» » Маърифат нимадир, жаҳолат надир?

Маърифат нимадир, жаҳолат надир?

  Жамиятнинг камоли ва заволини белгиловчи мезон нима? Агар жамият инқирозга юз тута бошласа уни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолувчи куч борми? Инсонни, у мансуб бўл­ган жамиятни саодат соҳилидан фалокат уммони сари бошлаб, ҳалокат гирдобига ғарқ қилувчи синоат нима? Ундан нажот топиш имкони мавжудми?

  Бу каби саволлар миллатидан, ирқидан, диний мансублигидан қатьий назар, барча инсонлар ҳаётига бирдек дахлдор. Ҳамма замонлар учун долзарбдир. Шунга кўра ҳам аксарият фикр эгаларининг бу борадаги қарашлари мутаносиб. Бу саволларга жавобнинг биринчиси - маърифат, иккинчиси - жаҳолат. Хулосалар ҳам бир хил: инсон фақат ва фақат маърифат орқалигина саодатга эришмоғи мумкин.

  “Маърифат” сўзининг луғавий маъноси “билиш”, “таниш”, “билим” демакдир. Истилохий маъноси эса анча кенг. Орифлар наздида бу сўз худони та­ниш маъносини англатади. Сўфи Оллоёрнинг: “Танур жойинг бўлур қолсанг танурдан” мисрасидаги “танур” сўзи дастлаб “тандир”, “жаҳаннам” маъносини англатса, иккинчиси “маърифат” маъносини англатмоқда. Хазрат Навоийнинг “Лисон ўт-тайр” достонида қушлар сафари тимсолида инсон камолотининг етти босқичи хақида сўз юритилади. Улар: талаб, руҳ, маърифат, истиғно, тавхид, хайрат ва фикру фано.

  Ҳаёт инсонга чинакам маърифатга, камолотга эришмоқ учун берилган имкон. Бунга эришишда китобнинг ўрни беқиёс. Аммо кўп инсонлар бугун китобга эътиборсиз ҳаёт кечиришмоқда. Тўғри, бугун деярли барча ахборотни ин­тернет сайтларию бошқа элект­рон воситалар орқали олиш мумкин. Лекин улар китобнинг ўрнини босолмайди. Қолаверса, улар орқали ёшларнинг маънавиятига путур ҳам етиши мумкин. Ҳар қандай кўнгилнинг муроди илм воситасидагина ҳосил бўлади. Қайси халқ, қай бир миллат бугун тараққиётнинг ҳавас қиларли даражасида экан, бунга илм маърифат туфайлигина эришган. Маърифат саодат калитидир.

  “Жаҳолат”нинг луғавий маъ­носи “билимсизлик”; “нодонлик” демакдир. Орифлар истилохида жаҳолат- кўнгилнинг ўлими маъносини англатади. Бундай кўнгил хақиқатни англашдан йироқдир.

  Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бир ҳадисларида: “Инсоннинг вужудида бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, бугун бадан соғлом бўлади. Мабодо у айниса бутун вужуд айнийди. У қалбдир”, деганлар.

Жаҳолат қачондир тарихда бўй кўрсатиб, энди қайтиб келмаслиги аниқ бўлган ҳодиса эмас, у ҳар бир замонда қайсидир кўринишда намоён бўлаверади. У миллатни ич-ичидан емиради, тараққиётдан неча ўн йиллаб орқада қолишга сабаб бўлади. Ҳар доим миллатни, унинг вакилларини, жаҳолатдан қутқарувчи ягона восита илм ва маърифатдир. “Дунёдан энг хазар қиладиган иллат- жаҳолат”, деган эди Суқрот.

  Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда: “Жохил моддий жиҳатдан қанча бой ва савлатдор бўлса, маънавий жиҳатдан шунча фақир ва золим ҳисобланади”. Маърифатпарварларимиз бу каби фикрларини ёзар эканлар, кўнгилларидаги дард ва армонларини баён этишган. Улар халқ ғамини ўз ғами деб билишган. Мақсадлари халқни жаҳолат гирдобидан қутқариш, чинакам маърифатга эриштириш бўл­ган.

  Бугун биз чи­накам маърифий жамият кўриш мақсадида яшаяпмиз. Жамият ҳаётида кечаётган ҳар қандай ислоҳотдан кўзланган бош мақсад халқнинг нурли истиқболи, уни барпо этувчи авлоднинг камоли учундир. Шундай экан, халқнинг ҳар бир зиёлиси жамиятнинг маърифий даражасини кўтаришда ўз ҳиссасини қўшмоғи ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

“Хатирчи ҳаёти”газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 07.06.2018,   Кўрилган: 65   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.