» » БОТУЛИЗМ ЎТА ОҒИР ДАРД

БОТУЛИЗМ ЎТА ОҒИР ДАРД

Ботулизм оғир токсик инфекцион касаллик бўлиб, орқа мия ҳамда узунчоқ миянинг зарарланишига хос симптомлар билан таърифланади. Шу билан бирга у токсинлар билан зарарланган, бузилиб қолган консерва кўринишидаги озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган токсикоинфекция ҳисобланади.

Ботулизм  қўзғатувчиси CL.botulinum оиласига мансуб бўлган анаэробдир.

Ботулизм дунёнинг барча мамлакатларида учрайди.

Республикамизда ботулизмнинг А,Б,Е турлари учраб туради. Унинг микроблари ўта чидамли бўлиб, 180 даража иссиқда 5 соат давомида қайнатилса ҳам ҳалок бўлмайди.

 Касаллик кўпроқ қўлда уй шароитида тайёрланган санитария қоида ва меъёрларига риоя қилинмасдан тайёрланган, консерваланган қўзиқорин, бодринг, помидор, бақлажон ва шунга ўхшаш тайёрлаш технологияси бузилган консерваларни истеъмол қилганда юқади. Юқиш даври асосан қиш, баҳор ва ёз ойларининг бошларига тўғри келади.

Ботулизмнинг кечиш даври 2-4 соатдан 3-4 кунгача давом этиб, инсон организмида ҳолсизланиш, бош оғриғи, уйқунинг бузилиши,қайт қилишич кетиш билан бошланиб, бир неча соатдан кейин сўлак безлари, бурун ютқини ва юз мушаклари фаолияти бузилиши, кўзига нарсаларнинг 2 та бўлиб кўриниши беморнинг дастлабки шикоятларидан ҳисобланади. Беморнинг қовоқлари осилиб тушади, кўз қорачиқлари кенгаяди. Юмшоқ танглай зарарланганда беморнинг сўзлари тушунарсиз бўлиб қолади. Бўйин ва оёқ мушакларининг заифланиши натижасида юришга қийналади.

Даволаш усулларидан асосийси ботулизмга қарши антитоксин зардоби юборишдир.

Бу касаллик ўз вақтида аниқланиб, шифокорга мурожаат қилинса, касаллик бир мунча енгил кечиши мумкин. Касалликни уй шароитида билганича даволаш қатъиян ман этилади.

Касалликнинг олдини олиш чораларидан бири озиқ-овқат маҳсулотларини ташишда, сақлашда ва тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилишдир. Консерваларнинг қопқоқлари кўтарилиб қолса (бомбаж) уларни истеъмол қилмасдан йўқотиш зарур.

Бундай оғир хасталик нафақат республикамизнинг бошқа  вилоятларида балки бизнинг вилоятимизда ҳамда туманимизда ҳам учраб турибди.

Ботулизм касаллигига  чалинмасликнинг олдини олиш учун бозорларда уй шароитида тайёрланган ҳар хил турдаги консерва маҳсулотларини харид қилмаслик керак.

Янги йил байрами тантаналари ўтказиладиган жойларда, айниқса болалар муассасаларида, мактабларда уйда тайёрланган сифати кафолатланмаган консерва, торт, пирожнийларни истеъмол қилмаслик зарур.

Юқоридагиларга амал қилинса ўз соғлигингизни ва фарзандларингиз соғлигини асраган бўласиз.

 

Ф.Ҳайитмуродов

Хатирчи туман ДСЭНМнинг санитария врачи

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 27.12.2014,   Кўрилган: 1998   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.