» » » “Ватан улуғ - бурчим муқаддас!”

“Ватан улуғ - бурчим муқаддас!”

“Ватан улуғ - бурчим муқаддас!” 2015  йил 13 январь куни   Ватан  ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 23 йиллигига бағишлаб “Ватан  улуғ - бурчим муқаддас!”  шиори остида байрам тадбири  ўтказилди. Байрам тадбирида  Хатирчи туман ҳокими Ғ.Алиев тадбир иштирокчиларини, туманимиз ҳарбийларини  байрам муносабати билан қизғин муборакбод этди:

 Азиз юртдошлар, она Ватанимизнинг жасур, мард ўғлонлари!

 

Сизларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана - Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 23 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Ватанни севмоқ иймондандир, Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир, деймиз.  Ватанни севишнинг, уни саждагоҳ каби муқаддас билишнинг асосий шартларидан бири уни ҳимоя қилишдир.

  Аждодларимиз азалдан Ватанни ҳимоя қилишни энг муқаддас бурчларидан бири, деб ҳисоблашган. Бу бурчни ўташда ўз жонларини ҳам аяшмаган, душман билан мардонавор курашишган.    Бу ҳақда сўз юритганда Тўмарис, Широқ, Спитамен, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Темур Малик ва яна кўплаб тарихий халқ қаҳрамонларини санаб ўтишимиз мумкин.

Мана шундай улуғ сиймолар, миллатимизга хос қадриятлар асосида бундан 23 йил муқаддам Ўзбекистон Республикасининг Қуролли кучлари ташкил этилди ва ўша кун 14 январь мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни, деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Қуролли кучлари ўтган тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтди. У бугунги кунда сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, замонавий  талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида Қуролли Кучларимиз фаолиятининг ҳуқуқий асосини кафолатлайдиган бир қатор қонунлар, қарорлар қабул қилинди. Уларнинг самараси ўлароқ муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резерви ҳарбий хизмати жорий қилинди.

Республикамиздаги олий ҳарбий билим юртларига барча шароитлар яратиб берилди. Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий шаҳарчалар қуриш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмдан тегишли тавсиянома олган аскарлар учун олий ўқув юртларига киришда имтиёзлар яратилди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда Қуролли Кучларимизга бўлган ишончни кучайтирди. Ҳарбийларга бўлган ҳурматни оширди. Ёшларда ҳарбий хизматга ҳавасни уйғотди.

Бу каби ўзгаришлар, жараёнлар, муносабатлар туманимизда ҳам ўз ифодасини тўлиқ топган. Туманимизда ҳарбий хизматни мардонавор ўтаган ва бугунги кунда истеъфода бўлган юқори унвонли ўнлаб офицерлар бор. Шуниси эътиборлики, улар бугунги кунда ҳам ҳарбийларга хос бўлган хислатлар билан жамоат ишларида фаоллик кўрсатишмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматга эса ҳар чақирувда юздан ортиқ йигитлар отланишмоқда. Тиббий кўрикдан, тегишли тест синовларидан муваффақиятли ўтган ёшлар ўз хизмат бурчларини шараф билан адо этишмоқда. Буни биз ҳарбий қисмлардан туман ҳокимлигига, туман мудофаа ишлари бўлимига, аскарларнинг ота- оналарига келаётган ташаккурномалардан ҳам билишимиз мумкин.

Шу ўринда бугунги тантанали йиғилишда иштирок этаётган ана шу аскарларнинг ота-оналарига, улар орқали йигитларимизга туманимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишаётганликлари учун миннатдорлик билдираман.

Шу билан бирга ҳар йили бир қатор ёшларимиз олий ҳарбий билим юртларига ўқишга кираётганликларини, контракт асосида ҳарбий хизматни давом эттиришга қолаётганликларини ҳам фахр билан таъкидлаб ўтаман.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Сизларни Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан яна бир бор табриклаб, Сизларга соғлик, бахту саодат, файзу барака ёр бўлишини тилайман.

Жонажон Ўзбекистонимиз осмони ҳамиша мусаффо, сарҳадлари тинч, элимизнинг турмуши осойишта бўлсин! Ватанни, демакки бизни ҳимоя қилаётган ҳарбийларимиз омон бўлишсин!

Байрам барчангизга муборак бўлсин!

 

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 16.01.2015,   Кўрилган: 1072   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.