» » 1 ОКТЯБРЬ - Ўқитувчи ва мураббийлар куни.

1 ОКТЯБРЬ - Ўқитувчи ва мураббийлар куни.

1 ОКТЯБРЬ - Ўқитувчи ва мураббийлар куни.    Дарҳақиқат, шундай. Бутун умрини, ҳаётини ёш авлод тарбиясидек эзгу ишга бағишлаган соҳа ходимларини фидойи, демай бўладими? Очиқ айтиш жоиз, фидойи бўлиш ва бу номга сазовор бўлиш учун эса гоҳида бутун умр ҳам камлик қилади.

     Ўқитувчи ва ўқувчиларга етарлича шарт- шароитлар яратиш борасида мустақиллик йилларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнатини юқори баҳолаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди. Пировард натижада таълим- тарбия соҳасида, маънавий- маърифий соҳаларда мисли кўрилмаган ишлар қанот ёзди.

Аввалги йилларда бўлганидек, истиқлолнинг 23 йиллиги шодиёналари арафасида ҳам туманимизда кўплаб замонавий илм даргоҳлари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Ҳар бири 180 ўринли 43,44,59- умумтаълим мактаби бинолари, шунингдек 27- умумтаълим мактабида замон талабларига жавоб берадиган спорт залининг янги ўқув йилида ўқувчи ва ўқитувчилар ихтиёрига топширилганлиги ҳам юқоридаги фикрларимизнинг исботидир.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” ҳамда “Соғлом бола йили” давлат дастури талаблари асосида таълимда ўқувчилар билим самарадорлигини янада яхшилаш, улардаги ноёб қобилият , иқтидор ва истеъдодни ривожлантириш ҳамда қўллаб- қувватлаш ҳозирги кун талабидир.

Ўқувчиларимиз бу йил “Билимлар синови”да ҳар йилгиданда фаол иштирок этишди ва барчамизни хурсад қилдилар. “Билимлар синови”нинг республика босқичида 55- умумтаълим мактабининг 7- синф ўқувчиси Севара Файзуллаева 1- ўринни, 70- умумтаълим мактабининг 8- синф ўқувчиси Қувончбек Сағдуллаев фахрли 3- ўринни қўлга киритишди. Бу эса айтиш жоиз, ўқитувчи ва мураббийларимизнинг энг катта ютуқларидан бири бўлди.

Бугунги кунда спорт соҳасида қўлга киритилаётган ютуқларимиз ҳам мақтаса арзигуликдир. Аҳамиятли томони шундаки, таълим муассасаларида таълим- тарбия олаётган 27 минг нафарга яқин ўқувчининг 11209 нафари спортнинг 13 тури билан мунтазам шуғулланиб келишмоқда.  Умумтаълим мактаблари ва БЎСМлари билан қўшиб ҳисоблаганда 42 та замонавий спорт заллари, спорт мажмуалари улар ихтиёрида. Натижа ҳам шунга яраша бўлмоқда.  Ўқувчиларимиз аввалгидек туман ёки вилоят миқёсидаги мусобақалар билан чекланиб қолишаётгани йўқ. Улар эндиликда спортнинг кўплаб турлари бўйича республика ва жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда фаол қатнашиб совриндор бўлишяпти. Жаҳон чемспионлари сони ошиб бораётгани нафақат бизнинг, балки миллатимиз фахридир.

Биз бугунги кунда эришилаётган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, ўқувчи ва ўқитувчилар учун имкониятларни  кенгайтириш мақсадида кўплаб ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз. 8,31,41,49,68,70,84,86- умумтаълим мактаблари биносини капитал реконструкция қилиш, 34- умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси ХТВ ҳузуридаги БСРЖ томонидан 12х24 ўлчамдаги спорт зали қуриш ҳамда “Лочин” спорт мажмуасини капитал таъмирлаш Дастурга ва 2015- йил режасига киритилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бу борада амалга оширилаётган ишларимиз кўлами кенг.  “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ХТМФМТТЭБ тасарруфидаги таълим муассасалари ходимларидан 10  нафарини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия этилганлигини ҳам юқорида айтилганидек режалаштирилган ишлардан бири, дейиш мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб барча соҳа ходимларини, устоз ва мураббийларни касб байрамлари билан чин қалбдан муборакбод этаман. Уларга тани сиҳатлик, машаққатли ишларида улкан муваффақиятлар тилайман.

М.ФАЙЗИЕВ,

туман ХТМФМТТЭБ мудири.

 

 

 "Хатирчи ҳаёти" газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 29.09.2014,   Кўрилган: 1223   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.