» » » 29-март - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни

29-март - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни

Бугун мамлакатимиз ўз тарихидаги ниҳоятда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа арафасида турибди. Унинг муҳимлиги шундаки, бунда ҳал қилувчи қарорни сайловчи қабул қилади. Айнан унинг қарори мамлакат келажагини, эл-юрт фаровонлигини таъминлайди.

 Мамлакатимизда сайловчининг бу ҳуқуқдан фойдаланиши Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Эътироф этиш керакки, сайловчилар ҳар сайловдан сайловга фаоллашиб боришмоқда. Уларнинг бу фаоллиги яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловда яққол намоён бўлди.

Сайловчиларнинг бу фаоллигини таъминлашда мамлакатимизда сайловга оид қонунларнинг мукаммаллиги, партиялараро соғлом рақобат мавжудлиги муҳим омил бўлди.

Энди эса олдимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови турибди. Сайловга тайёргарлик жараёни айни пайтда энг авж палла – сайловолди ташвиқотига келди. Жойларда Президентликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Эътироф этиш керакки, улар очиқ, ошкора ва тенглик асосида ўтаётир. Учрашувларда номзодлар баён этаётган сайловолди дастурлари сайловчиларнинг эътиборини тортмоқда.

Сайловолди ташвиқотлари натижасида сайловчилар қайси номзод учун овоз бериш масаласида маълум бир қарорга келган бўлишлари ҳам мумкин. Лекин сайловда энг муҳими сайловчиларнинг фаоллигидир. Содда қилиб айтсак, ҳар ким ўз келажагини ўзи яратади. Сайлов ана шу келажакни белгилайдиган бир восита. Шундай экан, ўз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро сайловда фаол иштирок этиши шарт. Қолаверса, сайлаш ҳуқуқи ҳар куни фойдаланиладиган ҳуқуқ эмас. Ундан фақат маълум муддатларда белгиланадиган сайловларда фойдаланилади. Демак, ҳар бир фуқаро сайловни интизорлик билан кутиши, сайловга байрамдек қараши лозим, десак муболаға бўлмас.

Бундан ташқари яқинда бўлиб ўтган сайловда гувоҳи бўлдикки, сайлов участкалари ҳавас қиларли даражада  жиҳозланган. Комиссиялар фаолияти бенуқсон ташкиллаштирилган.

Олдимиза турган сайлов унда биринчи марта овоз бераётган ёшлар хотирасидан мустаҳкам ўрин олиши шубҳасиз. Ахир улар бу санани, ўзлари ёқлаб овоз берган номзодни бир умр эслаб юришади!

Қолаверса, сайловга тайёргарлик ва сайлов жараёни халқаро кузатувчилар нигоҳи остидадир. Улар сайловга тайёргарлик жараёнига юқори баҳо беришмоқда. Келинг,  сайловда ҳам фаол иштирок этиб, яна бир бор уларни қойил қолдирайлик.

 

Қаноат Султонова,

халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши  депутати

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 10.03.2015,   Кўрилган: 1146   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.