» » Фермер хўжаликларига ўз вилоятидаги исталган пахта-тўқимачилик кластерлари билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилди

Фермер хўжаликларига ўз вилоятидаги исталган пахта-тўқимачилик кластерлари билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилди

 Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони (ПФ-14-сон, 16.11.2021 й.) қабул қилинди.

Фармон билан Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика комиссияси тасдиқланди.

Комиссия пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш учун аризаларни кўриб чиқади.

Кластерлар комиссияси хулосасига асосан Ҳукумат қарори билан ташкил қилинади ва талабгор билан ўттиз йилга битим тузилади.

Битим қуйидаги ҳолатларда фақатгина суд тартибида бекор қилинади:

- томонларнинг бири қарши бўлганида;

- битимдаги мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаганида;

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг учдан икки қисми кластерлар томонидан шартнома шартлари 3 йил бажарилмаганлигига оид мурожаатлари бўлганда.

Кластер ташкил қилишда етиштириладиган ёки сотиб олинадиган пахтанинг камида 50 фоизини ўзида қайта ишлаш қуввати бўлган талабгорга устунлик берилади.

Кластерларнинг йиллик пахта ҳажми 30 минг тоннадан кўп бўлганда аудит ўтказишга халқаро аудиторлар жалб қилинади.

Фармонга кўра, фермер хўжаликларига ўз вилоятидаги исталган пахта-тўқимачилик кластерлари билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилди.

Илгари фақат ўз туманидаги кластерлар билан шартнома тузилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Фьючерс шартномаси – товарни олдиндан белгиланган нарх асосида келгусида сотиб олишга оид келишувдир.

 

Хатирчи туман адлия

бўлими бошлиғи

Зафар Насимов

 

 

Muallif:admin,  Qo‘shilgan sana: 23.11.2021,   Ko‘rilgan: 24   Chop etish
Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda xato matnni belgilab, CTRL + ENTER tugmasini bosing va sayt ma'muriga xabarnoma jo‘nating.