» » Бугун Ўзбекистонда диний вазият қандай?

Бугун Ўзбекистонда диний вазият қандай?

Муносабат

 

Мамлакатимизда виждон эркинлиги (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида қайд этилганидек) кафолатланяптими? Одамлар хоҳлаган динига эътиқод қилишяптими ёки аксинча – ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгами? Диний қарашлар мажбуран сингдирилмаяптими?

 

Реал воқелик қандай?

 

Бу борада жаҳонда турли, бир-бирига қарама-қарши фикрлар интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда «сузиб» юрган эсада, ҳақиқий вазият билан яқиндан танишганлар мамлакатимиздаги диний вазиятга ҳаққоний баҳо беришяпти.

 

Сўз – исботи билан. Жорий йилнинг 2 февраль куни мамлакатимизга ташриф буюрган Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Майк Помпео юртимиздаги диний вазиятни ўз кўзи билан кўриб, диний эркинликка доир ҳолат ижобий томонга кескин ўзгарганини эътироф этди. Бу йўлда Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган саъй-ҳаракатларни олқишлади.

 

Майк Помпео АҚШ Давлат департаментига тақдим этилган ушбу мавзуга доир ҳисоботи муҳокамасига бағишланган матбуот анжуманида: «Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича дадил қадамлар қўйилди, республиканинг бу борадаги амалий ишлари рўйхати кенгаймоқда ва айни йўналишдаги интилишлари давом этмоқда», деди.

 

Помпеонинг таъкидлашича, АҚШнинг диний эркинликлар бўйича йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда 2019 йил давомида диний ташкилотларга қарши бирорта ҳам рейд ўтказилмагани эътироф этилган. Ваҳоланки, бундай ҳаракатлар 2018 йилда 114 та, 2017 йилда эса 240 тани ташкил этган.

 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат котиби жорий йил бошида мамлакатимизга ташрифи чоғида диний арбоблар билан учрашиб, мулоқотлар ўтказган.

 

Аслида, мамлакатимизда диний эркинликнинг тамал тоши сал олдинроқ, аниқроғи, Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида сайланган пайтданоқ қўйилган эди, десак тўғрироқ бўлади.

 

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади», дея таъкидлади.

 

Ҳақиқат қиёсда билинади, деган гап бор. Узоққа бормайлик, ҳали совиб улгурмаган бир хабар: Термиз шаҳрида янги «Имом Термизий» ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус мадрасалар сони ўнтага етди. Олий мадрасалар учта.

 

Биргина жорий 2019 йилнинг ўзида 10 та янги жоме масжиди очилиб, шу билан масжидлар сони 2070 тага яқинлашди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизация маркази, Тасаввуф, Фиқҳ, Ақида мактаблари ҳақида эса тўхталиб ўтирмаймиз.

 

Ислом дини азалдан инсоният орасида меҳр-мурувватни тарғиб этишини, ҳатто ўзга дин вакилларига ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишда ибрат ва намуна эканини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ислом барча самовий динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакиллари билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақиради.

 

Қуръони каримда, хусусан, элликдан зиёд сураларнинг юзлаб оятларида мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағри кенгликка даъват этилган.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бағри кенглик тамойилига амал қилганлар. У зот ўзга юрт ва дин вакиллари, яъни Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни масжидларига таклиф қилиб: «Улар бизнинг дўстларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ҳам уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман», деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлари тарихдан маълум.

 

Бир неча ҳадисларда инсоннинг қайси динга мансублигидан қатъи назар, аввало, одамийлик нуқтаи назаридан ҳурмат қилиш лозимлиги таъкидланади. Жумладан, Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қиладилар: “Саҳл ибн Наниф ва Қайс ибн Саъд Қодисияда ўтиришган эди, ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтдилар. Шунда икковлари ўринларидан туришди. Буни кўрганлар улардан: «Бу маййит зиммийларданку?!»дейишди. Шунда улар бундай деб жавоб қилдилар: “Бир куни Расулуллоҳнинг ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтиб қолишди. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин унинг ғайридин эканини айтишди. Расулуллоҳ: «У руҳ эмасми?!» – дедилар”.

 

Пайғамбаримизннг ана шу олий ибратлари асрлар оша амалда бўлиб келди. Ғарблик диншунос олим Марк Сайс Ҳорун Рашид давридаги бағри кенгликни бундай изоҳлаган: «Масиҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат ишларида ишлар эдилар».

 

Маъмун ўзи асос солган академияга турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаган. У «Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаса бўлди», деган.

 

Бу анъана Амир Темур даврида ҳам давом этганини яхши биламиз.

 

Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон минг йиллар давомида динлараро бағри кенглик ўлкаси сифатида эътироф этилади. Қадимдан диёримизда буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик, ислом ёнма-ён яшаб келган, масжид, черков, синагогалар фаолият юритган. Турли дин вакиллари ўз диний амалларини эмин-эркин адо этишган. Ватанимиз тарихини варақласак, ўтмишимизда диний асосда можаролар бўлмаганига гувоҳ бўламиз.

 

Сўнгги йилларда аждодларимиздан қолган бой маънавий анъана – диний бағри кенглик янада кенг қулоч ёйди. Динимизнинг бағри кенглик тамойилига мамлакатимизда оғишмай амал қилинаётганини расман рўйхатдан ўтган 16 та конфессия фаолият юритаётгани ҳам тасдиқлайди.

 

Дарҳақиқат, Ислом – бағри кенглик дини. Унинг асл моҳиятида зўровонлик эмас, адолат, разолат эмас, тараққиёт, хиёнат эмас, садоқат, фалокат эмас, саодат, ҳалокат эмас, нажот мужассам. Буни мамлакатимиз мисолида бутун жаҳон эътироф этмоқда.

 

Толибжон НИЗОМ,

Журналист

 

 

Ўз А манбаси

Muallif:admin,  Qo‘shilgan sana: 12.06.2020,   Ko‘rilgan: 140   Chop etish
Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda xato matnni belgilab, CTRL + ENTER tugmasini bosing va sayt ma'muriga xabarnoma jo‘nating.