинг, ҳатто умумнасронийларнинг ўзлари эътироф этмайдиган, балки ҳатто инкор қиладиган кўплаб ва турли-туман секталари мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари де­мократия ниқоби остида адлия рўйхатларидан ўтиб олди, расмий ташкилот сифа­тида жойларда ўнлаб ибодатхоналарини қурди ва республикани келгусида ҳар жиҳатдан нотинч қиладиган кир, ғаразли фаолиятларини бошлади.

  Ўзи чуқур маънавий жарликдан чиқиш йўлини тополмай боши қотган мустамлакачилар бугун демократия ниқоби остида мусулмон ди­ёрлар ёшлари онгини заҳарлаш, минг йиллик синовларга дош берган халқларни ҳақ йўлдан тойдириш, уларни жаҳолат, бузуқлик, нодонликка бошлаш билан глобал бошқарувга эришиш учун бор ҳунарларини ишга солмоқда. Бу йўлда миссионерлик ҳаракатлари ва бошқа таъсир ўтказишнинг барча усулларидан кенг фойдаланмоқдалар.

Онгли ёшларимиз дўст киму душман ким эканини яхши ажратиб олишлари керак. Мақсадига етиш йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган душман қаршисида турганларини унутишга ҳақлари йўқ.

  Бугунги кунда ана шундай хатарли душманлар ёшла­римиз юрагини эгаллаш учун бор кучини ташлаган, барча тадбирларини ишга солган. Насронийлик “тарғиботчи”лари-миссионерлари дунёнинг ҳамма жойида изғиб юришибди. Америкалик насронийлик ҳаракати тадқиқотчиси Дэвид Боритнинг ёзишича, канисаларга тушган маблағдан йилига 150-160 миллиард доллар пул насронийликни тарғиб этиш ва Исломни ёмонотлиқ қилиш йўлида сарфланмоқда. Жаҳоннинг ҳамма ерида йилига 22,7 миллион нусха масиҳий даврий нашр, 72,5 миллион нусха Инжил тарқатилмоқда.

  Уларнинг мақсадлари бир миллатни динга киритиш эмас, балки, мусулмон фарзандларини, кўп сабабларга кўра ҳақ динлари таълимотидан хабарсиз қолган ҳолатидан фойдаланиб, Исломдан чиқаришдир! Ҳа, улар бизларни христиан қилмоқчи эмас, балки Ислом динимиздан чиқармоқчи, холос.  Мисол учун улар дин илмидан озми- кўпми хабардорларга рўпара келмайди, асосан билмайдиганларни овлайди, ушаларни йўлдан уради. Улар аҳлоқни яхшилаш билан сира           шуғулланишмайди. Аксинча, хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Ҳар хил ўйинлар, дискотекалар ташкил қилишади, ресторанлар очиб, тунги кунгилхушликлар уюштиришади.

  Бир қарашда беозор кўринган “тарғиботчи”ларнинг китоб ёки пул улашишлари аслида узоқни кўзлаб, пухта режа билан олиб борилаётган сиёсатнинг бир кўриниши холос. Исломий ўлкаларни қурол кучи билан енгиб бўлмасликка кўзи етиб қолган мустамлакачилар энди улар устига фикрий ва маданий юриш қилишга, ақидаси ва анъаналарини мусулмонлар ўртасида ёйишга уринишмоқда. Демократия, маданият, тараққиёт олиб кириш баҳонасида диний ва миллий асосларга зарба беришга, мусулмонлар юрагидан имон, эътиқод, ишончни чиқариб ташлашга интилмоқда.

  Кўриниб турганидек, бу ишларнинг динга, диний даъватга ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгинларига солиб олиш учун режаланган найранг услубларидан биридир. Масала фақат диний бўлганида ташвишланарли жойи кам эди.Чунки виждон эркинлиги қоидасига кўра ким христианликни танласа, марҳамат, ким мусулмонликни танласа, марҳамат - оҳиратда ҳар ким ўзи жавоб беради. Миссионерларнинг мақсадлари сиёсий бўлгани учун ҳам хатарли ва ташвишланарлидир. Чунки натижа бевосита мамлакат хавфсизлигига дахлдордир. Уларнинг кирдикорлари бу нуқтаи назардан баҳоланмоғи ва чора-тадбир ҳам шунга кўра олинмоғи лозим. Акс ҳолда, биз келажак авлодга кучли, озод ва обод Ватанни эмас, бал­ки халқнинг руҳи- дили бир-бирига бетога, шу туфайли қатор муаммоларга ботган, пароканда, маънавий зиддиятлар авж олган, бинобарин, заиф ва қарам бир ўлкани қолдирган бўламиз.

  Аллоҳ таоло барчаларимизни миссионерлик ва шунга ўхшаш ғараз ниятли кимсаларнинг кирдикорларидан оқибатини тушунган ҳолда сақланишлигимизни насиб этсин.

 

Б.Хакимов,

Шайх Гадой Селкин жомеъ

 масжидининг имом  хатиби

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 31.03.2017,   Кўрилган: 232   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.