» » Оммавий ахборот хуружи ёхуд маънавий манқуртлик

Оммавий ахборот хуружи ёхуд маънавий манқуртлик

  Бугун жаҳоннинг турли ҳудудларида бўлаётган воқеаларга назар ташлар эканмиз, уларнинг аксарият қисмида ёшлар етакчилик қилаётганлигига гувоҳ бўламиз. Ҳозирги даврда айрим қора кучларнинг ёшлар онгини бошқариш, уларнинг дунёқарашини ўзгартириб, ўзларининг ёвуз ишларида фойдаланишлари эътиборни тортадиган масала бўлибқолади. Оқ-қорани ажрата олмаслик ёшлар онгида бўшлиқдан дарак берса, ёвуз ниятли кимсалар учун бу айни муддао бўлмоқда.

  Ҳозирги глобаллашув жараёнида долзарб бўлган мавзулардан бири турли бемаъни ўйинлар, интернет тармоғининг қулига айланиб бориш ҳолатлари, афсуски, жамиятимиз ҳаётида учраб турибди. Интернеттармоғида фойдали маълумотлар билан бир қаторда тубанликка етакловчи маълумот­лар ҳам учрайди. Улардан бири “Кўк кит” ўйини бўлиб, ўсмир ёшидаги ёшларни аянчли аҳволга солиб, ўз жонига қасд қилиш таҳдиди билан якун топади. Ўсмирлар табиатан таъсирчан бў­либ, ҳар хил янгилик, ўзгаришларга қизиқувчан бўлишади.

  Дунёнинг турли бурчакларидан келган маълумотларга қараганда бундай хавфли ўйинлар турига ижтимоий, маънавий ҳаёт тарзида муаммоларга дуч кел­ган ёшлар илинар экан. Гўё мана шу нарсагина уларга таскин, хотиржамлик олиб келадигандек. Ижтимоий тармоқнинг фаол фойдаланувчилари мана шундай хавфли ўйинлар турига илинсалар, уларнинг онгида салбий тарафга нисбатан ўзгариш содир бўлади.

  Рос­сия давлати фуқароси Р.Галинкова ушбу ўйиннинг қурбонига айланди. Унинг оилавий муаммоси тармоқнинг қўштирноқ ичидаги ёрдами билан ечилгандек гўё. Аслида бу тоифа ёшларнинг ман­қуртлигидан дарак беради.

Эсланг, Чингиз Айтматовнинг асаридаги Жўломон деган йигит манқуртлиги сабаб ўз онасига қурол ўқталади. Ўзи учун етти ёт бўлган душманининг буйруқларини сўзсиз бажаради. Ҳатто, у ўз исмини ҳам унутади.

  Ҳозир­ги бу каби замонавий манқуртлик ёшлар онгига ҳам ўз таъсирини ўтказаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Мана шундай ижтимоий тармоқўйинларининг ташкилотчиларидан бири қўлга олинганида, ундан кўзлаган мақсади ҳақида сўралади. У ижти­моий тармоқда обуначилар сонини кўпайтириш ва даромадини оширишни ният қилганини айтади.   Энг ачинарлиси, ёвуз ниятли “ташкилотчи” руҳий касал деб топилган. Обуначи орқали даромад йиғишни истаган, руҳий касал деб топилган қора ниятли кимса 300 минг фойдаланувчига эга бўлиб, ўнлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган.

  Ҳозирги даврда ёшлар онгини бошқариш учун оммавий маданият, диний экстремистик ва турли бузғунчи оқим вакиллари бор кучларини аямайдилар. Шунинг учун ёшларнинг бўш вактларини мазмунли ўтказиш, назорат қилиш, руҳиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириб, ўзгалар ҳаётига бефарқ қарамаслик каби ҳислатларни ўстириш, уларни тўғри йўлга бошлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

 

Садоқат Бобокулова,

 Хатирчи Уй-жой коммунал хўжалиги коллежининг талабаси

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 26.09.2017,   Кўрилган: 643   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.