Аҳолининг турар жой, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар, ижтимоий хизматлар, иш ўринларига бўлган эҳтиёжига доир Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ахборотни аҳоли тўғрисидаги ишончли маълумотлар асосидагина аниқлаш мумкин.
Дунёдаги ҳар бир давлат, ўзининг аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида маълум бир белгиланган даврларда аҳолисини рўйхатга олиб боради. Кўпчилик давлатларда аҳолини рўйхатга олиш ҳар беш ёки ўн йилда амалга оширилади.
Аҳолини рўйхатга олиш — шунчаки статистика эмас,
у умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади. Бунинг натижасида нафақат аҳоли сони, балки, унинг ёши, жинси, миллий таркиби, яшаш шароити, оилавий аҳволи, маълумоти, таълим даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, бандлиги, ишсизлиги ва бошқа ижтимоий-демографик масалалар тўғрисида тўлиқ маълумотлар йиғилади.
Ушбу маълумотлар аҳолининг истиқболдаги ҳисоб-китоблари ва яқин йилларда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг устувор йўналишларини белгилаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, бу маълумотлар аввалги аҳолини рўйхатга олишдан кейин ўтган вақт давомида ушбу кўрсаткичларнинг ўзгаришлар динамикасини баҳолаш имконини беради.
Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғиладиган маълумотлар, ўз навбатида, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, таълим бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқиш имкониятини кенгайтиради.
Айни чоғда улар аҳоли пунктлари инфратузулмасини яхшилаш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда ҳам ниҳоятда қўл келади. Масалан, одамларнинг бир жойдан иккинчи жойга иш топиш ёки бошқа мақсадларда кўчиб юришлари, уларнинг бандликлари ва касблари тўғрисидаги маълумотлар бутун мамлакат ёки унинг муайян бир ҳудудида ишлаб чиқариш ва хизмат қўрсатиш соҳасини ривожлантиришни режалаштириш имконини беради.
Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш натижалари аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тақсимланишини ҳисоблашда ишлатилади, миграция ҳолатини, меҳнат ресурслари тақсимотини аниқ кўрсатиб беради.
Бу каби маълумотларнинг умумлаштирилиши натижасида Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритиш, халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар таҳлиллари учун кенг қамровли ахборотлар манбаи юзага келади.
Аҳолини рўйхатга олиш натижаларини умумлашган, яъни шахссизлантирилган кўринишда турли хил жадвалларда акс эттирилади ва улардан нафақат бутун мамлакат, балки аҳолининг турли тоифалари ва ҳудудлар бўйича ҳам таҳлил қилишда фойдаланиш мумкин.