» » Маънавият ҳақида мулоҳаза

Маънавият ҳақида мулоҳаза

  Жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнида халқларнинг ўзаро алоқалари кучайиб бориши билан бирга уларнинг маданиятига ва маънавиятига турли хилдаги ёт унсурлар ўз таъсирини кўрсата бошлади. Бугунги кунда менталитетимизга мутлақо зид бўлган “оммавий маданият” деган тушунчанинг қамрови кенгаймоқда.

  Одоб-ахлоқ, хаё-ибо, ор-номус, дину диёнат, уят-андиша каби юксак ахлоқий ва боқий қадриятлар азалдан халқимиз бой маданияти ҳамда маънавиятининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Турли ёт ғоялар асосида маънавий бузуқлик ва ахлоқсизликни тарғиб этишга уринаётган айрим кимсаларнинг айнан ана шу бобомерос қадриятларимизга болта уришга ҳаракат қилаётганликлари бор гап, аслида.

  Президентимизнинг “Юк­сак маънавият-енгилмас куч” асарида шундай жумлалар бор: Ён атрофда содир бўлаётган воқеа-ходисаларга бетараф ва бепарво қа­раб, шунчаки кузатувчи бў­либ яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Улардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар хатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди...” Демак, воқелик юз бераётган экан, унга турли муносабат билдириш лозим ва шарт.

  Замонавий коммуникация тармоқларининг жадал ривожланиб, маданиятлараро, инсонлараро мулоқот кенгайиб бораётган бир паллада Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, аждодларимиз қолдирган маънавий-маданий меросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга бекаму куст етказиб бериш, ёшларимизни ақлли, доно, бахтли ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи ғоят муҳим аҳамият касб этади.

  Шундай экан, бундай ғоялар, ҳаётий қараш ва қадриятлар тўқнаш келган бир пайтда шахс масъулияти, у танлайдиган ижтимоий орзу-умидларнинг аҳамияти беқиёс даражада ортади.

  Оммавий маданият сен ҳам биздай бўл, ўзингни ўйла, хоҳлаганингни қил, кийим кийма, хоҳласанг жинсдошинг билан никоҳдан ўт, эркин яша, қанақа ота-она? Қанақа қариндош-уруғ?... Хуллас айтгулиги, дегулиги йўқ ақидалар, сингдирилган усул ва воситалар орқали тарғиб қилинмоқда. Бу компьютер (интернет), бу телефонлар, бу айрим телеканаллар, бу - турли хил порнонашрлар, фильмлар, шоу-дастурлар ва хоказо... Яхшини ёмондан, оқни қорадан ажратишда иккиланиб турган балоғат ёшидагилар қисмати учун юқоридаги усуллар ўқотар қуролдан кўра ҳам хавфлироқдир. Қуролдаги ўқ битта одамни нишонга олади, оммавий маданият ўқи эса минглаб, миллионлаб инсонлар онгига қаратилади.

  Тўғри, интернетга қарши бўлиш, сойда шиддат билан келаётган селга кўкрак тутаман, тўсиб қоламан, дейиш билан баробардир, эҳтимол. Бироқ сел сувини тинитиб, ундан боғ-роғларни яшнатишда фойдаланса бўладику! Демак ундан эзгўлик, яхшилик, илм-фан келажак йўлида фойдаланишни, бу борадаги маданиятни ўрганишимиз керак.

  Нима бўлгандаям, бундай офатлардан миллатимизнинг асрлар давомида шаклланган маънавий қадриятларини, халқимизнинг улуғ фазилатларини асрамоғимиз керак. Бунинг учун ҳар биримиз ўзимизда миллий қадриятлардан куч олган мафкура иммунитетини шакллантиришимиз лозим. Уйда, кўчада, маҳаллада, бозорда, ишда, ўқишда ҳамма-ҳамма жойда ўзини асрамаган, ўзгага ем бўлади, дейдиган хулоса билан яшаш пайти келди. Ёки сиз болангизни тун бўйи тонг отгунча “яланғоч дунё”, жозибасидан баҳраманд бўлишини истайсизми?! Унда сиз уни, у эса сизни йўқотиб қўяди. Ота-онасини йўқотган фарзанд Ватани, миллати тақдири учун қайғуради, деб ўйлайсизми?!

  Қуш ҳам уясини бут сақлаш учун курашади. Иним бузилмасин, дейди. Хавф хатарга кўксини тутишга ўзида куч топади. Биз юқорида айтган гаплар хавф-хатар эмасми? Ҳар ҳолда қуш эмасмиз-ку! Инсонмиз, оиламиз бор! Оиладаги фарзанд эса бизнинг хаётимиз давомчиси!

  Дарахтнинг танаси қанча йўғон, шох навдалари қанчалик кўп, сербарг ва сермева бўлмасин, унинг илдизи бақувват бўлмас экан, у қурийди, ёхуд арзимас шамоллар уни гупиллатиб қулатади. Бугун миллат ҳақида ҳам шундай дейишимиз мумкин. Дарахтни илдизи ушлаб туради, миллатни эса улуғ қадриятлар.

  Демак, ҳар қандай мафкура бўронлари илдизи, мафкураси чуқур кетган халқни йиқитолмайди.

 

Жасур Расулов,

Хатирчи Уй-жой коммунал хужалик

коллежининг Маънавият фани ўқутувчиси

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 07.06.2018,   Кўрилган: 33   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.