» » “Оммавий маданият” ахлоқсизлик ўчоғидир

“Оммавий маданият” ахлоқсизлик ўчоғидир

  Тезкор ахборот воситалари ривожланиши натижасида оламдаги ҳар хил халқ ва элатлар орасида глобаллашув жараёни содир бўлаётган вақтда бутун инсоният, жумладан, халқимиз маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган турли мафкуравий таҳдидларнинг остида яшамоқда.

  Шу ўринда сиёсий глобаллашув билан тенгма-тенг ҳолатда фан, маданият,таълим ва ахлоқ соҳасидаги жараёнларни ифодаловчи ижтимоий маданий глобаллашув ҳам содир бўлаётганлигини ёддан чиқармаслигимиз зарур.

  Демак, бу ёвуз кучлар таъсирининг олдини олиш, ёшларимиз руҳиятида миллий, маънавий-мафкуравий иммунитетни кучайтириш шу юртда яшаётган барчамизнинг энг зарур вазифаларимиздандир.

Ҳозирда халқимизнинг дунёқарашига,ёшларимизнинг миллий, маънавий ва маданий ахлоқига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган мафкуравий таҳдидлардан энг хавфлиси бу “оммавий маданият”дир.

  “Оммавиймаданият” асосини маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатлари ташкил қилади. Бугунги замонавий фан “оммавий маданият”нинг туб замирида, тижорат, моддий манфаатдорлик борлигини эътироф этади.

  Тарихга назар солинса, ҳар доим товарлар билан бирга ёт мафкуралар ҳам ёйилгани маълум бўлади. Савдогарлар ўзлари билан нафақат товарларни, балки янгиликларни, динни, мафкурани, қолаверса, маданиятни ҳам ташишган.   Ана шу усул бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ ва ҳозир ҳам маданиятлар экспортида фаол қўлланилмоқда.

  Бизнинг миллий маданиятимизда ҳаё, андиша, ибо каби ахлоқий фазилатларга қатъ ий равишда амал қилиниб келинади. “Ом­мавий маданият” айнан миллий қадриятимиз асоси бўлган ҳаё, андиша, оқибат, меҳр- муқаббат каби гўзал ахлоқий қадриятларимизга қарши бўлган ахлоқсизлик ва ёвузликни ўзида акс эттирган ҳаракатдир.

  Афсуски, бугун баъзи ёшларимизнинг ана ўша миллий маданиятларимизга зид ҳолатда киндик кўринар кийинишларида, қучоқлашиб, ўпишиб саломлашишларида, Валентин куни каби ахмоқона тадбирларида “оммавий маданият”нинг таъсири кўриниб турибди.

  “Оммавиймаданият”аста-секин инсоннинг ҳайвонга хос хусусиятларини кучайтириб боради. Бу маънавий-ахлоқий иллатларнинг таъсири натижасида кишиларда бир қатор кўринишлар намоён булади.

  1. Ахлоқий бузуқлик, яъни жамоат жойларда ўпишиш, шаҳвоний фильм ва суратлар кўриш. 2. Зўравонлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи фильмлар ва компьютер ўйинларига одатланиб қолиш. 3. Ўзим бўлсам бўлди, ўзга билан ишим йўқ тушунчасида қотиб қолиш. 4. Барча нарсага шахсий манфаат назари билан ёндашиш. 5. Шахсий манфаатни ҳар нарсадан устун қўйиш. Буборадаҳеч ким биланҳисоблашмаслик, ҳаттокиота-она ҳурмативафикриниҳамменсимаслик. 6. Ўз нафсининг қулига айланиш. 7. Ҳаёсизлик гиёҳвандлик, ичкиликка, тубанликка юз тутиш. 8. Ғайри инсоний “никоҳ”лар, жинслар ўртасида ҳайвоний хирсга берилиш каби салбий оқибатлар.

  Шу нарса аёнки, “оммавий маданият” ёшларнинг маданий онгини тўғри шаклланишига салбий таъсир кўрсатиб, уларни худбин ва худпараст қилиб вояга етказади. “Сенга эркинлик берилади, билганингни қил, ёшлигингда айшингни сур, ҳоҳлаган ишни қил, озод ва хурсанд, ҳаттоки ота- онанг ҳам сенга хўжайин эмас” деган сафсаталар ёшларни ҳар қандай диндан ва маданиятдан чалғитади ва жамият олдидаги масъулиятини йўққа чиқаради, фарзандлик бурчларини, демакки, инсонийликдан ҳам бегона қилади.

  “Оммавий маданият” - инсон ҳаётининг энг муҳим пайти 15-25 ёшлар орасида ўсмирнинг ҳаётини ва дунёқарашини бузиб юборишга ҳаракат қилади. Ёшлар омили доимо долзарб бўлиб келган. Ёшлик шундай бир чорраҳадирки, инсон келгуси ҳаётини уша чорраҳада белгилаб олади. Юксак маданиятли, ор-номусли гўзал инсонлар изидан юрадими ёки бузуқлик ва ҳаёсизлик кўчасига юз бурадими? Бу сиз билан бизга ҳам боғлиқдир.

  Ёшларимизни “Оммавий маданият” таҳдидидан асраш учун юксак инсонийлик ва одобга асосланган миллий ғояга суянишимиз муҳим аҳамиятга эга. Бунда эътиборимизни мазкур ғоямизнинг комил инсон бўлиш тамойилига қаратишимиз билан бирга аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қол­ган урф-одатларимизга, гўзал анъаналаримиз ва диний қадриятларимизга суянишимиз, албатта, кутилган самарани беради.

  Миллий қадриятимиз асосини ҳаё ва оқибат ташкил этади. Айниқса, миллий қадриятимизнинг гўзал кўриниши аёлларимиз, яъни, оналаримиз ва қизларимизга жуфти ҳалолимиз ва сингилларимизга кўрсатаётган чиройли муомиламизда намоён бўлади. Дунёнинг бошқа халқ ва иллатларида бу маданият ва меҳру оқибат учрамайди. Шу ўринда айтиш мумкинки, аёлларимиз ҳам ўз қадрларини ҳаё ва одобда мужассам деб биладилар.

  Она халқимизнинг тарбияси асосида вояга етган Амир Темур, Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим каби аждодларимиз ватанпарвар, оилапарвар, шарму ҳаёли, шижоатли ва ор-номусли бўлиб вояга етишган. Миллий қадрият ва одобларимиз аёллари- мизнинг қадри, уларнинг ҳаёсида ва одобида мужассам.

  Ҳаё ва андиша аёл зотида оналик тимсоли бўлса, эркак зотига ҳам сув ва ҳаводек за­рур. Ҳаёсиз эркаклар бор жойларда аёлларнинг ҳаё пардалари йиртилади. Ҳаёсиз аёллар яшайдиган жамиятда эса ҳаёсиз ва беандиша фарзандлар дунёга келади.

  Аёл ўз фарзандига ҳаё ва оқибат хисларини қони ва оқ сути билан юқтиради. Оқибат ва ҳаё, меҳмондўстлик, болажонлик биз ўзбеклар маданиятининг буюклигидандир. Ҳеч бир халқ, йўқки, бизнинг она ватанимиз гўзаллиги ва халқимизнинг меҳмондўстлигига қойил қолмаган бўлса. Меҳмондўстлик ва бағрикенглик, оқибат ва андиша миллий менталитетимиз ва миллий бойлигимиздир. Буни тушунмоқ учун фарзандларимизни ўзбек халқининг бой миллий маданиятига мос қилиб тарбияламоғимиз зарур. Ўз халқининг миллий қадриятларини билмай,  ўзгаларнинг ифлос ва ҳаёсиз ҳаракатларига эргашаётган болаларни қандай қилиб ўзбек болалари дея оламиз? Уларнинг назоратсиз қолганлиги ва тарбиясиз вояга етаётганлигига сизу биз айбдор эмасмизми?!

 

“Хатирчи ҳаёти” газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 06.09.2017,   Кўрилган: 257   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.