» » НАВОИЙ ШАҲРИГА НЕГА АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИ БЕРИЛГАН

НАВОИЙ ШАҲРИГА НЕГА АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИ БЕРИЛГАН

Қизилқум бағрида виқорла ястаниб турган Навоий вилояти истиқлолимиз туфайли мамлакатимизнинг ҳар томонлама юксалган вилоятларидан бирига айланди. Навоийга ташриф буюрган сайёҳлар, меҳмонлар баъзан бу шаҳарга нима сабабдан мутафаккир шоир Алишер Навоий номи берилиши билан қизиқишади. Маълумки, 1950 йилларнинг ўрталарида бу заминдан топилган катта ҳажмдаги уран, олтин конлари йирик саноат корхоналарининг қурилишига сабаб бўлган. Ўша пайтларда вилоят раҳбарларидан бўлган Аҳмадали Ризаевнинг ёзишича 1957 йилнинг охирларида юртимизга Москвадан СССР Геология вазири Андропов ва Ўрта машинасозлик вазири Е.Славскийлар  келишган. Карманадаги туман партия қўмитасининг боғида уларни республика партия қўмитаси сар котиби Н.А.Муҳиддинов вилоят котиби А.Ризаев, туман котиби С.Дадабоевлар кутиб олишган. Москвадан келган меҳмонлар Кармана шаҳрининнг жанубий тарафидан янги шаҳар қурилиши тўғрисида маслаҳатлашиб, бу шаҳарга рус-совет шоири В.Маяковский номини бериш тўғрисида  таклиф киритишган. Шунда Н.А.Мухиддинов меҳмонларга қарата, "Инсон ақл-заковати, меҳнати ва бунёдкорлиги билан бу ерда шаҳар пайдо бўлади, оби-ҳаёт олиб келиб, янги боғ-роғлар, чиройли уйлар қурамиз. Бизнинг мутафаккир бобомиз Алишер Навоий  чўлларни обод этиб, сув чиқариб, шаҳарлар барпо бўлишини орзу қилиб, ўз асарларида Фарҳод сингари қаҳрамонлар образини яратган. Келинглар, ушбу улуғ бобокалонимизнинг орзуларини рўёбга чиқариб, унинг номини шу янги шаҳарга берсак",- деб, ўтирганларга фикрини тасдиқлатган. 

    Орадан  бир оз вақт  ўтиб, 1958 йилнинг4 сентябрида Карманада катта мажлис чақирилиб, янги шаҳар бунёд этилиши тўғрисидаги ўша пайтда Ўзбекистон Олий Совети раиси бўлган Ш.Рашидов имзолаган фармон ўқиб эшиттирилган. Кармана шаҳар ижроия қўмитаси ходими О.Раҳмоновнинг айтишича, ушбу йиғилишда Н.А.Мухитдинов сўзга чиқиб, шаҳарга бобомиз Алишер Навоий номларини қўйсак деганида, йиғилган халқ гулдурос қарсак чалиб, маъқуллашган. Шундай бўлиб бир фидоий инсоннинг журъатли сўзи билан жонажон шаҳримизга мир Алишер Навоий ҳазратларининг номи берилган.

 

Navoiy.uz  сайтидан олинди.

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 05.11.2014,   Кўрилган: 689   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.