ЭБОЛА ИСИТМАСИ

Эбола иситмаси ёки эбола вируси қўзғатадиган касаллик (ЭВКК) асосан мулоқот (гемоконтакт) йўли билан юқадиган, аксарият ҳолларда геморрагия смндроми яққол намоён бўладиган, оғир кечадиган ва ўлим даражаси юқори бўлган (30-90 фоиз), контагиоз,эндемик, ўта хавфли юқумли касалликдир.

Бугунги кунга келиб дунёнинг қатор мамлакатларида, асосаан Африка қитъасида эбола касаллиги бўйича эпидемиологик-эпизоотологик вазият кескинлашганлиги кузатилмоқда.

Республикамизнинг барча вилоятларида юзага келиши мумкин бўлган кескин эпидемик вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича тизимли чора-тадбирлар олиб борилишига қарамасдан ҳар йили туманимиз ҳудудига эбола иситмаси касаллигининг кириб келиш хавфи юқорилигича қолмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра,охирги йилларда ЭВКК асосан Африка қитъасининг Конго демократик республикаси,Уганда давлатларида ҳисобга олинган (34 ҳолатдан 79 ҳоатгача). 2014-йилнинг ўтган даври моайнида эса Ғарбий Африканинг Гвинея, Либерия, Сьерра-Леоне ва Нигерия давлатларида ЭВКК эпидемик тусда тарқалиб, унда 8000дан ортиқ ҳолатда касаллик рўйхатга олинган ва уларнинг 4000га яқини ўлим билан тугаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бугунги кундаги ЭВККнинг ушбу ҳолати  “Дунё миқёсидаги хавф” деб тан олган.

Эбола вируси одам организмига асосан жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватлар орқали юқади. Шунингдек,одамга вирус беморнинг қуйидаги биологик суюқликлари ёрдамида мулоқот жараёнида юқади: қон; сийдик;нажас;сўлак;сперма.

Эбола вируси касаллигининг яширин даври 2 кундан 21 кунгача, ўртача эса  10 кун давом этади. Касалликнинг ўзига хос асосий клиник белгилари :  иситма, бош оғриғи, бўғин ва мушакларда оғриқ, катарал ҳолат, ич кетиш, қайт қилиш, ошқозон соҳасида оғриқ, милк, бурун, ошқозон, ичак, бачадондан қон кетишидир. Касалликнинг 5-7- кунлари танада макула папулёз тошмалар тошади,иньекция жойларида қонталашлар пайдо бўлади.

Эбола вируси қўзғатувчиси касаллигида махсус даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган,беморларни даволашда патогенетик ва симптоматик усуллар қўлланилади.

Эбола иситмаси касаллигини ўрганиш натижаларига кўра қуйидагилар унинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин: касаллик авж олаётган давлатлар ҳудудларида бўлиш, касаллик бўйича эпидемик ҳудудлардан келган шахсларни 21 кунлик тиббий кузатувга олмаслик, иситма, шунингдек, органлардан қон кетишлар кузатилаётган шахслар билан мулоқотда бўлиш, касалликнинг асосий юқиш омили бўлган қон ва қон маҳсулотлари билан мулоқотда бўлиш, уй шаротидида тери бутунлигининг бузилиши билан кечадиган тиббий муолажаларни ўтказиш, шахсий гигиенага амал қилмаслик.

 

Хатирчи туман Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 17.12.2014,   Кўрилган: 938   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.