» » Ўз болангни ўзинг асра!

Ўз болангни ўзинг асра!

  Маҳалла азалдан аҳиллик, ҳамжиҳатлик қўрғони бўлиб келган. У ўз ҳудудида ҳар бир инсонни дарду қувончига шерик бўладиган кичик бир Ватандир. Шу Ватанда яшарканмиз унинг барча қоидаларига риоя қилиб, бамаслаҳат иш тутиш лозим.

  Буюк алломамиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида бундай деганлар: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.

  Шундай экан, фарзанд энг аввало оилада камол топади. Соғлом фикрли, маънан етук оиладан шубҳасиз баркамол шахс етишиб чиқади. Демак, бола тарбиясининг шаклланишида ота-онанинг масъуллиги, диний ва дунёвий қарашларда бирдек белгилаб берилганки, унга риоя қилиш муҳим шарт, деб ўйлайман.

  Яқинда иш юзасидан маҳалла хонадонларининг оилавий аҳволини ўрганиш мақсадида бир хонадонга кирдик.

  - Оилада нима муаммо бор, деб сўралганда, хонадон соҳибаси 4 нафар фарзанди борлигини, эри ишламаслигини, маблағдан қийналаётганини, шу сабаб Россия Федерациясига ишлаш учунборишини айтди. Биз, бу йўлдан уни қайтариш учун ҳарчанд уринмайлик ҳаммаси зое кетди.

  Бир-икки кун кўнглим хира бўлиб юрдим. Яна ўша хонадондан хабар олиш учун чиқаётиб, уларнинг қўшнисини кўриб қолдим. Унинг сўзларига қараганда хонадон соҳибаси фарзандларини турмуш ўртоғига ташлаб, чет элга чиқиб кетибди, афсус.

  Аёл- оиланинг юзи, мўътабар зот, дея эъзозланади. Ҳадиси шарифда: “Жаннат оналар оёғи остидадир...”, дея юксак таъриф берилган. Аммо, ана шутаърифу-тавсифларни баъзи аёлларимиз унутиб қўйишмаяптимикан? Оиладаги ўрни, Оналик вазифаси, бурчи ва яна қанчадан қанча юмушлар. Биз унга амал қилаяпмизми? Қилаолаяпмизми?...

  Оилада ўғил бола отадан, қиз бола эса онадан кўрганларини ўрганиб боради. Худди, “Қуш уясида кўрганини қилади”, дейилганидек. Шу боис болага энг соф ва покиза туйғуларни, яхшилик, олийжаноблик, меҳр-оқибат, ор-номус, андиша каби муқаддас тушунчаларни ўргатмоқ лозим.     

  Ота-оналарўртасидаги ўзаро муносабатда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, ширинсуханлик, бир-бирига ғамхўрлик бўлса, бу хислатлар бола тарбиясида ҳам намоён бўлиб, келажакда оилапарвар, оқил ва меҳрибон шахс вужудга келади. Бу энг аввало жамиятимиз учун катта ютуқ, албатта.

  Майли, она чет элда ишлаб пул топиб, фарзандларини моддий томондан таъминлаяпти ҳам дейлик, лекин Она меҳрига зор бўлиб улғаяётган болаларнинг эртаси нима бўлади? Бу жамиятимиз учун энг катта фожеа эмасми?.

  Оила жамият устунидир. “Оила соғлом экан- жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан-мамлакат барқарор”, деган эди муҳтарам Биринчи Президентимиз И.Каримов.

  Авлодимиз давомчилари бўлмиш фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар келажакда ўз ота-боболарига муносиб ворислар бўлиб, она Ватанига, миллатига содиқ фарзанд бўлишсин.

 

Ф. Саидова,

“Бинокор” МФЙ маслаҳатчиси.

“Хатирчи ҳаёти” газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 26.09.2017,   Кўрилган: 158   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.