DataLife Engine > Янгиликлар > Терроризм жамият душмани

Терроризм жамият душмани


13-12-2017, 10:22. Разместил: info

  Дунёдаги ҳар бир инсон тинчлик ва бахт истайди. Аммо тинчлик ва бахтнинг кушандалари сифатида бугун диний экстремизм, терроризм ва бошқа оқимлар чиқмоқдаки, уларнинг ёвузликларини кўриб ёқа ушлайсан, киши.

  Шундай оқимларнинг жонланиб қолганлигига турли сабабларни келтириш мумкин. Лекин унинг глобаллашув жараёнида дунё миқёсида тарқалиши ташвишли ҳолатдир. Ахборот тизимидаги ривожланиш халқлар ўртасидаги алоқаларни осонлаштиради. Ушбу воситалар бугун бизга жуда кўп қулайликларни яратиб бермокда.

  Шу ўринда ҳар нарсанинг кушандаси бор, дейилганидек, ушбу тизимдан ёвуз ниятда фойдаланувчилар ҳам чиқмокдаки, уларнинг жаҳолатига маърифат билан жавоб берадиган вақт етди. Бунда албатта, ёшларнинг таълим-тарбияси, маънавияти ва маданиятини юксалтириш, ҳар қандай ёт ғоялардан сақлаш бош вазифа ҳисобланади. Ҳозирги кунда қўшни Афғонистон давлатида одамлар ҳар лаҳзада қандайдир терактнинг қурбони бўлишдан қўрқиб яшамоқдалар.

  Айрим ёшларнинг таълим олиш, давлат ва жамият тараққиёти йўлида меҳнат қилиш ўрнига қўлига қурол олиб юришлари ҳам бизни тинчликнинг қадрига етишга, уни асраб-авайлашга ундайди.

  Ислом динига алоқаси бўлмаган зулм-зўравонлик, бузғунчиликни тарғиб қилувчи дин ниқоби остидаги кимсалар алдов йўли билан айрим ёшларни манқуртларга айлантириб олмоқдалар. Ёшларнинг онгини заҳарлаш орқали уларни худкушликка даъват этиш ва бу орқали уларга шаҳидликни ваъда бериш диний жиҳатдан ёлғондир.

  Чунки дунёдаги ҳар бир дин ўзини ўзи ўлдиришни энг оғир гуноҳ дея ҳисоблайди. Яратган ато этган неъмат - ҳаётни кимдир ёки ўзини ўзи олиши кечирилмас ҳолатдир.

  Шу ўринда ёшлар орасида бу каби иллатларнинг аянчли оқибатлари, ислом динининг асл маърифий моҳияти ҳақида кенг тушунчалар бериш муҳим ҳисобланади. Ҳар қандай иллатга соғлом фикр ва маърифат билан қарши туриш, келажак эгалари бўлмиш ёшларни ҳар томонлама баркамол шахс сифатида тарбиялаш вазифаси ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди.

 

Ирода Ҳусанова,

Хатирчи Тиббиёт коллежининг талабаси

"Хатирчи ҳаёти" газетасидан олинди


Вернуться назад