МУТАХАССИС МАСЛАҲАТИ

Республикамизда нўхат, ловия, мош ва соя озиқ-овқат экинлари сифатида экилиб, парваришланади. Улар фойдалилиги, хушхўрлиги билан фарқланади.

  Мазкур озиқ-овқат экинларида организм учун зарур аминокислоталар, оқсиллар, ёғлар, углеводлар, шакар, кўп миқдорда витаминлар ва минерал тузлар мавжуд. Соя ва ловия қандли диабет би­лан касалланган беморлар учун пархез таом сифатида тавсия этилади. Шундай экан, дуккакли дон экинларининг йил давомида истеъмол қилиниши учун уларни ҳашарот ва кемирувчилардан сақлашда эътиборли бўлишимиз зарур.

  Айниқса, ҳашаротлардан тўртдоғлидонхўр ва омборузунбуруни (мита) ўта хавф солувчи ҳашаротлардандир. Тўртдоғлидонхўр ўсимликларнинг ривожланиши даврида ҳам ва ҳосилни заҳирада сақлаш даврида ҳам қаттиқ зарарлайди. Мош, нўхат, ловия ва соя донларини думалоқ қилиб тешиб киради ва ичини еб қўйиб, истеъмол даражасини пасайтириб юборади. Тўртдоғлидонхўр бир йилда 10 тагача авлод беради. Қўнғизи майда - 3,5-5 мм, қанотида 4 та доғи бор. Қўнғизи донлар устига, қопларга, матоларга уруғқўйиб, жуда тез кўпаяди.

  Заҳирага олиб қўйилган дон ҳосилини узоқ вақт сақ­лаш учун сув ва озиқ-овқат маҳсулотларидан бўшаган турли ҳажмдаги пластик (елим) идишларни ташлаб юбормасдан, балки илиқ сувда ювиб тозалаб, қуритиб, ловия, мош, нўхат ва сояни офтобда қуритиб, бундай идишларга солиб, оғзини беркитиб қўйиш зарур. Шунда донлар ҳашарот ва кемирувчилар билан зарарланмайди.

  Дон солинган идишларнинг қопқоғи йилига бир-икки марта очиб-ёпилганда дон бир неча йилгача унувчанлигини йўқотмайди.

  Албатта, бу усул томорқада етиштирилган маҳсулотларни сақлаш учун қўлланилади.

  Лекин фермерларимиз тонналаб етиштирилган маҳсулотини қандай сақлашларини ўйламоқдалар. Бунинг учун дон ҳосилини омборга киритишдан олдин ёки кейин карантин инспекциясига мурожаат қилсалар, улар фумигация ишлови ўтказиб, донни меъёрида сақлаш учун кафолат берадилар.

 

“Хатирчи ҳаёти” газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 29.10.2016,   Кўрилган: 521   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.