» » Муносиб фарзанд бўлайлик!

Муносиб фарзанд бўлайлик!

  Жонажон диёрим - Ўзбекистоним, менинг яшаб турган Ватанимдир. Халқимиз орасида Ватан онага қиёс қилинади. Чунки Ватанга муҳаббат ҳисси илк бор она сути ва алласи орқали қалбимизга сингади. Оталар ибрати, аждодлар ўгити эса бизга Ватанни ардоқлашни, асраб-авайлашни, бунёдкорлик ва эзгуликни ўргатади.

  Тарихимизда шундай зотлар бўлганки, бу диёрнинг муқаддас эканлигини англатиб туради.  Ҳозирда юртимизда бунёдкорлик руҳи бардавом бўлиб, бу йўлда бизга кексаларимизнинг, ота-оналаримизнинг дуоси мустаҳкам таянчдир.

Аммо мана шундай неъматларнинг қадрига етмаган, маънавий қашшоқ, Ватан ва виждонини сотаётган кимсалар борки, улар ўз юртининг тарихи, келажаги ва инсонларига хоинлик қилган манқуртлардир.

  Ҳозирда юртимиздаги ислоҳотларнинг мақсад-мазмуни инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Ёш авлоднинг баркамол шахс сифатида тарбияланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

  Ўзбекистоннинг йигит-қизлари жаҳонда юрт шаънига муносиб бўлиб, қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдириб, юксак марраларни қўлга киритишмокда. Бизнинг юртимизда яшаётган ҳар бир инсон тинчлик-тотувликни, ҳамжиҳатликни, бунёдкорликни ўз олдига мақсад қилган. Қолаверса, бундай хусусиятлар бизнинг минг йиллик миллий эзгу фазилатларимиздан ҳисобланади.

  Мен ҳам шу юртнинг фарзандиман. Ўзбекистон дея аталмиш муқаддас юртда яшаб, Ватан равнақи йўлида билим олиб, унинг буюк келажаги йўлида меҳнат қилишни ўз олдимга мақсад қилганман. Аждодларга муносиб фарзанд бўлиб, юртимиз, Ватанимизни дунёга танитайлик. Бу бизнинг фарзандлик бурчимиздир.

 

Наргиза Рўзиева,

10- мактабнинг ўқувчиси

"Хатирчи ҳаёти" газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 13.12.2017,   Кўрилган: 166   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.