» » Одам савдоси – олам муаммоси

Одам савдоси – олам муаммоси

Кейинги вақтларда одам савдоси бутун дунёни ташвишга солаётган, халқаро миқёсдаги долзарб бўлган муаммолардан бирига айланди. Ишонувчан ва содда инсонларни ўзларига тобе қилиб, қул каби ишлатиш эвазига фойда олиш мазкур жиноятга қўл урганларнинг ягона мақсади ҳисобланади. Улар бу йўлда қонунбузарлик, алдов ва шафқатсизликни ўзларига қурол қилиб олганлар. Афсуски, биринчи навбатда аёллар ва йигит-қизлар жиноятчиларнинг тузоғига илинмоқда. Одам савдоси билан шуғулланувчилар фирибгарлик, мажбурлаш ва бошқа жиноий воситалардан фойдаланган холда заиф, ҳимояга муҳтож инсонларни ўз домига тортади.

Янада фожеали томони, жиноятчилар содда аёлларимизни чет элларга сотиб юбормоқдалар. Бировларнинг бахтсизлиги эвазига бойлик орттираётганлар ўз кирдикорларини яшириш мақсадида одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларни имкон қадар эътибордан четда тутишга, яъни уларни ноқонуний йўллар билан хорижга чиққанлиги фош бўлишидан чўчиб, хуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга мурожаат этмайдилар.

Бу ҳолат одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнингжавобгарликдан қутулиб қолишларига ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришларига шароит яратади. Одам савдоси­нинг илдизини қирқиш, салбий окибатларининг олдини олиш учун биринчи навбатда фуқароларнинг хуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эъ­тибор бериш зарур.

Бундай ҳолатларнинг хамон учраб туришига асосий сабаб, айрим аёлларнинг ўз хуқуқларини билмасликларидир. Хорижда ишлаб келишни хохловчилар учун республикамизда тегишли тартиб-қоидалар жорий этилган.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ушбу фаолият билан шуғулланади. Бу масалага қизиқувчи ҳар бир шахс шу ташкилотдан маслаҳат, йўл-йўриқлар, саволларига жавоб олишлари мумкин.

Кузатишлардан шу нарса маълум бўлдики, осонгина мўмай даромад топаман деб болаларининг кўзини мўлтиратиб, кекса ота-оналарининг маслаҳатига кирмай, уларнинг дилини оғритиб, чет элга чиқиб кетиб, бегона жойларда бошига кутилмаган савдолар тушиб, соғлигини,        тинчлик-хотиржамлигини йўқотган аёлларнинг топган молу бойлиги, ўз она юртида кечган осойишта кунларнинг бир соатига ҳам арзимаслигини кеч англаб етмоқда, улар.

Азизлар, аввало ҳар бир ишни ақл тарозисида ўлчаб, давлати­миз қонунларига, инсонийлик шаъни-ю талабларига қай даражада жавоб беришини чуқур мулоҳаза кутиб, кейин қўл уришга одатланайлик. Атрофимиздаги яқинларимиз, ҳамюртларимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик.

 

“Хатирчи ҳаёти” газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 22.06.2018,   Кўрилган: 14   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.