ПОЙТАХТГА САФАР

ПОЙТАХТГА САФАРТуманимиздаги илғор қишлоқ хўжалик ходимларидан 15 нафари Тошкент шаҳрида  саёҳатда бўлишди.

Улар туман Агросаноат мажмуи касаба уюшмаси ташкилотчилигида кун сайин кўркамлашиб ва гўзаллашиб бораётган жонажон пойтахтимиз Тошкент шаҳрида 3 кунлик саёҳатда бўлишди.

Уларнинг сафида мен ҳам бор эдим. Бундай имконият ва ғамхўрликдан ниҳоятда мамнун бўлдим. Навоий шаҳридан Навоий-Тошкент йўналиши бўйича қатнайдиган  “Шарқ “ тез юрар поездига ҳамроҳлар билан (улар вилоят бўйича 45 нафар эди) чиққанимизда “Темир от”нинг жиҳозланиши ва тезлигига қойил қолдик.

Шундай қилиб, пойтахтга етиб келгач, жаҳон андозалари талабларига тўла жавоб берадиган “Grand Plaza” меҳмонхонасига жойлашдик. Бу ердаги қулайликларни санаб адоғига етиш қийин, албатта.

Шундан сўнг саёҳатга отландик. Гўзал пойтахтимизнинг кенг ва равон кўчалари бўйлаб борар эканмиз, бир- биридан чиройли ва кўркам бино ҳамда  иншоотлар  диққат -эътиборимизни тортди.

Дастлабки ташрифимиз отахон театр “Муқимий”га бўлди. Аввало бинонинг кираверишидаги  озодалик ва орасталик, кўркамлик ва ободончилигидан ҳеч бир кишининг бефарқ бўлолмаслиги тайин.

Бундан ташқари яқиндагина қурилиб битказилган, муқаддас қадамжога айланиб улгурган Анҳор канали қирғоғи бўйидан макон топган “Минор” масжидига кўзи тушган ҳар қандай одам таажжуб ва ҳайратда қолиши турган гап. Замонавийлик ва  миллийлик уйғунлашган ҳолда ажабтовур шакл- шамойилга эга бўлган ушбу иншоот ўзига хос тарихийликни ифода этиб тургандек, гўё.

Шунингдек, пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб турган Ҳазрати Имом майдони, Темурийлар тарихий музейи, Қатағон қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаси ва бошқа бино, иншоотлар ва тарихий қадамжолар ўзининг жозибадорлигию бетакрорлиги билан барчамизнинг эътиборимизни тортди.

Бунинг учун туман Агросаноат ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Аҳмад Исломовга миннатдорлик изҳор этамиз.

Нурназар Тоғаев,

“Гумбаз Махсум ота” сув истеъмолчилари уюшмасининг раиси

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 10.02.2015,   Кўрилган: 766   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.