МАҚСАДЛИ ТАДБИР

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011-йил 18-ноябрдаги “Ҳар йили ёнғин хавфсизлиги ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги қарори ва шу масалага оид Навоий вилояти ҳокимининг 2011-йил 24-ноябрдаги Қ-2012- қарорига асосан 2014-йилнинг 20-ноябридан 20-декабригача “Ёнғин хавфсизлиги  ойлиги”нинг ўтказилиши даврида янги қурилаётган, реконструкция  ва модернизация қилинаётган ҳамда қайта таъмирланаётган объектларда қурилиш ишларини тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари ҳамда республикамизда амалда бўлган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, қурилиш меъёрлари ва қоидалари талаблари асосида олиб борилишига  эришиш, уларнинг ёнғинга қарши ҳолатини янада яхшилаш, қурилиш объектларида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин ёки бошқа фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида “ВАГОН” тадбири ҳам ўтказилмоқда. Бу тадбир Давлат ёнғин хавфсизлиги ходимлари, қурилиш- монтаж ишлари билан шуғулланувчи қурилиш трестлари ва бошқа дахлдор корхона, ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятларини янада ошириб, улар олдига бир қатор вазифаларни қўяди. Вилоятнинг шаҳар ва туманларида сўнгги йилларда бир қатор умумтаълим ва даволаш муассасалари, болалар спорти мажмуалари, маъмурий-маиший ва савдо объектлари каби бинолар янгидан барпо этилиб,фойдаланишга топширилмоқда.

Объектларнинг қурилиши даврида ёнғинга қарши чора-тадбирларнинг бажарилиши лойиҳа ҳужжатларидан то объект қуриб битказилганига қадар Давлат  ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан мунтазам равишда назорат қилиб борилди ҳамда буюртмачи, қурувчи ва келгусида фойдаланувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий-ташкилий ишлар йўлга қўйилди.Жумладан: қурилиш объектларида ўтказилган мониторинг ўрганишлар жараёнида ёнғинга қарши ташқи ва ички сув манбаларини тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мос тарзда барпо қилиш, ташқи сув манбаларини ва биноларга тезкор  хизмат автоуловларини эркин ҳаракатланиб бориши учун зарур бўладиган мукаммал қопламли йўллар қурилиши, биноларга ёнғин-қўриқлаш анжомлари билан таъминланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар ҳамда амалий кўмак бериб борилди.

Ўйлайманки, хавфсизликни таъминлаш йўлида бажарилган юқоридаги каби чора-тадбирлар келажагимиз бўлмиш–болажонларимизнинг, қолаверса, ўша ердаги инсонларнинг ҳаётлари омонлигининг кафолати бўлиб, келгусида қад кўтариб турган объектлардан фойдаланиш жараёнида келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларнинг олди олинди.

Азиз ҳамюртлар, фуқаролар, корхона-ташкилот раҳбарлари, қурувчи муҳандис-техник ходимлар, ишчи-хизматчилар, ҳурматли ота-оналар! Ўтказилаётган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”да фаол иштирок этиб, ҳар қандай хавф-хатардан доимо огоҳ бўлайлик, ўз ҳаётимизни ва ўзгалар ҳаётини ҳамда машаққатли меҳнатлар эвазига яратилган моддий-товар бойликларини, қурилган иншоотларни ва давлат мулкини ёнғиндан асрашда ўзимизнинг беминнат ҳиссамизни қўшайлик! Чунки биз асраган ва барпо қилган бино-иншоотлар келажак авлод учун хизмат қилмоғи лозим. Ўтказилган тадбир чин маънода давлатимиз иқтисодиётининг гуллаб-яшнаши ва фуқаролар яшаш тарзининг фаровонлашишига ташланган далил қадам бўлсин.

 

И.Ҳосилов,

Хатирчи туман ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлинмасининг бошлиғи

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 17.12.2014,   Кўрилган: 616   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.