» » Онлайн таълим анъанавий таълимга жиддий рақобатчи сифатида майдонга чиқди

Онлайн таълим анъанавий таълимга жиддий рақобатчи сифатида майдонга чиқди

Хатирчи туман халқ таълими бўлими тизимида бугунги кунда 88 та умумтаълим мактабларида 33202 нафар ўқувчиларга 4372 нафар педагоглар таълим тарбия бериб  келмоқда. Умумтаълим мактабларини 2019-2020 ўқув йилида жами 5879 нафар ўқувчилар битиришди. Битирувчиларнинг 2956 нафарини 9-синф, 2923 нафарини 11-синф ўқувчилари ташкил этади. Битирувчи   9-синфлардан 126 нафари имтиёзли шаҳодатнома билан битирган бўлса, 11-синф битирувчиларининг 3 нафари кумуш, 32 нафари олтин медаллар билан умумий ўрта таълим мактабларини имтиёзли равишда тамомлади.

        2019-2020 ўқув йилида ўқувчиларни барчаси 100 % дарслик билан таъминланди. Маҳалла ва мактаб,  ота- оналар қўмитасининг тавсиясига асосан  2260 ўқувчига ижара дарсликлар бепул тарқатилди.

Кутубхоналар учун  жами 8029 дона бадий адабиётлар  тарқатилди.

2019-2020 ўқув йилидабу кўрсаткични кўтариш мақсадида умумий ўрта таълим мактабларида ҳар бир фандан тўгараклар фаолиятига эътибор кучайтирилди, қуйи синфлардан бошлаб ўқувчини  тўгаракларга  қамраб олиш,  болани  қўшимча шуғуллантириш  мақсадида ота-оналар мажлисларида кенг тушунтириш ишлари, мактаб-маҳалла-оила  концепцияси доирасида ишларини амалга оширишга эътибор қаратилди.  Бундан ташқари “CREATIV SCHOOL” нодавлат таълим маркази билан ҳамкорликда 10-11 синф ўқувчилари учун олий таълим муассасаларига тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида синов тестлари ўтказиш учун мактаб ЎТИБЎлари ўртасида тарғибот ишлари олиб борилди. Синов тестини ўтказиш режа графиги ишлаб чиқилиб,  февраль ойида  туман бўйича худудларда график асосида тестлар олинди.

  2020 йил март ойидан бошлаб республикамизда карантин тартиби ўрнатилиб, масофавий таълимга ўтилганлиги муносабати билан, 11-синф битирувчиларининг ОТМларга тайёргарлигига назорат қилиш, кўмаклашиш,  амалий ёрдам бериш мақсадида телеграм гуруҳларда фан ўқитувчилари томонидан масофавий таълим беришга, битирувчиларнинг танлаган таълим йўналиши бўйича билим даражасини текширишга алоҳида эътибор қаратилди. “CREATIV SCHOOL” нодавлат таълим маркази томонидан, давлат тест маркази томонидан  бепул онлайн тестлар тақдим этилиб, билим даражаси назорат қилиб борилмоқда.

         Умумий ўрта таълим мактабларининг 9-,10-,11-синф ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича фан олимпиадасининг 2-туман босқичи 2020 йил 7-8-январь кунлари ўтказилди.   

         Олимпиаданинг туман босқичида жами 2246 нафар ўқувчи иштирок этиб, фанлар кесимида 115 нафар ўқувчилар ғолибликни қўлга киритди.

Ғолиб ўқувчилар олимпиаданинг 3-вилоят босқичида иштирок этишларига буюртмалар шакллантирилиб берилди.

Асосий фан олимпиадасининг II-босқичи маълумотлари “Онлайн олимпиадаларни ташкил этиш ва иқтидорли ўқувчилар заҳирасини  шакллантириш” ахборот тизимига жойлаштирилди. 

 

 

“Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси доирасида 3 нафар ўқувчиларимиз биринчи босқич ўқувларини тугатиб махсус сертификатни қўлга киритишган бўлса, 17 нафар ўқувчи ҳамда 18 нафар ўқитувчиларимиз рўйхатдан ўтиб йўналишлар бўйича ўқишни давом эттиришмоқда.     

 Бутун дунё ҳамжамиятини саросимага солиб қўйган “Ковид-19” пандемияси туфайли мамлакатимизда эълон қилинган карантин натижасида барча таълим муассасаларида оммавий тарзда масофали ўқитиш тажрибасини қўллашга тўғри келди. Икки ойдан ортиқ вақт мобайнида Халқ таълими вазирлиги ҳамда республика миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган онлайн дарслар орқали ўқувчиларга масофавий таълим берилди. Туманимиз таълим тизимида ҳам бу жараённинг самарали амалга оширилишига катта эътибор қаратилди.

 Ҳозирда туман халқ таълими бўлимининг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқларда расмий каналлари, шунингдек, тумандаги умумтаълим мактаблари билан локал ҳужжатлар алмашиш учун телеграм мессенжери орқали ташкил этилган гуруҳлар тизимли ишлаб турибди. Бундай воситалар орқали халқ таълими бўлими, мактаблар маъмурияти ва ўқитувчиларнинг ўзаро мулоқоти учун шароитлар яратилган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда эълон қилинган карантин таълимда инновацион технологияларни қўллаш учун бир синов даври бўлди десак, хато бўлмайди. Ўз ўрнида, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг АКТдан унумли фойдаланиш, масофавий таълимда ишлаш учун, маълум маънода, рақамли саводхонлигини ўсишига олиб келди. Чунки, истаймизми-йўқми, жаҳон тажрибасидан кўриниб турибдики, онлайн таълим анъанавий таълимга жиддий рақобатчи сифатида майдонга чиқмоқда. Бундан ташқари, ота-оналарнинг ўз фарзандлари билан индивидуал ишлашига, ўзаро кўпроқ мулоқот қилишига, дарс тайёрлашга кўмаклашиш давомида бу касбнинг нақадар машаққатли эканлигини тушунишларига ҳам сабабчи бўлди, десак янглишмаймиз.

Аммо тан олиш керак, масофавий таълим жараёни бир қатор муаммолардан ҳам холи бўлмади. Жумладан, интернет технологияларидан фойдаланиш учун педагоглар ва ўқувчиларнинг барчасида ҳам билим етарли эмаслиги, айрим ҳудудларда интернет тезлигининг пастлиги ёки интернетга уланиш имкониятининг йўқлиги, таълим олувчиларда масофавий ўқиш учун техник воситаларнинг (компьютер, ноутбук, гаджетларнинг) мавжуд эмаслиги ва бошқалар. Шубҳасиз, бундай ҳолат таълим сифатига ва барча ўқувчиларни таълимга бирдек қамраб олишга таъсир этмасдан қолмади. Бугунги кунда бундай муаммоларнинг олдини олиш бўйича ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат“ уюшмаси ҳамда Хитойнинг Weidong Cloud Education компанияси электрон таълим тизимида қўллаш учун компьютер ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида келишув имзолади. Мазкур ҳужжат ўқитувчиларимизга компьютерларни арзон ва лизинг орқали узоқ муддатда бўлиб тўлаш имкониятини беради. Қолаверса, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 май куни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича йиғилишда соҳа мутахассисларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Йиғилишда келгуси ўқув йилида “1 миллион дастурчи” лойиҳасига 47 минг нафар ўқувчини қамраб олиш, соҳага замин яратиш учун мактабларда 7-синфдан бошлаб дастурлаш асосларини ўқитишни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Маълумки, ҳар йили март-июнь ойларида педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш жараёнлари ташкил қилинмоқда. Жумладан, жорий йилда вилоятлардаги олий ва биринчи малака тоифалари ҳамда бош ва етакчи ўқитувчи лавозимларига талабгор педагогларни малака синовларини реал вақт режимида ва онлайн тарзда 25 мартдан 10 апрелга қадар ўтказиш белгиланган эди. Коронавирус пандемияси туфайли бундай малака синовларини республикадаги эпидемиологик вазият барқарорлашгандан кейин ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, педагогларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, жорий йилда амал қилиш муддати тугайдиган малака тоифаси тўғрисидаги сертификатларнинг амал қилиш муддати 31 декбрга қадар узайтирилди.

Бу йилги педагог кадрлар аттестациясида педагоглар учун навбатдаги (мажбурий) ва ўз аризаларига кўра муддатидан илгари қатнашаётган педагоглар бир вақтда, яъни жорий йилнинг март-июнь ойларида ўтказилиши белгиланган эди. Улар учун қулайликлар яратиш мақсадида барча ўқув фанларидан аттестациялар онлайн тарзда ташкил этилади. Ушбу жараёнларда туманимиздан жами 1473нафар педагог ходимлар иштирок этиш учун ариза топширган бўлиб, 240 нафар педагог олий тоифани олиш учун, 556 нафар педагог биринчи тоифани олиш учун, 677 нафар педагог иккинчи тоифани олиш учун иштирок этадилар.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда эълон қилинган қисқа муддатли карантин туфайли ташкил этилган онлайн таълим келажакда масофавий таълимни янада ривожлантириш борасида қилиниши керак бўлган ишларни таҳлил этишга имкон яратди. Қолаверса, рақамли иқтисодиётни соҳага жорий этиш, педагогларимизнинг бу борадаги малакаларини ошириш ва таълим беришнинг инновацион услублари яратишда эксперимент вазифасини ўтади, десак адашмаймиз.

 

 

                        Хатирчи тумани халқ таълими бошлиғи ўринбосари М.Мухторов

                                                                                   ХТБ Ахборот хизмати

Муаллиф:admin,  Кушилган сана: 23.07.2020,   Кўрилган: 44   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.