» » Эзгуликнинг мукофоти фақат эзгуликдир!

Эзгуликнинг мукофоти фақат эзгуликдир!

  Эзгуликнинг мукофоти фақат эзгуликдир!Яратган Роббимизга шукрлар бўлсинки, жонажон Ватанимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Диёримиздаги кўзни қувонтирадиган ўзгаришлар, халқимизнинг фаровонлиги ва Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлмиш тинчлик-хотиржамлигимиз ёши улуғ отахону онахонларимизнинг хайрли дуолари шарофати сабаблидир, десак муболаға бўлмайди.

  Муқаддас динимизда кекса ва ёши улуғларнинг мартабалари Аллоҳ таолонинг наздида ҳам, жамият олдида ҳам олийдир. Чунки ёши улуғ зотлар дейилганида кўз олдимизга аввало сизу бизнинг дунёга келишимизга сабаб бўлган мушфиқ ота-оналаримиз келади. Уларнинг сочлари бизнинг ғамимизда оқарган, нурли юзларига биз сабаб ажин тушган, нурафшон кўзларининг нури бизнинг йўлимизда сарф бўлган Зотлардир.

  Ибн Аббос розияллоху анхумодан нақл қилинадиган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам шундай дедилар: “Яхшилик (барака) катталарингиз билан биргадир”. Ибн ҳиббон ривояти.

  Шунинг учун ҳам кексаси бор хонадон баракали, нурли бўлади.

  Бошқа бир ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга яхшиларингиз ким эканини билдирайми?”, деганларида, “Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули!”, дедилар. “Сизларнинг яхшиларин­гиз - ёши улуғларингиз ва амаллари гўзалроғингиздир”, дедилар. Хоким ривояти.

  Кекса ва ёши улуғларни ҳурмат қилиш Аллоҳни улуғлашдир. Қолаверса ёши улуғ­ларни ҳурмат қилиш мусулмончилигимизнинг гўзал сифатларидан бири десак тўғрироқ бўлади. Шундай экан сиз ва бизнинг дуогўйларимиз бўлмиш кекса ва ёши улуғларни хурмат қилиш ва эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ва динимиз одобларидандир. Чунки, кексалар биз босиб ўтмаган довонлар борасида кўпроқ тажрибага эгадирлар. Шунинг учун ҳам ёши улуғлар билан кўпроқ суҳбатда бўлганларда виқор ва босиҳлик ҳамда ҳамма нарсага ақл билан ёндошиш каби хислатлар шаклланади.

  Ёшларнинг ёши улуғларга салом бериши ёки автобусда жой беришидан тортиб, сиёсий эътибор туфайли уларга давлат тарафидан ойлик нафақалар ажратилиши уларни хурмат қилиш ва эъзозлашдир. Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи ва­саллам айтдилар: “Кичикларимизга рахм қилмаган ва катталаримизнинг хақларини билмаганлар биздан эмас”, Имом Бухорий ривоят қилган. Ҳадисдаги “...биз­дан эмас”, деб айтилган жумлани уламолар “катта гуноҳ” маъносида, дейишади. Демак, ёши улуғларнинг хақларини поймол қилганлар улкан гуноҳ қилган бўлишади. Бошқа ҳадисда эса бу ҳақида шундай дейилади: “Қайси ёш киши кексани икром қилса, у ёш кишига Ал­лоҳ таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади”. Имом Термизий ривояти. Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг шархида кексаларни ҳурмат қилган кишининг ҳам умри узайиб, у ҳам кексалик ёшига етиш шарафига муяссар бўлади, дейишади.

  Муватто китобида шундай ривоят келтирилади: “Аллоҳнинг пайғамбарларидан бири Иброҳим алайхиссаломнинг сочига оқ тушди. Шунда: “Эй, Раббим! Бу (яъни, сочдаги оқ) нима”, дедилар. Ал­лоҳ таоло: “Виқор (Улуғлик),ё, Иброҳим!”, деди. Иброҳим алайҳиссалом: “Раббим! Менга виқор (улуғлик)ни зиёда қил”, деб дуо қилдилар.

  Азизлар! Улуғ ёшларга кириш ҳаммамизга насиб этсин ва шу билан бирга Аллоҳ таоло улуғлаган ва бугунги кунда ҳукумат миқёсида кат­та эътибор қаратилаётган энг муҳим вазифамиз бўл­миш кекса отахону онахонларимизни эъзозлаб, хайрли дуоларини олишлик ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

“Хатирчи ҳаёти” газетасидан олинди

 

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 22.06.2018,   Кўрилган: 211   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.