» » » Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашнинг долзарб масалалари

Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашнинг долзарб масалалари

 

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқи кўлами ва долзарб вазифаларнинг белгилаб берилганлиги, айни вақтда уларнинг ечимлари кўрсатиб берилгани билан ажралиб туради.

Конституция фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, мамлакатни дунёга танитадиган сиёсий харита, мустақилликни таъминлаб берган давлатнинг паспорти сифатида тан олинар экан, у доим ўзлигимизни кўрсатиб турадиган олий қонундир. Бу қонун давлат ва жамият учун ҳар доим устувор ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида “Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деган пурмаъно сўзларини бежизга эсламади.

Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони эканлиги алоҳида таъкидланишида катта маъно бор. Ҳақиқатан ҳам қонун устуворлиги таъминланган давлатда демократик қадриятлар қарор топади вамустаҳкам бошқарув амалда бўлади. Президентимиз ушбу тушунчаларга чуқур таъриф берар экан, Қонун устуворлиги – бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт, деганидир”деб тўғри таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ушбу ғояларни ҳаётга тадбиқ этиш, давлат ва жамият ўртасида мувозанатни таъминлаш, бунча қонунчиликни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида алоҳида қайд этиб ўтди. Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида ҳам, Мурожаатномада ҳам Конституция ва қонун устворлигини таъминлашга эришиш давлатимиз келажаги ва халқимизнинг келгуси истиқболини белгилаб беришини рўй-рост айтиб ўтди.

Бизнингча, қонун устуворлигини таъминлашга бир қатор муҳим тадбирларни амалга ошириш орқали эришиш мумкин.

Биринчидан, ҳар қандай қонун ҳужжати яратилишидан олдин мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари чуқур англаб олиниши, давлат ва жамият тараққиёти ривожланиши йўлида қўйилган вазифалар идрок қилиниши ва мақсадлар аниқлаб олиниши лозим.

Иккинчидан, жамиятда тартибга солинмаган ижтимоий муносабатлар аниқланиши, фуқароларнинг муаммолари ўрганилиши, муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётган турли қарашлар инобатга олиниши ҳамда илмий асосланиши керак.

Учинчидан, қонун ҳужжатлари фақат Конституцияда белгиланган нормалар, қоидалар, принциплар доирасида ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши, имкон қадар идоравий характердаги, ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилишни кескин камайтириш, қонун ҳужжатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини турлича талқин қилишга олиб келадаган ҳаволаки нормалар кириб қолишини олдини олиш,тўғридан-тўғри қўлланадиган қоидаларнинг яратилиши муҳим омиллардан саналади.

Тўртинчидан, яратилган қонун ҳужжатлари лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар ва мутахассисларнинг экспертлик кўригидан ўтказилиши, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши лозим.

Бешинчидан, ҳар қандай давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мақомини янада ойдинлаштириш, уларнинг фақат қонунчиликда белгиланган ваколатлари доирасига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларини қабул қилишга эришиш мақсадга мувофиқ.

Олтинчидан, ҳар бир кишида норма ижодкорлиги қобилиятини ривожлантириш, фикрларни эркин баён қилиш муҳитини шакллантириш, ҳар қандай ғоя ва қарашларни ҳурмат қилиш, уни рағбатлантириш, илм-фан натижалари, олимларнинг илмий хулоса ва таклифларидан ўринли фойдаланиш, қонун ҳужжатларини яратишнинг институционал тизимини йўлга қўйиш лозим.

Еттинчидан, амалдаги қонунчиликни хатловдан ўтказиш, умумлаштириш, кодекслаштириштиришга кенг йўл бериш, қонунчилик жараёнини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини ижро қилиш механизмларини янада такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказишда ахборот коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларини шарҳлаш ва талқин қилиш қобилияти ва кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш самара бериши мумкин.

Жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашнинг энг асосий шартларидан бири бу мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билимли бўлишидир. Уларнинг ҳуқуқий билими даражаси бир томондан қабул қилинадиган қонун ҳужжатларининг сифатига таъсир кўрсатса, иккинчи томондан қонун ҳужжатларининг ўз вақтида ва ишончли ижросини таъминлашга олиб келади.

Давлат органларида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ жараёнларда очиқликни таъминлаш, лойиҳаларни кенг муҳокама қилиш, уни тегишли ҳуқуқий экспертизаларини ташкил этиш муҳим омиллардан саналади.

Президентимиз томонидан сўнгги пайтларда қабул қилинган қатор фармон ва қарорларда қонун устуворлигига эришишда мансабдор шахсларнинг бошқарув қобилиятини ривожлантириш, қўл остида ишлаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига сўзсиз риоя этишлари, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказмаслик, ходимларнинг ишчанлик қобилиятини ривожлантириш ва ҳар томонлама рағбатлантириш ҳақида раҳбарларнинг огоҳлантирилаётгани кактта самара бериши мумкин.

Бугунги кунда “давлат органлари ва мансабдор шахслар халққа хизмат қилиши” асосий бошқарув принципига айлантирилаётган экан, қонун устворлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири - бу фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш бўлса, иккинчи томонидан мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартибларини такомиллаштиришга ҳам боғлиқ. Мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифааларини нотўғри бажараши, ваколатидан четга чиқиши, масъулиятсизлиги, бюрократияга асосланиш, қоғозбозлик, мажлисбозлик каби замондан орқада қолган бошқарув принциплари қонун устворлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатадиган жиҳатлар ҳисобланади.

Президентимизнинг маърузасида кўтарилган “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш” ғояси нафақат давлат бошқарувини тўғри ташкил этишга хизммат қилади, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш, одамларда келажакка ишонч ҳиссини кучайтириш, демократик қадриятларни кенг жорий этиш, давлат ва жамият бошварувида ҳар бир кишининг иштирокини таъминлаш, муаммолар ечимини кўрсатиб берадиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш, мамлакатимиз зиммасига олган халқаро ҳуқуқий мажбариятларини виждонан бажариш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Инсон бахтли бўлиши, ўзини эркин ва озод ҳис қилиши, ҳаётидан рози бўлиши, ўзи ва фарзандларининг хавфсиз жамиятда яшаши кафолати айнан қонун устувор бўлган жойдагина таъминланишига шубҳа йўқ.

 

Аброр Сатторов,

 

Хатирчи туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

 

Муаллиф:admin,  Кушилган сана: 11.03.2020,   Кўрилган: 95   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.