» » Хатирчи туман ҳокими Ғ.Алиевнинг туман аҳолисига қайта МУРОЖААТИ

Хатирчи туман ҳокими Ғ.Алиевнинг туман аҳолисига қайта МУРОЖААТИ

 

Азиз тумандошлар!

Ҳаммага маълумки, Республикамиз миқёсида эпидемиологик вазият кескинлашиб коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг сони ошиб кетаётганлиги, улар орасидан ўлим ҳолатларини нисбатан кўпайганлигини инобатга олиб, Республика комиссиясининг 11 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда 13 июлдан 1 августга қадар аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида қўшимча карантин чекловлари жорий этилди. Мазкур қарорга мувофиқ мамлакатимиз аҳолисига ҳар шанба ва якшанба кунлари “ўзини-ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш тавсия этилди. Туманда 18-19 июль дам олиш кунлари автотранспорт воситалари қатнови ва аҳолининг ҳаракати тўлиқ тўхтатилди.

Ушбу карантин қоидаларига виждонан тўлиқ амал қилиб, нафақат дам олиш кунлари, балки ҳар кунлик ҳаракатни чеклаётган тумандошларимизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу чекловлар орқали туманимизда эпидемиологик вазиятни янада барқарорлаштиришга ўз ҳиссамизни қўшсак ва  жиловлай олсак, барчамиз учун, қолаверса яқинларимиз учун хавфсизлигимизни таъминлай олган бўламиз, деб биламан.

Қолаверса, бугунги мураккаб вазиятда «Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!» деган шиорга амал қилиб яшашимиз, зарурат бўлмаса, умуман кўчага чиқмасликка ҳаракат қилишимиз лозим.

Сизлардан илтимосим шуки, “ўзини-ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйингизда қолишингиз, бу орқали ўзингизни ва оила аъзоларингизни ушбу хавфдан асрашингизни сўрайман.

Бу орқали коронавирусни енгиш, пандемиядан камроқ талофот билан чиқиш мумкин ва бу ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Барчамиз белгиланган санитария-гигиена қоидаларига амал қилсак, айтилаётган тавсияларни бажарсак, хавфдан холи бўламиз. Айниқса, ёши улуғ кишилар, бошқа хасталиклар билан оғриган беморларни асрашимиз, уларнинг саломатлигига ҳар қачонгидан ҳам эътиборли бўлишимиз лозим.

Тўғри, коронавирус хавфли инфекция, ҳозирча бунга қарши вакцина топилмади. Аммо жонкуяр шифокорларимиз томонидан айтилаётган тавсияларга амал қилинса, санитария қоидаларига риоя этилса, касаллик юқишидан ҳимояланиш, хасталикни даволаш мумкин.

Ҳурматли тумандошларим, муҳтарама онахонлар, пиру бадавлат отахонлар, ака-укалар, опа-сингилларим!

 Туманимизда эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларни мураккаб вазиятларда қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказининг “Колл–центр” маркази ўз фаолиятини йўлга қўйган.

Бундан ташқари, туманда аҳолига “ТИББИЙ МАСЛАҲАТ БЕРИШ” маркази ҳам ўз фаолиятини бошлади. Туманимиз аҳолисини ижтимоий ва  тиббий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга тиббий  профилактик ёрдам кўрсатиш, “COVID-19” коронавирус касаллиги белгилари пайдо бўлганда зарур маслаҳат ҳамда ахборот беришга қаратилган “Маслаҳат маркази”нинг 79. 544 99 99, 544 99 98 “ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ” рақамлари туну - кун узлуксиз равишда фаолият кўрсатмоқда.

         Азиз тумандошлар!

Қайта мурожаатим сўнгида Сизлардан шуни яна бир бор илтимос қиламанки, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилиши, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ва бошқа инсонларнинг ҳаётига хавф туғдирмаслиги лозим. Бу учун ҳар биримиз ўзимизда жавобгарлик ҳиссини, шахсий масъулиятни уйғотишимиз ва  тумандошларимиз, пиру бадавлат отахонлар ва муҳтарама онахонларимиз, ака-укалар ва опа-сингилларимиз, жондан азиз ўғил-қизларимизни асраб-авайлашга масъул эканлигимизни яна бир бор унутмаслигимиз лозим.

         Айни пайтда ушбу жиддий вазиятда ҳеч бир фуқаронинг бепарво бўлишга, ғафлатда қолишга ҳаққи йўқ, деб уйлайман.

 

Синовли ушбу кунларда Сизларга мустаҳкам ирода, куч - қувват ва соғлик - саломатлик тилайман. 

Муаллиф:admin,  Кушилган сана: 21.07.2020,   Кўрилган: 61   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.