» » Диний экстремизм: бузғунчи ва сохта ғоя

Диний экстремизм: бузғунчи ва сохта ғоя

  Яратганнинг бандаси бўлмиш ҳар қандай инсонга моддий ва жисмоний зарар етказиш, айниқса, “нафс эгасини” ноҳақ, қатл этиш, унинг қонини тўкиш, оиласи ва фарзандларини боқувчисиз қолдириш, инсон ҳаёти устидан ҳукм чиқариш ислом арконларида “гунохи азим” ҳисобланади.

  Ҳозирги кунда матбуотда ҳам, ойнаи жаҳонда ҳам “диний экстремизм” деган ибора тез- тез ишлатилаяпти.

Хўш, диний экстремизм нима? “Диний экстремизм - жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва  ақидавий аҳкомларни рад этиш ва ўз ғояларини муросасизлик ва зўрлик билан тарғиб қилишдир”.

  Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини  ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. У туфайли халқи­миз минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини сақлаб қолмокда.

  Шу ўринда ўсмирлар ташқи таъсирларга кўпроқ мойил бўлишини алоҳида қайд этиш лозим. Муайян ҳолларда ҳаётдаги орзу-мақсадларга мустақил эришиш ҳаракатларининг ҳамма вақт ҳам амалга ошавермаслиги оқибатида ёшларда инфантиллик (ўзини ночор, ёрдамга муҳтож ҳис қилиш)дек хусусият шаклланиши кузатилади. Бундай вазиятда уларда “олий мақсадларга интилаётган мен каби кишилap ёки жамоа мавжуд”, деган тасаввур пайдо бўлишига замин яратилади. Шунда улар ўзларининг мақсад ва интилишларини тушунадиган кишиларни излай бошлайдилар.

  Айни пайтда, жиддий, масъулиятдан озод бўлган ўсмирлар учун шахсий тажрибанинг етишмаслиги хосдир. У соддадиллик ва хаёлпарастлик билан ёнма-ён келади. Шу билан бирга, ёшлар наздида атрофда кузатилаётган адолатсизлик натижасида юзага келадиган зўриқишни йўқотишда фақат биргина йўл - “буюк ғоя”ни ўзида мужассамлаштирган етакчи билан ҳаммаслак бўлишни танлашга мойиллик юзага келади. Бу йўл ўсмирни диний мутаассиб оқимларнинг домига тортилишига олиб келиши мумкин.

  Ҳар қандай диний мутаассиб оқим “ўлжа”сининг ҳаётий муҳим эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, ўз таълимотини жозибадор қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Одамларнинг бундай оқимлар таъсирига тушиб қолиши, шунингдек, одатдаги ахборот доирасидан ташқарига чиқадиган турли шов-шувларга ортиқча эътибори билан ҳам белгиланади.   Бундай эътиборни бугунги кунда кенг тарқалаётган ғайритабиий ҳодиса ва жараёнларнинг ҳақиқатдан ҳам мавжудлиги ҳақидаги ахборотлар озиқлантириб туради. Турли ахборот манбаларининг доимий таъсири остида бўлган бир пайтда инсон ғайриилмий, сохта диний ғояларни қабул қилишга мойил бўлиб қолади.

  Экстремистик гуруҳларнинг асосий мақсадлари зўравонлик ва алдаш усуллари билан сиёсий ҳокимиятга эришиш бўлиб, бу йўлда гуруҳ етакчилари оддий аъзоларни бемалол қурбон қилиб юбормоқдалар.

  Мутаассиб ғоялар домига тушиб қолган шахслар оиласидан, жамиятдаги ўрнидан, хатто ҳаётидан ажрамоқдалар. Бундай шахсларни ҳар қандай топшириқни ҳеч иккиланишсиз бажариш даражасига олиб келиш учун эса синалган услублардан фойдаланилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳамма вақт ҳам диний мутаас­сиб оқимлар аъзолари илк суҳбатданоқ, норасмий адабиётлар ва шахслар ҳақида батафсил сўзламайди. Улар ўз жамоаларига жалб қилиш мақсадида расман тан олинган диний адабиётлар орқали сабоқ олишни тавсия этиши ҳамда бошланғич илмларни ўрганиш учун ўз жамоасига таклиф қилиши мумкин. Буларнинг бари қанчалик жозибадор ва тўғри бўлиб кўринмасин, диний маълумоти ва аниқ мақсадларини билмаган одамдан диний билимларни ўрганишга ҳаракат қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

  Республикамиз ёшлари учун диний билимларга бўл­ган эҳтиёжни Ўзбекистон Республикаси қонунлари доирасида таъминлаш энг тўғри йўл бўлади. Диний таълим ҳақида гап кетар экан, сўнги йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртларида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилганлиги, давлат таълим стандартлари билан мувофиқлаштирилган ўқув дастурлари тузилгани ва ижроси таъминланганлигини таъкидлаш зарур. Бир сўз билан айтганда, бугунги кун­да республикамизда фуқароларнинг диний билимлар­га бўлган эҳтиёжини тўла қондира оладиган ва давр талабига жавоб берадиган таълим тизими фаолият кўрсатмоқда.

  Ҳозирги кунда фарзандларимиз дунёнинг энг ўткир, фаол, уддабурон, ватанпарвар ёшларига айланиши, уларни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ. “Қуш уясида кўрганини қилади”. Бу борада, албатта, ота-онага ёрдам беришда бутун жамоатчилик-маҳалла оқсоқоли, диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, имом, профилактика нозири, “Маънавият ва маърифат” бўлими, хотин-қизлар қўмитаси ва “Камолот” ЁИҲ каби ижтимоий ташкилотларнинг жойлардаги масъуллари биргаликда фаол ишлашлари керак.

  Хулоса қилиб айтганда, агар биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғaразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига раҳна сола олмайди.

  Одамлар қалбида бугунги тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳиссини теварак-атрофдаги вайронагарчиликлар, дин номидан содир этилаётган вахшиёна хатти-ҳаракатлар мисолида ҳис эттиришни шакллантиришимиз, ҳар биримиз жондан азиз фарзандимизни, ўз оиламизни асраганимиз каби динимизни, юртимизни турли бузғунчи кучлар адоватидан асрашимиз даркор.

 

Мустафо Юнусов,

“Бадр ота” жомеъ

масжиди имом хатиби

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 05.05.2017,   Кўрилган: 388   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.