» » Оммавий маданият ва ахборот хуружи

Оммавий маданият ва ахборот хуружи

  Мустақил тараққиётнинг 26 йиллик тарихи давомида халқимиз биринчи Президентимиз И.Каримовни юртимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг асосий   кафили сифатида идрок этиб келди. Бунда Президентимизнинг ёшларни ёт   ғоялар таъсиридан сақлаб қолиш, уларнинг онгига йўналтирилган ахборот-психологик, “Оммавий маданият” хуружларини ўз вақтида бартараф этиш,  қолаверса, бу соҳада ўзини ўзи ҳимоя қилишга тайёрлаш масаласига катта  эътибор қаратиб келганлиги диққатга сазовордир.

  Замонавий дунёда энг катта жангу жадаллар ахборот майдонида рўй  бераётганлиги барчага аён. Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек,     “Мана кўраяпсизлар, ҳозирги пайтда дунё зўравонлар дунёси бўлиб қоляпти.  Кимнинг қўлида кучли матбуот, ахборот воситалари бўлса, ким информация  майдонида устунлик қилса, замон кимники бўлади -аввало ўшаларники   бўлади”.

  Омма онгига информацион- психологик таъсир кўрсатиш йўли билан   уни бошқариш мумкинлиги бугун кашф этилган эмас.

  Ахборот тарқатишнинг юксак технологик усуллари пайдо бўлиб, улар  кенг халқ оммасига етказилаётган ҳозирги даврда ахборотдан қурол сифатида  фойдаланиш имконияти чексиз даражада ортиб бормоқда.

Оммавий маданият, ахборот хуружи, ёшлар маънавиятига салбий таъсирлар ва нопок иллатлардир.

“Оммавий маданият” асосини маънавий ва аҳлоқий тубанлик иллатлари  ташкил қилади.

  Бизнинг миллий маданиятимизда ҳаё, андиша, ибо каби ахлоқий фазилатларга қатъий равишда амал қилиниб келинади. “Оммавий маданият” айнан миллий қадриятимиз асоси бўлган ҳаё, андиша, оқибат, меҳр–муҳаббат каби гўзал ахлоқий қадриятларимизга қарши бўлган ахлоқсизлик ва ёвузликни ўзида акс эттирган ғайриинсоний ҳаракатдир.

  Мулоҳаза ўрнида “Оммавий маданият”нинг айрим кўринишларини айтиб   ўтсак:

  ЭМО (инглизча – эмотионал- эмоционал, ҳиссий) ёшлар субмаданияти бўлиб, мусиқа мухлисларидан келиб чиққан. Илдизи – ҳақиқатни тан олмаслик, ўз жонига қасд қилиш. Бундай олиб қараганимизда ҳақиқатдан ҳам бир дарахтда барча мевалар бир хилда етилмайди.

  “Готлар” – ХХ асрнинг 70-йилларида пост-панклар илдизи асосида юзага келган субмаданият. Готларнинг асосчиси деб инглизларнинг мусиқий гуруҳи раҳбари Жой Дивисион ҳисобланади, бу шахс ХХ асрнинг охирида готика стилида мусиқани яратишни бошлаб ўзига кўп ёшларни жалб қилди ва “готика” мусиқасининг фанатлари ўзларини “ГОТ” лар деб номладилар. Кўп ҳолларда булар 16-25 оралиғидаги ёшларни ташкил қилади. Уларнинг фалсафий дунёқарашларида ўлим ҳаётдан устун туриши, ҳар бир шахс актив ҳаётда эмас, балки пассив ҳаётдаги дунёқараши билан бахтли бўлишини изҳор қилишади.

  Уларни бошқа ўсмирлардан ажратиб турадигани алоҳида белгилари.

сочлари калта ёки узун, ҳар хил рангга бўялган, юзининг ўнг тарафи соч билан беркитилган. Сочни 2 хил рангга бўяган. қора-бинафша, қора-сариқ, қора-қизил, юзлари ҳар хил рангда бўёқлар билан бўялган. Бурун, қулоқларига ҳар хил тақинчоқлар тақилган бўлиши мумкин.

  Ўсмир ёшлар идентификация қилиш (кимгадир ўхшаш, тақлид қилиш) учун ўзига объект қидиради. Ўзларини атроф-муҳит билан қиёслаб, ташқи, ички дунёқарашини шакллантирадилар.

  Вояга етмаганлар ўртасида турли зарарли ҳолатларнинг тарқалиб кетиши олдини олиш борасида ҳукумат қарорлари ва мавжуд қонунларнинг ижросини таъминлашга барчамиз масъулият билан қарасак, ёшлар орасида оммавий маданият кўринишларининг (“матрица фарзандлари” каби тушунчаларнинг) кенг тарқалишини бартараф этган бўлар эдик.

  Бугун ўз синф ва аудиторияларида мамлакатимиз келажагининг эгаси бўлган ёшларни ўқитиб тарбиялаётган ҳурматли устоз-мураббийлар уларни ахборот-психологик   хуружлардан  асраб   қолишларига  ишонч   билдирамиз.

  Зеро биринчи Президентимиз И.Каримов таъкидлаганидек “Такрор бўлса-да, айтмоқчиман – ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб, маҳдудликка юз тутиш йўли бизга асло маъқул эмас. Шу билан бирга, бугун ён-атрофимизда, узоқ-яқин минтақаларда юз бераётган воқеаларни инобатга оладиган бўлсак, ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган ғаразли кучлар ҳам интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётгани ва бундай интилишларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди”.

 

Шоҳсанам Номозова,

34-умумий ўрта таълим

мактабининг директори

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 17.04.2017,   Кўрилган: 312   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.