» » Ғазал мулкининг султони

Ғазал мулкининг султони

Ғазал мулкининг султониЎзбек адабий тилининг асосчиси, улуғ шоир ва мутафаккир, йирик давлат арбоби ва маданият ҳомийси Алишер Навоий ўз ғазалларини дастлаб форс-тожик тилларида яратди. Алишер Навоий туркий тилдаги шеърларига “Навоий”, форс-тожик тилларида ёзилган асарларига “Фоний” тахаллусларини қўллаган. Унинг “Хазойин ул -маоний” лирик қуллиётида 2600, “Девони Фоний”да эса 600 ғазал мавжуд. Демак Навоий ғазалиётининг умумий миқдори 3000 дан ортиқдир.

Ўзбек ғазалиёти тарихий  тажрибаларининг энг юксак натижалари Алишер Навоий ғазалиётида мужассамлашган. Унинг девонларида ғазалнинг тўрт турига оид ажойиб  намуналар мавжуд. Алишер Навоий ғазалиётидан айрим намуналарни тақлил этамиз.

Аввало умумий маълумот учун қайд этиш лозимки, ушбу ғазал Навоийнинг ёшлик лирикаси маҳсули бўлиб, ишқий- фалсафий мавзуда битилган. Ушбу ғазалдаги руҳий тасвир ўзига хос мураккабликка эга. Ғазал лирик қаҳрамоннинг манзурга висол илинжидаги илтимоси билан бошланган:

Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил,

Кўзум қаросида мардум каби ватан қилғил.

Илоҳий мазмунда у Оллоҳни ифодалайди, дунёвий маънода эса севикли гўзал маҳбуби, ёр, дўстни англатади. Форсий “мардум” сўзи икки маъносида (ушбу байтда 1. Одам, одамлар, халойиқ. 2. Кўз қорачиғи- гавҳари) келмоқда.

Мардумлиғ- одамгарчилик, инсонийлик, мурувват, марҳамат, лутф- илтифот, раҳм-шафқат, инсонпарварлик, фуқаро маъноларига эга . Байтдаги ҳар бир сўз катта-кичик, муҳим-номуҳимлигидан қатъий назар ўзига хос бадиий вазифани бажаради.

Юзунг гулига кўнгул равзасин эса гулшан,

Қадинг ниҳолига жон гулшанин чаман қилғил.

Биринчи мисра “Сенинг юзинг менинг кўнглим гулбоғида гул очсин” маъносидаги висол илинжини таъкидлаб турибди.

Ушбу ғазалнинг бошқа ғазаллардан фарқи ва ўзига хослиги шундаки,  унда ошиқ қаҳрамоннинг дардпарвар нидолари лирик чекинишлар билан ошиқ нолалари фақат маъшуқагагина қаратилмай, бошқа нарсалардан ҳам нажот сўрайди.

“Қаро кўзум” ғазали ўзининг сермазмун бадиий сеҳри, маънавий- руҳий таъсирчанлиги билан асрлар оша халқнинг қалб ардоғида сақланиб қолаётир. Ғазал машҳур, умрбоқий асарга айланиб келмоқда.

 

Азиза Ризаева,

Хатирчи Уй-жой коммунал хўжалиги касб- ҳунар

 коллежининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси 

 

 “Шеърият султони - бобом!”

 

Сўз сеҳрининг, шеърият мулкининг султони буюк бобомиз Алишер Навоий 9- февралда таваллуд топган.

Шу муносабат билан мактабимизда 3- синф ўқувчилари билан “Шеърият султони - бобом!”, деб номланган тадбир ўтказилди. Унга мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, ўқувчиларнинг ота-оналари ташриф буюришди. Ўқувчилар шоирнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида сўзлашди, у кишининг болалик чоғларида ёзган шеър, ғазал, рубоийларидан намуналар айтдилар.

Севимли ёзувчимиз Ойбекнинг “Болалик” романидан шоирнинг ёшлигини акс эттирувчи саҳна кўриниши намойиш қилинди.

Тадбирда Фарангиз Остонақулова, Тўлқин Фазлиддинов. Гулсевар Мусаева, Абдулазиз Шодмонов каби ўқувчилар фаол иштирок этишди.

Бўлиб ўтган тадбир барчада шоир ижодига бўлган қизиқишни яна орттирди.

 

Шаҳло Йўлдошева,

66- мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси

 

Оби зиндагоний - ҳаёт суви демакдир.

 

Низомиддин Мир Алишер Навоий ўз даврининг буюк шоири ва мутафаккири сифатида нафақат илмий- бадиий ижоди билан, балки давлат арбоби сифатида ҳам ўзининг ижтимоий- сиёсий фаолияти, ўлмас ғоялари ва ҳуқуқий қарашлари билан ҳам машҳурдир.

Эл аро улуғ шоирлигидан ташқари “Вазири равшан замир” дея ном қозонган Алишер Навоий ўз устозлари Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий изидан бориб, 1483- йилда тафаккур мулкининг “Хамса” номли шеърий обидасини яратади. Унинг биринчи достони “Ҳайрат ул- аброр” (“Яхши кишиларнинг ҳайратланиши”), дея номланиб, кейинчалик мутафаккир шоир уни “Оби зиндагоний” яъни “Ҳаёт суви” деб таърифлайди. Улуғ шоир бу достонни нега бундай ном билан атади? У ўзи яшаб, фаолият олиб борган Хуросон ва Мовароуннаҳрда ҳукм сурган ижтимоий- сиёсий тузумдаги адолатсизлик, жаҳолат, зулм ва зўрликларни кўриб, дили кунпаякун бўлган, озорланган эди. Ана шу боис ҳам подшо ва амалдорларга қарата мазкур мавзуда сабоқлар айтиб, уларни илоҳиёт илми орқали инсоф- тавфиққа чақирар экан, бу достонда фақат шулар билан чекланиб қолмайди. Сирасини олганда, мазкур достон муқаддимадан бошлаб, 20 мақолат ва ҳар бир мақолатда 20 ҳикоят тарзида тузилишга эга бўлиб, ҳар қайси мақолату ҳикоятда одамийлик илмининг бир қирраси хусусида сўз юритилади.

Айтайлик: “Карам ҳақида”, “Адаб ҳақида”, “Қаноат бобида”, “Вафо хусусида”, “Ростлик таърифида”, “Умр ҳақида” каби инсонга маънавият сабоқларини берувчи бу достон, асрлар оша ҳам ўз тарбиявий- таъсирий қийматини йўқотгани йўқ. Масалан: “Подшоҳлар ҳақида”ги мақолатида шоир подшоҳликнинг Аллоҳ бериб қўйган неъмат эканлигини уқтириб, бунда халқчиллик, инсонпарварлик йўлидан бормай, зулму зўравонлик ва адолатсизлик амалини зиёда қилган подшоҳларга қарши “Қуръони карим” сабоқларига суяниб, қиёмат сувратини чизиб, авлиё нафаслик каби огоҳлантиришлар қилади.

 

Беназир шоир мазкур ўринларда:

Негаки чун ҳашр куни зумжалол,

Золиму мазлумни айлар савол,

Анга эваздур, сенга шармандалик,

Анга бийиклик, сенга афкандалик...

 

(Нимага десанг, қиёмат куни энг юқори турган Худо золимларни ҳам, мазлумларни ҳам саволга тутади. Шунда унга бу дунёда чеккан зулми учун мукофот, сенга эса шармандалик бўлади. У буюкликка, сен тубанликка савозор бўласизлар), дея огоҳ этади.

“Хайрат ул- аброр” достонида қаноат, ростлик, қалам, вафо ва бошқа кўплаб инсоний фазилатлар хусусида ҳам буюк сўз санъаткорининг тафаккур илми билан суғорилган ҳикматлари олтин сандиқдаги ранг- баранг дуру жавоҳирлар мисолидир. Бу достонни, унинг насрий баёнини фақат ва фақат ўқиб ўрганмоқ лозимдир. Албатта уни тўлиқлигича ёритиб беролмаймиз.

  

Муборак Ҳайдарова,

Хатирчи уй-жой коммунал хўжалиги

касб-ҳунар коллежининг ўқитувчиси

 

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 10.02.2015,   Кўрилган: 1428   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.
Страница 1 из 2 | Следующая страница