» » Рақамлаштириш– одил судлов самарадорлиги воситаси

Рақамлаштириш– одил судлов самарадорлиги воситаси

 

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда суд ҳокимияти органлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш соддалаштирилди, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ижобий ютуқларга эришилди. Бунинг натижасида фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларнинг судга бўлган ишончи янада мустаҳкамланиб, қонунийлик мустаҳкамланди ва иқтисодиёт янада ривожланди.

Бу эса амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки эмас, балки халқ манфаати йўлида олиб борилаётганлигини кўрсатиб турибди.

Албатта, бу борада сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6034-сон ҳамда 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сон Фармонлари ҳам муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда аҳоли сони кундан кунга ўсиб бормоқда, иқтисодиёт ривожланмоқда, давлатимизнинг очиқлик сиёсати натижасида инвесторларнинг юртимизга бўлган ишончи ортмоқда ва мустаҳкамланмоқда, тадбиркорларимиз эса имкон қадар ўз маҳсулотларини чет эллларга экспорт қилишмоқда, бу борада фуқаро ва тадбиркорлар ўртасида турли кўринишдаги муносабатлар ўрнатилмоқда. Мазкур жараёнда эса айрим ҳолларда фуқаролик, оммавий ва бошқа ҳуқуқий муносабат иштирокчилари ўртасида низолар келиб чиқиб, мазкур низоларни суд йўли билан ҳал этиш ва судга мурожаат қилиш зарурати пайдо бўлмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур низоларни ҳал қилиш мақсадида даъво аризалари билан судларга мурожаат қилиш кўрсаткичлари ортиб бормоқда.

Албатта, бугунги кунда ҳар бир инсон ёки тадбиркор учун энг қимматли жиҳатлардан бири – бу вақтдир. Айни шу боисдан ҳам шахсларнинг турли сабаблар билан судда кўпроқ вақт давомида кутиб қолиши уларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, низоларни ҳал қилиш юзасидан судларга мурожаат қилиш кўрсаткичларининг кўпайиши судларда иш ҳажмининг ортишига ҳамда ўз навбатида ишларни кўриб чиқиш муддатлари ва вақтини чўзилишига олиб келади.

Шундай экан, бугунги кунда судда иш юритишнинг асосий мақсади ҳам судга мурожаат қилган ҳар бир шахснинг қимматли вақтини олмасдан туриб, унинг масаласини ўз вақтида кўриб чиқишга, бунда самарали восита ва усуллардан, хусусан замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш орқали мурожаатларни тегишли тартибда қабул қилишга ва фуқароларнинг турли кўринишдаги сарсонгарчиликларини олдини олишга қаратилмоқда.

Мазкур мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ–3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги алоҳида аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, айни вақтда замонавий ахборот технологиялари ҳамда рақамлаштиришданкенг фойдаланган ҳолда судда иш юритишни янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини ошириш зарурати юзага келмоқда.

Бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилаётганлиги боис судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилмоқда.

Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинганлиги жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Хусусан, мазкур Қарор билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш; судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш; махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш; суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш; суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланди.

Шунингдек, ушбу Қарор билан 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб боришни ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантиришни; 2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлашни; 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилишни; 2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этишни; 2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйишни; 2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилишни; судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилашни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Албатта, мазкур ўзгаришлар ва имкониятлар судга мурожаат қилишни янада осонлаштиради ва соддалаштиради ҳамда фуқароларнинг бу борадаги турли кўринишдаги қийинчиликларини олдини олишга, суднинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мисол учун биргина, 2019 йил давомида иқтисодий судларга 2.699 та электрон тартибда даъво аризалар ва илтимосномалар келиб тушган бўлиб, Навоий вилоят, туманлараро (туман) иқтисодий судлари томонидан 2019 йилда жами 619 та суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилган. Ушбу видеоконференция суд жараёнларида 1.351 нафар вакиллар жойидан туриб иштирок этиб, уларнинг тахминан 221,7 млн. сўм маблағлари тежалган. Бундан ташқари, 2020 йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида жами 117 та суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилган бўлиб, ушбу суд жараёнларида 302 нафар вакиллар ўз вилоят (туман)ларида иштирок этган ҳамда уларнинг тахминан 75,4 млн. сўм маблағлари тежалган. Эндиликда мазкур Қарор билан суд иш юритишларига замонавий ахборот технологиялари ва рақамлаштиришнинг янада кенгроқ жорий этилиши муносабати билан бу борада янада юқори кўрсаткичларга эришилади.

Бундан ташқари, Қарорда 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улашни;судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юборишни;муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олишни;судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишишни;судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олишни назарда тутувчи Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқланган ҳамда Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу Қарор билан 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш; суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш имкониятларини берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилади.

Шу билан биргаликда мазкур қарор билан Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг 2022 йил 1 январдан бошлаб Судьялар олий кенгашига судьялар, судьялик лавозимларига номзодлар томонидан электрон мурожаат қилиш, суҳбат жараёнида бериладиган саволлар ва вазифаларни ахборот тизими ёрдамида автоматлаштирилган ҳолда танлаш;Судьялар олий мактабига унинг расмий веб-сайти орқали ариза ва мурожаатларни йўллаш, профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини электрон тарзда шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилган.

Юқорида қайд этилган вазифалар ва чора-тадбирлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам муҳимдир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатнитаъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса судьялар зиммасига ўта муҳим вазифа – одил судловни Конституция ва қонунларимиз ҳамда адолат тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш юклатилади.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”.

 

Лутфулло Тошмуродов

Навоий вилоят иқтисодий суди судьяси,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

 

Шерзод Ғофуров

 

Кармана туманларароиқтисодий суди судьяси 

Muallif:admin,  Qo‘shilgan sana: 09.09.2020,   Ko‘rilgan: 98   Chop etish
Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda xato matnni belgilab, CTRL + ENTER tugmasini bosing va sayt ma'muriga xabarnoma jo‘nating.