Аср иллати

  Истиқлол шарофати билан юртимизда фуқароларнинг чет мамлакатларга бориш, меҳнат қилиш, таълим олиш каби енгилликлар, шарт-шароитлар яратилдики, бу фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ҳуқуқий муносабатларнинг демократик тамойилларга асосланганлигидан далолат беради.

  Инсоннинг эркинлиги, ҳуқуқ ва бурчлари Асосий Қонунимизда ўз аксини топган. Бироқ XXI асрнинг салбий иллати сифатида майдонга чиққан одам савдоси бугун жаҳон аҳлининг муаммосига айланди. Тез ва осон йўл билан бойлик орттириш мақсадида ўз оиласидан узоққа отланган айрим юртдошларимизнинг ушбу иллат тузоғига илиниб қолаётганлиги ачинарли ҳолатдир.

  Бу муаммонинг бир қисми бўлиб, хотин-қизларнинг турли тазйиқлар остида танфурушликка мажбур этилиши, айрим ёшларнинг ёт оқимлар измига тушиб қолиши бизни огоҳлик ва ҳушёрликка чақиради. Бизга маълумки, ушбу жиноят ортидан маблағ орттираётган ёвуз кимсалар кўп кишиларнинг ҳаётини зимистонга айлантиришмоқда.

Айрим фуқароларнинг ишонувчанлиги, ўз ҳуқуқларини билмаслиги сабабли ушбу жиноятларнинг сони ошмоқда. Бундай иллатларнинг олдини олишда аввало оила муҳити муҳим аҳамият касб этади.

  Мамлакатимизда умуминсоний принципларга асосланган ҳолда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, чет юртларда узоқ вақт яшаётган фуқароларни аниқлаш, чет элга одам олиб кетаётган ёки ушбу жиноятга алоқадор шахсларни аниқлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклатилган.

  Лекин бундай иллатга қарши курашишда барчанинг иштироки самарали ҳисобланади. Жойларда ушбу иллатнинг оқибатлари, тўғри йўлни танлаш юзасидан кўрсатмалар бериш, қонуний равишда меҳнат қилиш ҳақида мунтазам равишда тадбирлар ўтказилиб келинади. Фуқароларни, айниқса, ёшларни ушбу иллат тузоғидан асраш муҳим вазифа ҳисобланади. Ушбу иллатга қарши курашда бефарқ бўлмай, огоҳлик ва ҳушёрлик барчамизнинг шиоримизга айланиши лозим.

  Зеро, Ватанимизнинг бугуни ва келажаги бизнинг ҳатти-ҳаракатимиз, бирдамлигимиз негизи остида қурилади. Хавфсизлигимизга таҳдид солаётган терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга қарши муросасиз бўлишимиз, огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз бугунги куннинг долзарб талабларидан биридир.

 

Ш.Жамолов,

65-мактабнинг директори

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 13.12.2017,   Кўрилган: 156   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.