» » Курашиш кенг миқёсда бўлиши керак

Курашиш кенг миқёсда бўлиши керак

  Одам (айниқса, аёллар ва болалар) савдоси билан боғлиқ жиноятлар сўнгги йилларда авж олмоқда. Бугунги кунда одам савдоси трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлиб, дунё бўйича шунчалик кенг тарқалганки, БМТ ва миграция бўйича халқаро ташкилотнинг маълумотлари миллионлаб шахслар ундан жабр кўраётганлигидан далолат беради.

  Одам савдоси (айниқса, аёллар ва болаларга нисбатан) халқаро ҳуқуқда узоқ вақтдан бери маълум. 1949 йил 2 декабрда БМТ Одам сав­доси ва учинчи шахсларнинг танфурушлигини эксплуа­тация қилишга қарши Конвенцияни қабул қилди. Одам савдоси - ҳозирги куннинг долзарб муаммоларидан бири. Ундан келадиган даромад гиёҳванд моддалар ва қурол савдосидан сўнг учинчи ўринда туради. Жиноятчиликнинг мазкур туридан келади­ган даромаднинг йиллик айланмаси 7 млрд. АҚШ долларини ташкил этади.

  Жинсий эксплуатация, мажбурий меҳнат, болалар меҳнатини эксплуатация қилиш айрим мамлакатларда шу даражада кенг тарқалганки, натижада ҳозирги кунда миллат генофондига, шу билан бирга миллий хавфсизликка жиддий хавф туҳдирмоқда.

  Бундай ҳолатда ҳар қандай маданияти ри­вожланган мамлакат мазкур жинсий фаолият тури билан кураш бўйича барча зарур чораларни  кўриши лозим. Ўзбекистон ҳам бу борада истисно эмас.

  Одам савдоси одамларни олиш, сотиш ёки уларни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланади.

  Одам савдосига қарши курашиш масаласи бугун пайдо бўлгани йўқ, Агар тарихга назар солсак, унга қарши курашиш ҳақидаги дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжат 1899 йилда Лондон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда қабул қилинган “Аёллардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун уларни ёллашга қарши кураш тўғрисида”ги резолюция ҳисобланади. Шундан сўнг 1904, 1910 йилларда мазкур масала юзасидан халқаро битимлар, 1921 ва 1933 йилларда одам савдоси муаммолари бўйича халқаро конвенциялар қабул қилинган.

  Халқаро экспертларнинг маълумотларига қараганда, ҳар йили дунё -миқёсида 2 миллион 700 мингдан ортиқ киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Дунё миқёсида ҳар йили 600 мингдан 800 минг нафаргача аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб сотилади. Айниқса, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ёки ёш болалар ташкил этаётгани ташвишли холдир.

  Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш, фуқароларни бу борадаги вазиятдан огоҳ этиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугун тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

  Хулоса тариқасида айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш давлат органлари, жамоат ташкилотлари, ота- она, маҳалла ва таълим муассасалари халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

 

З.Маматова,

Хатирчи тумани ҳокими ўринбосари,

туман хотин-қизлар қўмитаси раиси,

туман Кенгаши депутати

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 31.10.2017,   Кўрилган: 55   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.