» » ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ МУҲИМ ВАЗИФА

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ МУҲИМ ВАЗИФА

  Болалар ва ўсмирларнинг тарбияси оғирлиги бир қатор сабаблар билан шартланади. Уларга ривожланишнинг инқирозли даврлари, болалар ва ўсмирларнинг характерологик ва шахсий хусусиятлари (қайсарлик, масъулиятсизлик, ўжарлик, иззатталаблик, манманлик, ўзбошимчалик, итоатсизлик) билан намоён бўлади.

  Барча бу омиллар ва жиҳатлар бир-бири билан уйғунликда ҳамда мустақил равишда юзага чиқиши мумкин. Бу ҳолатда тарбияси оғирлик турлича намоён бўлади.  Бундай ҳолларда бола (ўсмир)  тарбиявий таъсирга берилмаяпти, тарбияга қаршилик қиляпти ёки у билан тарбиявий иш олиб бориш қийин, самарасиз, кутилган натижаларни бермайди, у мураккаб хулқли, тарбияси оғир,  дейилади.

  Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи, вояга етмаганлар ўртасида назоратсиз қолишлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш органлари ҳисобланадилар. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар вояга етмаганларнинг назоратсиз, қаровсиз қолишлари, ҳуқуқбузарликлари ва жамият учун зарарли хатти-ҳаракат қилишларининг олдини олиш, буларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларни ижтимоий-педагогик жиҳатдан реабилитация қилиш мақсадида тузилади.

  Бир сўз билан айтганда давлатимизнинг бош мақсади бўлмиш баркамол авлод тарбияси барча жабҳаларни қамраб олиши зарур. Шу жиҳатдан ўсмир ёшларни қизиқтира олиш, тегишли маслаҳат ва тушунчалар бериш педагоглардан катта масъулиятни талаб қилади. Шу ўринда маҳорат ҳам ўзига хос таъсир этиб, ушбу ёшдаги ўсмирларнинг қалбига қулоқ тутиш, улар учун манфаатли бўлган тушунчаларни сингдириш ҳам ўзига хос меҳнатни талаб этади. Тарбияси оғир деб аталган ўсмир ёшлар билан ишлаш албатта айрим қийинчиликлар туғдириши тайин.

  Лекин ҳар бир ўсмирнинг ҳаётга нисбатан қизиқишлари, маҳорат ва истеъдодларини топа билиш, уларни ривожлантириш, камолга етказиш ҳам ўзига хос маҳоратни талаб этади. Мухтасар қилиб айтганда, фарзанд бир ниҳол бўлиб, унга тўғри муносабатда, тўғри парваришда бўлсак, у биз кутган баркамоллик фазилатларини эгаллай бошлайди. 

 

Шуҳрат РАЖАБОВ,

“Камолот”ЁИҲ туман Кенгашининг раиси

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 24.01.2017,   Кўрилган: 771   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.