Ishonch telefoni: +998 79 544-40-10
Devonxona: +998 79 544-40-10

Вид

A
A
A

Размер шрифта

A-
A+

 Вафот этганлиги факти белгиланди

 Вафот этганлиги факти белгиланди

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида аризачи М.Элбоеванинг ўлганлик ҳақида юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш ҳақидаги аризаси 2024 йил 07 октябрь куни очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди.

Аризачи М.Элбоева судга ариза билан мурожаат қилиб, аризасида фарзанди Ш.Элбоев 1989 йилда туғилгани, 1994 йилда фарзанди Ш.Элбоев касаллиги туфайли вафот этгани, бироқ маълум бир сабабларга кўра фарзанди вафот қилганлиги тўғрисида гувоҳнома олинмасдан қолгани, Хатирчи туман ФҲДЁ бўлими 1989-27.08.2024 йил оралиғида ўлим гувоҳномаси расмийлаштирилмагани ҳақида маълумот бергани, фарзанди Ш.Элбоев Хатирчи тумани “Боғишамол” МФЙ “Манғит” қабристонига 14.03.1994 йилда дафн этилгани,  ҳозирги кунда фарзандининг ўлим ҳақида далолатнома ёзуви керак бўлаётгани, шу сабабли судга ариза билан мурожаат қилганлигини билдириб, 1989 йил 09 мартда туғилган фарзанди Ш.Элбоевнинг 1994 йил 14 март куни вафот этганлиги ҳақида юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаб беришни сўраган.

Суд мажлисида сўралган аризачи М.Элбоева аризасини қўллаб қувватлаб, айни пайтда Хатирчи тумани “Боғишамол” МФЙда оиласи билан истиқомат қилишини, фарзанди Ш.Элбоев касаллиги сабабли 1994 йил 14 март куни вафот этгани, ўғлини миллий урф-одатлар ва диний расм-русумлар асосида дафн этилганлигини, бироқ қонунларни яхши билмаганликлари сабабли ўғлини ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан қайд этилмаганлигини, у марҳум ўғлига ўлим ҳақида гувоҳнома олиш учун Хатирчи туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига мурожаат қилганлигини, бироқ Хатирчи туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан унга ушбу масала юзасидан судга мурожаат қилиши лозимлиги тушунтирилганлигини, фарзанди Ш.Элбоев Хатирчи тумани “Боғишамол” маҳалласидаги “Манғит” қабристонида дафн этилганлигини, ўғлининг ўлим гувоҳномаси унга мерос иши учун зарур бўлаётганлигини билдириб, суддан юридик аҳамиятга эга бўлган факт, яъни ўғли Ш.Элбоевнинг 1994 йил 14 мартда ўлганлик фактини белгилаб беришни сўради.

Суд мажлисида сўралган манфаатдор шахс Хатирчи туман ФҲДЁ бўлими ишончли вакили Ў.Эшимов ўз тушунтиришида, ҳақиқатдан ҳам аризачи М.Элбоеванинг 1994 йил 14 мартда вафот этган фарзандининг ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви ФҲДЁ архиви текширилганда мавжуд эмаслиги аниқланганлигини, фарзандининг туғилганлиги тегишли тартибда қайд этилганлигини билдириб, аризачининг аризасини қонуний ҳал этишни судга ҳавола этишини баён қилди.

Суд мажлисида сўралган гувоҳ З.Пирназаров ўз кўрсатмасида, аризачи М.Элбоева қўшниси бўлишини, М.Элбоеванинг фарзанди Ш.Элбоевнинг 1994 йил 14 мартда вафот этганлигини билишини, дафн маросимларида қатнашганлигини, марҳум Ш.Элбоевнинг Хатирчи тумани, “Боғишамол” маҳалласидаги “Манғит” қабристонида дафн этилганлигини баён қилди.

Суд мажлисида сўралган гувоҳ Т.Элибоева ўз кўрсатмасида, аризачи М.Элбоеванинг овсини бўлишини, М.Элбоеванинг фарзанди Ш.Элбоевнинг 1994 йил 14 мартда вафот этганлигини билишини, дафн маросимларида қатнашганлигини, Ш.Элбоевнинг Хатирчи тумани, “Боғишамол” маҳалласидаги “Манғит” қабристонида дафн этилганлигини баён қилди.

Суд иш бўйича аризачининг, манфаатдор шахс вакилининг тушунтиришларини ва гувоҳларнинг кўрсатмасини тинглаб, аризачининг важларини ишдаги мавжуд ҳужжат ва далиллар билан атрофлича муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра аризачи М.Элбоеванинг юридик аҳамиятга эга бўлган факт, яъни ўлганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризасини қаноатлантиришни лозим топди.

Аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туман ФҲДЁ бўлими томонидан расмийлаштирилган туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви нусхасидан аниқланишича Ш.Элбоев 1989 йил 09 март куни Хатирчи туманида туғилган.

Ишда Навоий вилояти ФҲДЁ архиви раҳбари М.Қулдошеванинг 2024 йил 27 августдаги 144217535-сонли маълумотномаси мавжуд бўлиб, унда Ш.Элбоевнинг ўлим ҳақида далолатнома ёзуви Навоий вилояти ФҲДЁ архивидан 1989-27.08.2024 йиллар текширилганида мавжуд эмаслиги баён этилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг
295-моддаси 4-қисмига кўра, аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 1991 йил 20 декабрдаги “Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 20-бандига кўра, судлар ўлганлик фактини аниқлашда, ўлганлик ҳолатининг ўзи (ўлим содир бўлган аниқ ҳолатлар, шунингдек ўлимнинг аниқ санаси) аниқланиши лозим. Ўлганлик факти ФҲДЁ органлари томонидан ўлимни қайд қилиш рад қилинганлиги, шунингдек шахснинг ўлимини ҳақиқатда тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлганда суд томонидан аниқланади. Суднинг ўлганлик фактини аниқлаш ишлари бўйича ҳал қилув қарорида ФҲДЁ органлари томонидан келгусида ўлим фактини қайд этиш учун зарур бўлган барча аниқ ва тўлиқ маълумотлар бўлиши керак.

Ишда мавжуд Хатирчи тумани, “Боғишамол” МФЙ томонидан 2024 йил 07 октябрь куни тузилган далолатнома мавжуд бўлиб, унда фуқаро М.Элбоеванинг фарзанди Ш.Элбоев 1994 йил 14 март куни вафот этганлиги баён этилган.

Шунингдек “Боғишамол” МФЙ “Манғит” қабристони қоровули С.Мамадиёров, фуқаролар Б.Рўзиев, З.Пирназаров томонидан имзоланган 20.09.2024 йилдаги далолатномада Ш.Элбоев 1994 йилда вафот этганлиги ва “Боғчакалон” МФЙ худудидаги “Манғит” қабристонга дафн этилганлиги маълум қилинган.

Суд иш ҳолатлари, юқоридаги қонун ва Олий суд Пленуми қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда, аризачи М.Элбоеванинг марҳум ўғли Ш.Элбоевнинг ўлими ФҲДЁ органлари томонидан қайд этилмаганлигини, Ш.Элбоев 1989 йил 09 мартда туғилиб, 1994 йил 14 мартда Хатирчи тумани, “Боғишамол” МФЙда вафот этганлиги ва “Манғит” қабристонида дафн этилганлиги ишдаги ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топганлигини инобатга олиб, аризачи М.Элбоеванинг юридик аҳамиятга эга бўлган факт, яъни Навоий вилояти, Хатирчи туманида 1989 йил 09 мартда туғилган Ш.Элбоевнинг 1994 йил 14 мартда Навоий вилояти, Хатирчи тумани, “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинида ўлганлик факти белгиланди.

 

 

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Хатирчи туман суди раиси                                                Б.Бабақулов 

Bizning telegram kanalimizga obuna bo'ling!