» » Туманда вояга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва оилавий ажримларни камайтириш бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Туманда вояга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва оилавий ажримларни камайтириш бўйича учрашув бўлиб ўтди.

     Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Хатирчи туман Халқ таълими бўлими биносида Навоий вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов, вилоят судининг судъялар И.Шоймардонова, У.Раупов, Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси Б.Бабақулов, Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси Х.Тухтаев, Хатирчи туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, маҳалла яраштириш комиссияси аъзолари, мактаб психологлари иштирокида, туманда вояга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, болалар тарбияси билан боғлиқ ишларни кўришда ҳамкорликда қилиниши керак бўлган ишлар ва оилавий ажримларни камайтириш бўйича учрашув бўлиб ўтди.

     Учрашув дастлаб йиғилганлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгашининг ташаббуси билан суратга олинган “Фарзанд омонат” номли қисқа метражли фильмни намойиш этиш билан бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

     Республика фуқароларининг шахсий ва ижтимоий манфаатлари узвий мувофиқлашган оилани ҳимоя қилиш давлат аҳамиятига молик бўлган вазифалардан биридир.

    Болаларни умуминсоний қадриятларни ҳурматлаш, оналикни муҳофаза этиш ва болаларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро ҳуқуқ қоидаларига содиқ бўлиш, маънавий меросни сақлаш ва ривожлантириш, юксак ватанпарварлик, софлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялаш, уларни ижтимоий фойдали меҳнатга тайёрлаш ота-оналарнинг конституциявий ва маънавий бурчидир.

Учрашувда Навоий вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов сўзга чиқиб, туманда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, болалар тарбияси билан боғлиқ ишларни кўришда учраётган муаммолар, бу борада ҳамкорликда қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида, оилавий ажримларни камайтириш, вояга етмаганларни назоратсиз ва қаровсиз қолдирмаслик борасида, бундан келиб чиқиши мумкин бўлган салбий ҳолатлар ва уларни эрта аниқлаш ва олдини олиш тўғрисида маъруза қилди.

    Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси Х.Тухтаев сўзга чиқиб, худудда вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар статистикаси тўғрисида маълумот бериб ўтди.

    Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси Б.Бабақулов ўзининг маърузасида болалар тарбияси, никоҳ ва оила муносабатлари, болалар тарбияси билан боғлиқ ишларни кўришда аниқланган уларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларга тўхталиб ўтди.

    Навоий вилоят суди судъяси И.Шоймардонова тизимда олиб борилган ислоҳотлар, болалар тарбияси билан боғлиқ низоларнинг судда кўриб чиқиш аҳволи, бугунги кунда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларнинг кўриб чиқилиши жараёнлари, тарафларни яраштириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар, бу тоифадаги ишларнинг кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида фикр билдириб ўтди.

1998 йил 1 сентябрдан амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш, вояга етмаган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг манфаатларини қўриқлашнинг устунлигини назарда тутади.

     Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларнинг судлар томонидан тўғри ҳал этилиши ота-оналарнинг ва болалар ҳуқуқларининг муҳофазасини, ота-оналарнинг болаларини тарбиялашдаги масъулиятлари оширилишини таъминлашга имконият туғдиради, ота-оналарнинг болалари манфаатларига зид бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишларига барҳам беради, вояга етмаганлар қонунбузарликларининг олдини олиш чораларидан бири бўлиб ҳисобланади.

     Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судига 2021 йилнинг 10 ойи давомида жами 13 та боласини ўз тарбияга олиш ҳақида даъво аризалари келиб тушган бўлиб, шундан 7 та даъво аризаси қаноатлантирилган, 2 таси рад қилинган, 2 та иш юритишдан тугатилган ва 2 та иш бўйича аризалар кўрмасдан қолдирилган.

     Шунингдек судга 2021 йилнинг 10 ойи давомида жами 5 та бола яшаш жойини ёки бола билан кўришиш тартибини белгилаш ҳақида даъво аризалар келиб тушган, шундан 5 та болаларнинг яшаш жойини ёки бола билан кўришиш тартибини белгилаш тўғрисидаги фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 4 та даъво қаноатлантирилган ва 1 та иш бўйича аризалар кўрмасдан қолдирилган.

     Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судига 2021 йилнинг 10 ойи давомида жами 338 таникоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 236 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 128 та даъво аризаси қаноатлантирилган, 63 таси рад қилинган, 34 та иш бўйича даъвогар даъводан воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган ва 11 та иш бўйича аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Шундан, судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризасини беришда 160 та иш бўйича эркаклар даъвогар бўлган, 76 та иш бўйича аёллар даъвогар бўлганлиги маълум бўлди.

     Тарафларнинг ёши бўйича таҳлил қилсак, 18 ёшдан 30 ёшгача 187 та, 30 ёшдан 40 ёшгача 36 та, 40 ёшдан 50 ёшгача 11 та ва 50 ёшдан юқори 2 тани ташкил этади. Такрорий никоҳдаги шахслар томонидан берилган аризалар сони 4 та ва судга даъво берган вақтида шаърий никоҳ қурган тарафлар сони 5 тани ташкил этган.

     Никоҳдан ажралиш бўйича судга даъво қўзғатишда асосан эр-хотин бир-бирларини тушуниб етмасликлари, оилавий муносабатларга қайнота ва қайноналарни аралашиш ҳолатлари, эр ёки хотининг узоқ йиллар хорижий мамлакатларга кетиб қолганлиги баъзи ҳолларда эса хиёнат қилиш ҳолатлари сабаб бўлмоқда.

      Бундан кўринадики, тумандаги айрим маҳалла фуқаролар йиғинларидаги олдинги “Яраштириш комиссия”лари хозирги вақтда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияларининг фаолияти талаб даражасида эмас. Маҳаллаларда бузилаётган оилаларни тиклаш, уларни мустаҳкамлаш чораларини кўриш, нотинч, муаммоли оилалар билан алоҳида иш олиб бориш, маҳалла фуқаролар йиғинларида бу комиссиянинг фаолиятини янада кучайтириш, туманда ижтимоий соғлом муҳитни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёш оилалар ўртасида никоҳдан ажралиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган ҳамкорликдаги тарғибот ишларини кучайтириш лозим деб ҳисоблаймиз.

     Суд томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда, ҳар битта оилани сақлаб қолиш чораларини кўриш мақсадида тарафларга ярашишлари учун муддат бериш ҳақида ажрим чиқарилиб, ушбу ажрим ижро қилиш учун туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ҳамда тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига юборилади. Яраштириш комиссиясининг хулосаси суд учун ишни мазмунан ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

Шундай бўлсада, ҳанузгача тумандаги айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тарафларни яраштириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш ва бу ишларнинг натижалари бўйича яраштириш комиссиясининг якуний хулосасини судга тақдим этишда бир-қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.

     Суднинг тарафларни яраштириш чораларини кўриш ҳақидаги ажрими Хатирчи тумани ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва тегишли МФЙларига тарафларни оилага бўлган муносабатини ўзгартириш ва яраштириш чораларини кўриш учун юборилганда, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими аксарият ҳолларда судга тақдим этилган хулосасида ушбу оилани яраштириш имкони бўлмаганлигини, келишмовчиликлар ва оилавий муносабатлари таҳлил қилиниб оилани сақлаб қолиш масаласини судга ҳавола қилишни маққсадга мувофиқ деб ҳисоблашини хулоса қилинган.

     Бундай ҳолатда суд маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан берилган хулосаларга танқидий баҳо бериб, улар томонидан тарафларни яраштириш чораси кўрилмаганлиги, суднинг ажримини ўз вақтида жавоб берилмаганлиги ёки тегишли ҳудудга йўналтирилмаганлиги сабабли, суднинг тарафларни яраштириш бўйича ажрими ижросига масъулиятсизлик билан ёндошганлиги учун хусусий ажарим чиқариш йўли билан муносабат билдирилмоқда.

Жумладан, Хатирчи туман ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига 23 та хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, шундан 19 тасига жавоб берилган, 2 тасига жавоб берилмаган ҳамда 2 таси жавоб бериш муддати бор.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

     Суд томонидан МФЙ ва бошқа масъул шахслар иштирокида бир неча бор тушунтириш ишлари олиб борилганига қарамасдан, суднинг ажримлари номигагина муҳокама қилинаётганлиги, ушбу ажримлар ортида оила ва болаларнинг кейинги тақдири турсада, улар бўйича асоссиз хулоса қилиш ва айрим ҳолларда умумий сўзлар билан судга жавоб қайтариш ҳолатлари давом этмоқда.Бўлим томонидан суднинг ярашиш учун муддат бериш ҳақидаги ажримлари суд мажлисига яқин қолгандагина муҳокама қилинмоқда.

Юқоридаги ҳолатларнинг келиб чиқишига, суднинг ажримлари номигагина муҳокама қилинаётганлиги, ушбу ажримлар ортида оила ва болаларнинг кейинги тақдири турсада, улар бўйича асоссиз хулоса қилиш ҳолатлари давом этаётганлиги ёки тарафларни яраштириш комиссиясига жалб қилиш ишлари тўғри ташкил этилмаганлиги сабаб бўлган.

      Судларда ишларни кўриш жараёнида низо замирида келгусида жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар содир этилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланган тақдирда уларни олдини олиш юзасидан ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга хабарнома юбориш амалиёти жорий этилган.

Жорий йилнинг 10 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар юзасидан 3 та хабарномалар чиқарилиб тегишли ИИБга юборилган.

Никоҳдан ажрашиш ҳақида ариза билан судга мурожаат этган ҳар бир оилани яраштириш ва уни сақлаб қолиш учун энг аввало уларнинг ота-оналари, маҳалла фуқаролар йиғини яраштириш комиссияси, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш, оилаларни сақлаб қолишда катта самара беради.

     Тумандаги тегишли ташкилотлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда, арзимаган сабабларга кўра бузилаётган оилаларни тиклаш, уларни мустаҳкамлаш чораларини кўриш, нотинч ва муаммоли оилалар билан кўпроқ иш олиб бориш, маҳаллаларда яраштириш комиссияларининг фаолиятини янада кучайтириш, суд томонидан юборилаётган ажримлар бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳақида ўз вақтида судга ёзма маълумот тақдим этиш, туманда ижтимоий муҳитни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда оилаларни мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган чора тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, жамиятда оила мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси    Бабақулов Баҳодир Қуллиевич

 

Muallif:admin,  Qo‘shilgan sana: 19.11.2021,   Ko‘rilgan: 219   Chop etish
Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda xato matnni belgilab, CTRL + ENTER tugmasini bosing va sayt ma'muriga xabarnoma jo‘nating.