» » Ислом дини ва террор бир-бирига зиддир

Ислом дини ва террор бир-бирига зиддир

  Инсоният тарихи жараёни­да террорчиларнинг на диний, на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлган сохта “ғоялари” ва бу йўлдаги қонли фожиаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегу­ноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.

Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражадаги ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда.   Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўл (ёки қилинаётган иш)лари бир хил: одамларнинг тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш.

  Минг афсуски, XXI аср ҳам инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Айниқса, баъзи шахс ва гуруҳлар то­монидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томони­дан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз ҳаракатларини оммавий шаклда ташкил этолмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида террор йўли танланмоқда.

“Ислом” ва “террор” сўзларини бирикма-ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балкибирон-бир дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, ис­лом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган.

  Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқлик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”

Шубҳасиз, бугунги омма­вий ахборот воситаларида тез-тез учраб турган “ислом терроризми” ҳақидаги даъ­волар, “яхудий терроризми” ёки “христиан терроризми” тушунчалари каби нотўғри ва асоссиздир. Террорчи гуруҳларнинг авваламбор номлари, уларга аъзо бўлган кимсаларнинг исмлари ҳеч қандай ҳақиқат ва аслиятни ифода этмайди. Зеро, исломда ҳам бошқа динлар ка­би террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ.

  Ҳозирда “террор” деб аталаётган ҳаракатлар аллақачон исломда “улкан гуноҳ” деб белгилаб қўйилган. Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқҳаракат эканини кўради.

  Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шафқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам авф этиб, уларга омонлик беришлари нафақат у зотнинг, балки, ислом динининг руҳида кечиримлилик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунаси мужассамлашганини ифодалайди.

  У зот ҳаётига суиқасд қилишга уринган Ҳаким ибн Хизомнинг ҳаракати ўз исботини топгач ҳам бағрикенглик билан кечириб юборганлари ёки суюкли амакилари бўлган Хамза ибн Абу Толибни ўлдирган ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, ҳар иккаласини ҳам авф қилишлари исломнинг негизида раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ётганини кўрсатади. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: “Авфни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!” кўрсатмасининг амалдаги исботидир.

  Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатьий ҳаром қилган. Бунда уша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто, уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган роҳибларни ўлдириш, шунингдек, уй-жой, иморат ва иншоотларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки, экинзор ва дарахтларнинг йўққилиниши қатьий тақиқланган. Бунинг акси улароқ, исломий “либос”ларга бурканган бузғунчи террорчилар эса ўз ғаразлимақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларини амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, аёллар, кексалар ҳатто, ёш болалар ҳам террор қурбонига айланишмоқда.

  Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлган урушлардан бирида душман томонидаги бир аёлнинг ўлдирилгани у зотни жуда ҳам ғазаблантирган эди. Набий алайҳиссалом: “Мен сизларниаёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир у урушмаган эдику!”, деб бу иш содир бўлганлигидан афсусланган ва уни амалга оширилишини қоралаган эканлар. Демак, у зот ҳарбий ҳолатда ҳам барча инсоний ва маданий тамойилларни мана шундай ҳимоя қилган.

  Шубҳасиз, исломда бегуноҳ инсоннинг қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Террор каби ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қатъий эътиқод қўйгани ҳақида сўзда қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмокда.

  Бугунги кунда турли доиралар манфаати йўлида маълум бир гуруҳ ёки оқимлар ғояларига мутаассибона ёндашиш оқибатида минглаб инсонларнинг қонини тўкаётган, таълим даргоҳларини устоз ва ўқувчилари билан бирга ёндириб, портлатиб юбораётган, масжидда ибодат учун тўпланган мусулмонлар ўртасида кўпорувчилик содир этаётган шахслар энг катта зулм қилаётган кимсалар бўлиб, нафақат мусулмончилик, балки инсоний қиёфасини йўқотганлиги билан тавсифлаш ўринлидир. Улар ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишини билдирсаларда, қандай қилиб шариат қоралаган амалларни бажармоқда?

  Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто, уруш ҳолати бўлган пайтда ҳам душман томонни огоҳлантирмай, тўсатдан уруш ёки босқинчилик қилмаган, фақатгина уруш майдонига қўлига қурол олиб кирган кимсалар билангина жанг қилган эдилар-ку?!

  Террорчилик ҳаракатларига фатво топиб бераётганларнинг фикрича, дунёвий давлатда яшаб, мусулмонман деганларнинг ҳаммаси кофир бўлса, мусулмон деб кимни айтиш мумкин?! Уларнинг йўлидан юрганларними?

Усома ибн Зайд ибн Хориса розияллоху анҳу бир жангда иймон калимасини айтган одамни “ўлимдан қўрққанидан қутилиб қолиш учун айтяпти” деган ўй билан ўлдирганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам қаттиқ хафа бўлиб, унинг ҳаракатига қатъий эътироз билдирган эканлар. Сабаби, унинг гумон билан қилган даъвоси мутлақо асоссиз бўлган. Чунки, қалбнинг эгаси фақат ва фақат Аллоҳ бўлиб, исломда кишиларни айтган сўзларига эътибор қилиниши белгиланган.

  Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси кудсийда Пайғамбар алайҳиссалом ноҳаққон тўкиб, зулм қилган шахслар тўғрисида шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло: “Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!”

  Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, Ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

 

Б. Хакимов,

“Шайх Гадой Селкин”

жомеъ масжидининг имом хатиби

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 26.09.2017,   Кўрилган: 174   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.