DataLife Engine > Янгиликлар > Яхши сўз

Яхши сўз


7-06-2018, 16:31. Разместил: info

  Тил инсон танасидаги кичик бир аъзо бўлсада, масъу­лияти жуда каттадир. Чунки у фақат яхшиликни сўзлаб, ғийбат, тухмат, ёлғончилик, хақорат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш каби гуноҳ ишлардан тийилиши лозим. Сўз кучи билан олам ислоҳ этилиши, тил хатоси туфайли жамият бузилиши мумкин. Халқимиз: “Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан мусулмон динидан чиқади”, деб бежиз айтмаган.

Бу дунёга келган инсонлар бир-бири билан муомала қилмасдан иложи йўқ. Одамларнинг бир-бири билан қиладиган муомалалари худди меҳмонга қилинадиган муомаладек ширин ва мулойим бўлиши шарт, зеро, барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз. Бу тўғрида Пайғамбаримиз (С.А.В) шундай деганлар: “Кимгаки юмшоқлик насибаси берилган бўлса, у кишига дунё ва охират яхшилигидан иборат насиба берилгандир. Кимки юмшоқлик насибасидан маҳрум қилинган бўлса, демак у дунё ва охират яхшилигидан ибо­рат бўлган насибадан маҳрум қилинибди”.

  Тил бошқаларнинг дилига озор етказмайдиган чиройли сўзларни гапириши ло­зим. Уни хақорат, фъаҳш ва беҳуда нарсаларни гапиришга одатлантириб қўйишдан сақланиш керак. Кишиларнинг ёмонлигини яшириб, фақат яхшиликларини айтиш ҳам фазилатдир. Дарҳақиқат, юмшоқ ширин сўзли кишини барча яхши кўради, қўпол кишидан эса ўзини четга олади.

  Пайғамбаримиз (С.А.В) умматларини кўркам хулқли бўлишга чақириб, шундай деганлар: “Қиёмат кунида мўмин банданинг барча амаллари тарозига қўйилганида энг тош босадиган амали яхши хулқидир. Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз қилувчиларни ўзига дўст тутмас”.

  Тилни қалб таржимони ҳам дейишади. Инсоннинг қалби соф бўлса, унинг тилидан ях­ши гаплар чиқади. Ҳар бир кишининг сўзига қараб унинг кимлигини, қандай инсонлигини англаса бўлади.

Пайғамбаримиз (С.А.В) бун­дай деганлар: “Банданинг қалби тўғриланмас экан, унинг имони тўғри бўлмайди ва банданинг тили тўғрилан­мас экан, унинг қалби тўғриланмайди”.(Имом Аҳмад ривояти).

  Мўмин ёмон гапларни айтишдан, ғийбатдан, бақир-чақир қилишдан ўзини тийиб, муомаласи ёқимли, сўзи ширин бўлади. Ғайратли, жаҳлни жиловлай олган, хушфеъл кишиларга ўлкан ажрлар бор.

  Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Уларнинг кўп шивирлашиб гапиришларидан яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгўликка ёки одамлар орасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”. (Нисо, 114).

  Азизлар! Тил Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматларидан ва омонатларидан биридир. Уни фақат ях­ши сўзларни гапиришга ишлатиб, гуноҳ бўладиган сўзлардан тийиб, бу берил­ган неъматнинг шукронасини қилайлик. Биргина яхши сўз ўз сохибини жаннатга олиб киришга қодир эканлигини ва биргина номақбул сўз билан инсон Роббисининг ғазабига дучор бўлиб қолиши мумкинлигини эсимиздан чиқармайлик!

 

Бектош Хакимов,

Шайх Гадой Селкин жомеъ масжидининг

имом хатиби


Вернуться назад