» » Маънавият - беқиёс куч

Маънавият - беқиёс куч

  Биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият-енгилмас куч” китобида маънавиятга берилган таърифни эслайлик: “Маънавият- инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, имон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир”.

  Ҳа, чиндан ҳам бахтнинг, бахтиёрликнинг чинакам калити маънавиятдадир. Ташқи олам инсон ақл-заковати билан обод бўлса, инсон ички олами, унинг хулқи, яхши муомаласи, бир сўз билан айтсак, маьнавияти билан обод бўлади. Ташқи олам чиройи айни шу ички оламдаги ёруғликдан бошланади. Тарихда ва ҳозирги кунда рўй берган ва рўй бераётган урушлар, низолар, қанчадан-қанча қирғинлар моҳияти нафс, марказида эса инсон туради.

  Турли маданиятлар бир-бирига таъсир қилиб, бир-бирини бойитиб, халқлар нафақат миллий, балки умуминсоний қадриятлар асосида ривожланиб, камол топиб боради. Инсон минг чанқаб турган бўлмасин, лойқа сувни тиндириб ичиши керак. Баъзан хориж маданияти, ҳаёт тарзи таъсирида айрим фарзандлар одоб, ибо-ҳаё каби ахлоқий фазилатлардан йироқлашиб қолишаяпти.

  Мутахассислар айрим ғарб мамлакатлар ёшлари орасида урчиган ахлоқсизлик, фаҳш, зўравонлик иллатларининг келиб чиқиш сабабларини ўрганишган. Хорвард университети тиббиёт факультетида олиб борилган тадқиқотларга кўра, бола ўн саккиз ёшга етгунича телевизорда бир юз саксон минг марта зўравонликни тарғиб қиладиган кўрсатувларни томоша қилар экан. Бундан саксон мингтаси қотилликларга доир кўрсатувлардир.

  Нима эксанг, шуни ўрасан, дейди доно халқимиз. Хўш, ёш боланинг мурғак қалбига зўравонлик уруғи экилса, эртага унинг онгида муаммоларни зўравонлик билан ечиш керак, деган хулоса шаклланмаслигига ким кафолат беради?

  Айрим хориж кинолари вафо, ибо, ҳаё, меҳр-оқибат, никоҳ, оила каби тушунчалардан йироқ. Уларда “қаҳрамонлар” серзарда, андишасиз, юзингда кўзинг борми демайди, бола ота-онасини юз-хотир қилмайди, дилидагини шартта-шартта айтаверади. Бундай кинолар болалар қалбига қандай таъсир қиларкан, деб ўйлаб қоласан, киши.

  Бир кетган уятнинг қайтиб келиши қийин, дейди халқи­миз. Бугун айрим хорижий газета ва журналлар, кассета ­ва дисклар, интернет тизими орқали инсоф, диёнат, уят, ор-номус, иффат, бурч, савоб, садоқат, вафо, ҳаё ка­би қадриятларимизга таҳдид солаётгани бор гапку!

  Шунинг учун донишманд боболаримиз инсон боласи яхшилик, яхши фазилатлар, хислатларни кўриб улғайса, кўнгил майли ила бу амал унинг қалбига ҳам кўчиб ўтади. Аксинча, ёмон феъл ва жоҳилликларни кўриб улғайса, унинг нафси оз бўлсада, ёмон амалларни “ўғирлаб” олади, деб айтишган.

  Аждодларимиз фарзанд тарбиясига, бир томондан ширин лутф билан, иккинчи томондан ибрат ва намуна билан, учинчи томондан танбеҳ ва насиҳат билан ёндошишга, халқимизга хос, ҳеч қаерда ёзилмаган одоб, ҳаё қоидаларини жорий этишга, таъминлашга ҳаракат қилишган. Ўзларини шунга бурчли деб билишган.

  Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асаридаги Кумуш, Отабекни ёки “Меҳробдан чаён”даги Анвар ва Раъноларни нима учун яхши кўрамиз? Фақатгина ўзига хос муҳаббат қиссаси учунми? Йўқ. Уларнинг сиймоси, қалбида ҳақиқий шарқона одоб-ахлоқ, инсоний фазилатларнинг юксак намунаси борлиги учун ҳам яхши кўрамиз. Бундай китоблар моҳиятида биз учун қанча- қанча гўзал маънавий хитоблар бор.

  Ўтмишда аждодларимизга комил инсонни тарбиялаш бир орзу эди. Бугун эса бу ғоя  ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида муносиб ўрин топишига ҳаракат қилаяпмиз. Чинакам бахт-саодатга, юксак шарафга эришиш учун албатта кўнгилларимиз пок, маънавиятимиз гўзал бўлиши. Буни унутмайлик азизлар!

 

Бектош Хакимов,

Шайх Гадой Селкин жомеь

масжидининг имом хатиби

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 15.03.2017,   Кўрилган: 237   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.