Ёшлар адашманг!

  Йўлдан адашганлар, аввалига ажал уруғи ортидан руҳан эргашади. Бора-бора бир онлик роҳат бағишловчи моддани қайта-қайта татиб кўриш истагини бошқара олмай қолишади. Ачинарли ҳол. Бироқ биз ачиниш билан уларни бу ботқоқдан қутқара олмаймиз. Ирода билан курашиш ва курашишга ундай олиш лозим. Олдини олиш эса ўз қулимизда.

  Наркотиклар турли хил бўлиб, уларнинг таъсири ҳам турлича. Бу заҳри қотилни истеъмол қилганлар ўз руҳияти ва соғлигига ўзи таҳдид қилаётганини унутиб қўяди. Гиёҳванд моддаларни қабул қилишни бошлаган ҳар қайси одам вақтўтгани сари шубҳасиз, таназзулга юз тутиб боради. Ўзини назорат қила олмайди. Дангаса, беҳафсала, ҳаётга нисбатан бефарқ бўлиб қолади. Хуллас, ўзини-узи аста-секин емиради. Моддани истеъмол қилган инсон тетиклашгандек бўлади, аммо, бу заҳри қотил оқибатида инсон умри завол топади ва ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

Гиёҳванд моддаларни ис­теъмол қилувчилар бундай моддаларни инсон организмига унчалик зарарли эмас, деб ўйлашади. Бир кун келиб, хато ўйлаганини англаб етишганида эса кеч бўлади. Гиёҳванд моддаларҳақида ҳаммамиз билишимиз шарт бўлган маълумотлардан баъзиларини келтириб ўтамиз.

  Марихуана ўпка, мия ва асаб тизимини ишданчиқаради. Унинг истеъмоли пайтида ажралиб чиқадиган тутун таркибида 400 дан ортиқ зарарли кимёвий моддалар мавжуд. Улардан 60 таси саратон билан касалланиш хавфини юзага келтиради. Бу моддалар инсон организмида бир неча йиллар мобайнида яшаши мумкин.

  Шунингдек, марихуана тар­кибида нейтроксин моддаси ҳам бор. У мия ва асаб тизи­мини шикастлабгина қолмай, истеъмол қилган инсон организмидаги барча вита­мин ва минераллар емирилиб кетади.

  Нерв толаларига келсак, улар бирин-кетин ўла бошлайди. Гиёҳвандликка муккасидан кетган ёшларнинг кўпчилиги бир-бирига меҳр кўрсатмаган оилада тарбия топиши, ота-онанинг бири ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлганда кузатилган.

  Бундан кўриниб турибдики, оиладаги муҳит, фарзанд тарбиясига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу модда инсонни улкан жарликка тортиб бораверади. Наркотикни мунтазам ис­теъмол қилиш оқибатида унга ҳаётни турли ранглардан иборат эканлигининг аҳамияти йўқ.

  Қаршида қора халқа, қора иллат, қора йўлак. У қачон бу йўлга кириб қолганини эслай олмайди. Топгани, орттиргани, атрофдагиларга етказгани разолат, жаҳолат, қабоҳат. Инсон учун яратилган ҳаётингизни заволга қўйманг.   Гиёҳвандлик балосидан сақланинг!

 

Г. Мирзақулова

“Хатирчи ҳаёти” газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 26.09.2017,   Кўрилган: 188   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.