ТАБИАТНИ АСРАЙЛИК!

ТАБИАТНИ АСРАЙЛИК!  Она  заминимизга  инсон фаолиятининг таъсири унинг таниб  бўлмас даражада ўзгариб боришлигига  сабаб  бўлмоқда. Инсоннинг  хўжалик  фаолияти  табиат  учун зарарли  бўлиб, сўнгги йиллар  давомида  кўплаб  ўсимлик ва  ҳайвон турларининг  йўқолишига  сабаб  бўлмоқда.  Кимё  фани  у  ёки  бу моддаларнинг  атмосферада, сувда, тупроқда, инсон танасида  ўзини қандай тутишини тушунтириб беради. Кимёвий  билимлар табиат муҳофазаси, унинг ресурсларидан оқилона  фойдаланиш ва  атроф-муҳитга эҳтиёткорлик  билан таъсир кўрсатиш ҳақидаги  билимларнинг ажралмас қисмидир. Кимё борлиқдаги тирик ва тирик бўлмаган табиатни узвий боғловчиси ҳисобланади.

  Инсон ҳаёти, унинг соғлиги  ишчанлик  қобилияти атроф-муҳит ҳолатига кўп томонлама боғлиқ. Кўп асрлардан бери атроф- муҳитнинг инсонга ноўрин таъсир этиш омили - табиий  офатлар ёки эпидемиялар билан боғлиқ бўлиб келган эди. Ҳавонинг ифлосланиши натижасида атмосфера ҳавосида туманлар, углеводородларнинг фотокимёвий реакцияси маҳсулотлари, азот ва  озон оксидлари ҳосил бўлиши натижасида нафас олиш органларида касаллик пайдо қилади.   Қурилиш материаллари ҳамда архитектура  ёдгорликлари бузилади, кимёвий мутагенларнинг ортиши натижасида инсон организмида ноқулай мутацияларнинг ҳосил бўлиши хавфи пайдо бўлади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини ва  ўсимликни ёмонлаштиради. Атмосферанинг ифлосланиш манбаи  қора  ва  рангли металлургия корхоналари, иссиқлик  электростанциялари, автомобиль ва бошқалардир. Атмосферага ҳар  хил газлар ва  чанглар чиқарилади . Ўтган аср давомида  ёқилғи ишлатишнинг  ҳажми 10 маротаба ортди . Ҳар йили 200 миллион тоннадан зиёд углерод, олтингугурт, азот оксидлари чиқарилади. Сўнгги 100 йилда ер  юзида ўртача ҳарорат 0,5-0,6 даражага ошган.Инсоният  олдида автоуловлардан чиқадиган газлар муаммоси кескин бўлиб турибди.

  Саноат   тараққиёти ва  шаҳарлар сонининг  ошиши билан боғлиқ ҳолда сув сарфи янада ортмоқда. Шу билан бир  вақтда саноат ва  турмуш чиқиндилари билан сувнинг ифлосланиши кучаймоқда. Бу сув ҳавзаларининг табиий тозаланиш жараёнларининг бузилишига, ундаги организмларнинг зарарланишига олиб келади. Тупроқ юзасида ювилиб кетган минерал  ўғитларнинг (нитратлар, фосфатлар ) бўлиши табиий сувларга катта зарар етказади. Саноат оқова сувлари ўз таркибидаги турли хил анорганик ва  органик моддаларни тутган ҳолда сув ҳавзаларини ифлослайди. Улар таркибидаги заҳарли ва  зарарли моддаларни тозалаш асосий муаммолардан бири  бўлиб келмоқда.

  Демак шундай хулоса қилишимиз керак  эканки, яшаш жойларимизда пайдо бўладиган чиқиндиларни, барг хазонларни, ахлатлар, пластмасса идишларни  ёндирмаслик ёки сув ҳавзаларига ташламаслик, уларни махсус жойларда тўплаш ва  зарарсизлантириш чораларини кўриш лозим.    

Ўз атроф - муҳитимизни асрайлик !

 

 А.Ёрқулов,

 18-мактабининг

кимё фани ўқитувчиси  

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 17.03.2017,   Кўрилган: 652   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.