Миссионерлик нима?

  Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало унинг маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга.

  Бу сўз лотин тилидаги “missio” феълидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Демак, миссионерлик белгиланган вазифаларни ҳал қилишг қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуидир.

  Умуман олганда, турли лўғат ва манбаларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилган. Уларнинг деярли барчасида мис­сионерликка хос хусусиятлар атрофлича тавсифланган. Қисқаси, миссионерлик - бир динга эътиқод қилувчи халқлap орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.

  Миссионерлик билан бир қаторда прозелитизм деган тушунча ҳам бор. Хўш, унинг моҳияти нимада?

  Прозелитизм тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.

  Прозелитизм келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, бизга қўшни бўлган айрим давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда.

  Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни ҳоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда.

  Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни ҳоҳламагани, унинг отаси эса ўз набирасини му­сулмон урф-одатларига кўра хатна қилдиришни истагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.

  Христиан ёки бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланмоқда. Оилада қизнинг ота-онаси му­сулмон. Албатта, улар ўз қизларини мусулмон кишига турмушга чиқишини истайдилар. Аммо христианликни қабул килган қизга мусулмон кишининг уйланиши амри махол.

  Ҳозирги кунда миссионерлар ўз ташкилий асосларини яратишда асосан нашриётлар, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлари мақомидан фойдаланишмоқда. Бундан ташқари баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида фаолият олиб боришмоқда.

  Масаланинг яна бир асосий томони маблағ билан боғлиқ десак ўринли фикрни таъкидлаган бўламиз. Чунки, кўп нарса моддий манфаатдорликка бориб тақалади. Мантиқан олганда ҳам ҳозирги пайтда пулсиз бирон бир натижага эришиб бўлмайди.

  Шундай экан, миссионерлик тарғиботчилари бунда молиявий жиҳатга алоҳида эътибор беришга уринмоқдалар. Улар бу йўлда миллиардлаб доллар сарфлашмоқда.

  Миссионерлик ҳаракатининг асосий ғояси бу диндан чиқариб, динсизлик йўлидан боришга даъват этишдан иборат. Бир сўз билан айтганда, инсондаги яхши хислатларни унинг қалбидан чиқариб ташлаб, уни қўполроқ қилиб айтганда манқуртга айлантириб тобе қилиб қўйишдек бўлмағур одат миссионернинг мақсад муддаосидир.

  Эътиқоди, виждони бутун киши динига содиқ қолади, аслида. Буни миссионерлар жуда яхши биладилар. Шу боис улар маънавиятида бўшлиқ хукмрон бўлган аҳоли қатлами ёхуд алдаш бир мунча осонроқ бўлган ёшларнинг ғўрлигидан фойдаланиб қолишга уринаётганлиги бу борада ўтказилаётган таҳлиллардан аён бўлмоқда.

  Айтиб ўтилганидек, ушбу ҳаракат ташкилотчилари бу борада маблағни аямай сарфлайдилар. Мақсад ягона-биргина одамни бўлсада ўз йўлидан оғдириш. Шу ниятда кўнгилочар тадбирлар ташкил этишади. Одамларни жалб этиш ва уларнинг кўнгилларини олиш учун ўзига оҳанграбодек тортувчи кеча ҳамда маросимлар уюштиришдан сираям тап тортишмайди, улар. Хуллас, бундай саъй-ҳаракатлар миссионерликнинг асосий кўринишларидан бири эканлиги тан олинган ҳақиқатдир.

  Бирок, шу ўринда яна бир фикрни айтиб ўтишга тўғри келади. Бу ерда гап фақат диний масалада бўлганида унчалик хавотирли жойи бўлмаслиги мумкин эди. Чунки, бизнинг қонунларимизга кўра ҳар кимнинг у ёхуд бу динда бўлиши ихтиёрий эканлиги кўрсатиб ўтилган.

  Лекин, миссионерлик фаолиятида бирор бир мамлакатни ўзининг сиёсий тизгинларига солиб олишга уринишлар борлиги билан ниҳоятда хавфлидир. Бу эса ҳар биримиздан ўта хушёрлик ва сезгирликни талаб этиши турган гап.

  Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, айрим халқаро ташкилотлар ўз ҳукуматлари томонидан молиялаштирилган дастурларга биноан МДҲ давлатларидан талаба ва ўқувчиларни у ёки бу мамлакатга юбориб, уларни диндор фуқароларнинг оилаларига жойлаштириш ва шу йўл билан бир йил давомида уларни прозелитларга айлантиришдек мақсадларни кўзлаб фаолият олиб боргани ҳам маълум бўлмоқда. Мазкур мисол миссионерлик билан шуғулланадиган ташкилотлар эътиқодий ўзгартишлар объекти қилиб танланган давлатларга ўз ҳукуматлари қўллаб-қувватлашига таяниб, кириб боришга ҳаракат қилаётганликларини ҳам кўрсатади.

  Адолат юзасидан ҳам, ҳақиқатни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам, миссионерликни фақат христиан дини билан боғлаш тўғри бўлмайди. Миссионерлик ўзига хос ва узоқ тарихга эга. Жумладан, бундай ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган. Бугунги кунда эса миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда “Қуёшга топинувчилар” (“Солнцепоклонники”) каби янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур.

  Шундай бўлса-да, маълумотларга кўра, дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Хусусан, протестантлик замонавий миссионерликнинг асосий ҳомийси бўлиб турганини алоҳида қайд этиш лозим.

  Демак, бундан кўринадики, миссионерлик хунук ва аянчли оқибатларни келтириб чиқаришда ҳамон ўз фаолиятини давом эттирмокда.

  Ҳаммамиз, айникса, ёшларимиз унинг исканжасига тушиб қолишдан ўзларини сақлашлари лозим.

 

"Хатирчи ҳаёти" газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 05.05.2017,   Кўрилган: 344   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.