» » “Хатирчи тарихи ва жой номлари маъносини биласизми?”

“Хатирчи тарихи ва жой номлари маъносини биласизми?”

“Мозийга бир назар”

Туманимиз маркази Искандар Зулқарнайн замонида Паракент (грекча-туркча ён, чет қишлоқ, яъни дарё ёнидаги), араблар истилоси даврига келиб Фарангкент ( чунки арабчада “п” ҳарфи, товуши ишлатилмайди), Соҳибқирон Амир Темур ҳукмронлиги давридан XVII асргача Фарохин қишлоғи, қаъласи деб юритилган.

Туман марказида яшаб ўтган, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида фаол иштирок этган шахслардан бири, раҳматли Мирзаазим Абдиқодировнинг шахсий архивидан чиққан бир ҳужжатда Хатирчининг номланиши 1677 милодий йилдан бошланади дейилади.

“Хатирчи” атамасининг биз ўрганган, изланган тарихий адабий-бадиий  манбаларда илк бор учраши, бундан қарийб 30 йил муқаддам, ўзбек халқининг истеъдодли шоири, шеърият мулкининг султони бўлмиш Алишер Навоийдан кейинги улуғ вакили Бобораҳим Машрабнинг 1697-1709 йиллар орасида Хатирчида бўлиши ва бу ерда “авлиё  Гадоий Селкин ота мақбарасини зиёрат қилиши” тилга олинган.

Тарихнавис адиб Миркарим Осим “Синган сетор” қиссасида: “...Тупроғи кулранг бўлса ҳам замини серунум экан- деди теварак-атрофга, узоқдаги тоғларга назар ташлаб келаётган Машраб.- Билурмисан бўл серҳосил водийнинг номини. Э. Пиримаст ..., ...-Сен билмасанг мен айтай: Миёнқол! Қовуннинг ширини, узумнинг сараси шул водийда етиладур. Қорадарё билан Оқдарё оралиғидаги бу водийнинг тупроғи узоқдаги тоғлар ва чўллардан учиб келган гардлардан ҳосил бўлган”.  Биз бу сўзларга қўшимча қилиб, ана шу иккала дарёдан сув ичадиган теварак-атрофни ҳам Миёнқол деган бўлардик. Негаки, тарихий ҳужжатларда бундай жойлар Миёнқол деб кўп марта қайд этилган.” Ана  шу оралиқ  ниҳоятда обод, серсув экинзор бўлиб, бу ерда Хатирчи, Пайшанба, Қалъаи Дабусия каби кўпгина қишлоқ ҳамда шаҳарлар бўлган...”

    Шунингдек, Миркарим Осим юқорида тилга олинган қиссада Бобораҳим Машраб Хатирчида бўлиб, Қосим Шайх қабрини кўрганини  айтади. Қосим Шайх қабрлари эса Карманада. Энди хатирчилик  Қосим Шайх  бисотини ўқиб ўрганиш, у кишининг жасадлари оройиш топган жойни аниқлашимиз лозим.  Ҳазрати Гадой Селкин ота эса ахлоқ ва тасаввуфни ўзида мужассамлаштирган Нақшбандия тариқатининг асосчиси Шайх Баҳовуддин Балогардоннинг шогирдлари бўлганлар. Хатирчининг тарихи эса бевосита ана шу юқорида номлари зикр этилган улуғ алломалар , қолаверса уларга тенгдош, замондош бўлган , буюк давлат арбоби ва саркарда , соҳибқирон Амир Темур ва ундан кейинги амирликлар, хонликлар билан боғлиқдир.

Хўш, “Хатирчи ” атамасининг маъноси нима экан ? Юртбошимиз улуғ инсон Абдираззоқ хўжа ибн Абдиваҳҳоб хўжа Бадр ота томонидан тижорат ишлари,  савдо-сотиқ ва бозор муносабатлари қонун-қоидаларига бағишлаб ҳижрий 1277-78 (милодий 1861-62) йиллларда ёзилган “Китоби байъя” асарида ўзлари туғилган ерни “жойи мавлудаш қишлоғи Қорача аз шўбаи  Хатирчиги бехатар”деб тилга олганлар. Бундан ташқари кекса кишиларнинг оғзаки ҳикояларига  асосланиб, баъзи бир тарихий воқеалар, географик ва биологик тадқиқотларга асосланиб шуни дадил айтиш мумкинки, бу ном-“Хатарчи”- “Хатарли”  сўзининг даврлар ўтиши билан талаффуз тарзининг ўзгариши туфайли ҳозирги ҳолатга етиб келган кўринишидир. Негаки, бу жой ўрни , аниқроғи туман марказининг Мустақиллик ва айниқса Самарқанд кўчаси (олдинги Эркаш Қурбонов кўчаси) нинг жанубий томонлари ўрнида 80-100 йиллар аввал ботқоқлик, қамишзор, тўқайзор ҳамда чакалакзорлар бўлиб, унда ёввойи  ҳайвонлардан тўнғиз, бўрсиқ, бўри, тулки, тўқай  мушуги, қоплон ва  ҳатто  Туркистон йўлбарси ҳам учраши мумкин эди. Бу, биринчидан.

Иккинчидан, баъзи йиллари  баҳор эрта ва иссиқ келиб, қор ва музларнинг тез ва кўплаб эриши оқибатида Оқдарё ва Қорадарёда сув тошқинлари бўлиб,икки дарё қўшилиш жойи ўзанини ўзгартириб бу масканга сув босиш хавф-хатари борлиги таҳликасини солиб турган.

Биз юқорида тилга олганимиз марҳум Мирзаазим Абдиқодировнинг хотираларида шундай сатрлар бор:”1912 йилда мен 17 ёшли пайтимда 100 ёшга кирган Эргаш ҳожи бобо ҳикоя қилгандилар. 1870 йилда Зарафшон дарёсида сув тошқини 22 кун давом этган. Хатирчи марказидаги чармгарлик гўзаригача сув келган( ҳозирги Самарқанд кўчаси),  маҳаллий ҳокимлар шаҳар дарвозаларини беркитишган. Хатирчи – арпай йўлидаги Оқдарё  ва Қорадарёдаги иккита кўприкни ҳам сув олиб кетган, аммо шаҳарга сув кирмаган экан. Бундан ташқари 1909, 1913, 1916, 1936  ва  1969 йилларда ҳам сув тошқинлари бўлган ва шаҳар яқинига келиб йўл  ва  кўприкларни бузиб кетган”. Қадимда Хатирчи шаҳрида 5 та дарвоза бўлган ва уларнинг биттаси “Сув дарвозаси”  деб юритилган.   Бу бежиз эмас экан, айни дарё томонга қараган дарвозанинг номи шундай бўлган.  Қолган дарвозалар Парахин дарвоза, Бозор дарвоза, Араб дарвоза ҳамда Сайилгоҳ дарвозалар деб юритилган.

Яна бир фараз бор. Буюк ипак йўлининг бир  тармоғи туманимиздан ўтган, Амирлар, хонлар ва йирик савдогарлар ўз сарбонлари ҳамда карвонбошиларига Хатирчига кирмай четлаб ўтишни кўрсатма беришган. Сабаби бу ердаги табиий шароит қароқчиларига яхшигина макон бўлган.Улар карвонларни талаб, тўқайзорларга яширинишган дейилади, қариялар ривоятларда.

Бугун эса юқорида келтирилган хавф-хатарлардан нишона ҳам йўқ. Инсон қўли , қадами теккан жой ҳамиша обод бўлган, чирой очган. Хатирчи ҳам ана шундай гуллаб –яшнаётган гўшалардандир. Зеро, бу заминда Баҳовиддин Нақшбанд, Амир Темур, Улуғбек, Бобур Мирзо, Шайбонийхон, Шоҳ Машраб қадамжолари бор. Бу Файзулла Хўжаев, Усмон Юсупов, Шароф Рашидов, Йўлдош Охунбобоевлар назари тушган макон.

Оқдарё билан Қорадарёнинг туташиб Зарафшондай улуғ дарёнинг қайтадан бошланадиган жойи ҳам шу заминда. “Зарафшон”  сўзининг туб маъноси эса форс-тожик тилида “Олтин элтувчи дарё” деганидир. Қадим вақтларда одамлар қўй териларидан юнги ичкарига қаратиб тайёрланган махсус қоп шаклидаги тўрлар ёрдамида Зарафшон сувларидан олтин зарралари, ундан ҳам олдин эса бу водийнинг деҳқонлари далалардан мўл-кўл ҳосили олишган

 

Тарихчи Раҳмон Холмуродовнинг “Хатирчи тумани” китоби маълумотлари  асосида тайёрланган.                                                                               Хатирчи туман ҳокими маслаҳатчиси С.Нарзиева                                      

 

 

Муаллиф:admin,  Кушилган сана: 10.06.2020,   Кўрилган: 78   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.