» » Ризқи ўз юртида бўлмоғи саодатдур

Ризқи ўз юртида бўлмоғи саодатдур

  Аллоҳ таоло ўзи яратган махлуқот-мавжудотларининг ризқини етказишлигини ўз зиммасига олган. Шу жумладан, биз инсонларнинг ризқимиз ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилади. Шунинг учун ҳам халқимизда ризқ азалий эканининг исботи сифатида “Минг жадду жадал, бир рўзи азал”, деган нақл бор.

Динимиз таълимоти бу нақлни тасдиқлаш билан бирга, ризқни талаб қилиш лозимлигига Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб ҳужжатлар келтиради. “Банданг бўлсам боқиб ол”, қабилида дангаса бўлиб ётиб олиш ва боқимандалик кайфияти динимизда қораланади. Бугунги ҳаётимизда ҳам бу таълимот ўз тасдиғини топмоқда.

  Демак, ҳар бир киши ризқи улуғ бўлиши, оиласи ва бола-чақалари билан бахтли яшаши учун ҳалол меҳнат қилиши керак. Пайғамбаримиз с.а.в: “Кишининг ризқи ўз юртида бўлмоғи саодатидандур”, деганлар.

  Лекин, ризқ ахтариб узоқ юртларга бориб, тайини бўлмаган кишилар билан ишлаб, катта даромад орттириш амри маҳол. Улуғлар бир зарбулмасал келтирадилар: “Дарёдаги катта балиқлар ёш навқирон балиқларга насиҳат қилар экан: “Ўзича осилиб турган катта емишга қизиқманглар, унинг ичида қармоқ ёки тузоқ бўлади.” Лекин баъзи ўйноқи балиқлар нафси ҳакалак отиб, айнан ўшандай хўракни ютиб юборар экан-да, оқибатда ўша балиқ ўзини овчининг қозонида кўрар экан”. Бугунги кундаги оз меҳнат билан кўп пул топаман деганлар ёки бирдан бойиб кетиш учун ўзини хатарга қўяётганлар ана шундай ҳолга тушаётганлари ҳеч кимга сир эмас. Бир қанча йигитларимиз борган жойларида алданиб, одам савдосининг қурбони бўлмоқдалар. Баъзилари ўша жойларда оламдан ўтиб, мурдалари келаётган бўлса, баъзилари дом-дараксиз йўқолиб кетган, яна баъзилар эса дин ниқобидаги оқимлар алдовига ишониб, ҳар хил экстремистик гуруҳларга “аъзо” бўлиб, уларнинг топшириқларини бажариш йўлида ўзларининг киндик қони тўкилган она юртига, миллатига, Ватанига, қўйингки, ота-она-ю ҳамма қариндош-уруғларига хиёнат қилиш кўчасига кирмоқдалар.

  Бир йигит тоғасига келиб, тоға мен Россияга ишлагани кетяпман, мени дуо қилинг деди. Тоғаси аввалига эътироз билдириб, шу ерда ҳам тирикчилигинг ўтяпти-ку, деб қайтармоқчи бўлди. Лекин жияни кўнавермади. Жиянини қайтаришга кўзи етмаган тоға:

Ўша ернинг худосига мендан салом айтиб қўй,- деди .

Toғa, сизга нима бўлди, Худо хамма ерда битта-ку.

Шуни билсанг, якка-ёлғиз, Худо шу ерда сенга ризқ бера олмайдими?,-деди тоға.Жиян ўзига келиб, ниятидан қайтди.

  Дарҳақиқат, махлуқотларни яратган Зотларнинг ризқини ҳам қаерда бўлмасин етказади, фақат бир оз меҳнатдан қочмаса кифоя. Мўъмин киши ризқини Аллоҳ беради деб билиб, касб-ҳунарни ризқ учун бир восита, сабаб деб билиши лозим.

  Ризқ баҳонаси билан бориб, турли машаққатларга, хўрликларга, зўрлашларга учраб қолган аёлларимиз ҳам йўқ, эмас. Ахир аёл нозик хилқат, у ўзига муносиб касб-ҳунари бўлса, ўша билан машғул бўлса, фарзандларини оқ ювиб, оқ тараса, хонадонини обод қилса, шуларнинг ўзи унга катта машғулот-ку.

  Эр ёки хотиннинг узоқларга пул топиш учун чет элларда узоқ йиллар оиласидан айри ҳолда яшашлари ҳозирги кунда оилага кўз кўриб қулоқ эшитмаган хиёнат ва ишончсизликларни келтириб чиқараётганининг гувоҳи бўляпмиз.

  Ота-она ёки улардан бири чет элдалиги сабаб бўлиб фарзандлар тарбияси назоратсиз қолаётгани, натижада бахтсиз бўлиб қолишаётганига қандай беэътибор бўламиз?

  Энди ўринли савол туғилади.Чет элдан ишлаб топиб келган “кў-ў-ў-п” пулига (агар қуруқ, қарздор бўлиб, соғлигини йўқотиб, бу ерда ҳам ишлашга ярамайдиган касал бўлиб келмаса, Ўзи сақласин) оиласининг саодати ва ишончини, болаларининг бахтини бозордан сотиб олишнинг имкони бормикан!?

  Биз ризқ топиш учун деймиз, лекин хорижга бориб ишламоқчи бўлганлар оз меҳнат билан кўп пул топиш ниятида бўладилар. Бугунги кундаги қалб хасталиклари оммавийлашиб кетгани ҳам ана шу бойлик ортти­риш дарди. Шу дарди бедавога учраганлар ўзларини “ўтга-чўққа” уриб, сарсон саргардон бўлиб юришибди.

  Ўз она юртида тирикчилиги ўтиши ҳам инсоннинг саодатидан. Яратган зот ҳаммамизни қалб хасталикларидан бўлган бойликка ҳирс қўйишдан асрасин!

 

Отамурод Мирзаев,

 Хатирчи тумани “Галабек” жомеъ масжидининг

имом хатиби

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 07.06.2018,   Кўрилган: 52   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.