» » “Огоҳликка даъват”

“Огоҳликка даъват”

  Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни, халқимизнинг осуда ҳаётини, чегараларимизнинг дахлсизлигини асраш мақсадида узоқ ва яқин атрофимиздаги барча давлатлар билан дўстона муносабатлар ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик давом эттирилмоқда.

  Айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти марҳум И.Каримов таъбирлари билан айтганда, “Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларини жойлаштиришга, бизнинг ҳарбийларимизнинг мамлакат ташқарисида бўлишига мутлақо йўл кўймайди”.

  Биз бугун ғоят мураккаб замонда яшаяпмиз. Бугунги кунда инсониятнинг қўлидаги барча куч ва воситалар, техника ва технологиялар аввало ягона эзгу мақсадга-одамзотнинг, аҳил ва иноқ яшашга интилиб келаётган инсонларнинг юксак тараққиётини таъминлаш, уларнинг орзу умидларни рўёбга чиқаришга қаратилган.

  Афсуски, бугунги воқеликлар дунёда ёвуз кучларнинг қабих мақсадлари олдида ер юзидаги бутун инсоният азият чекаётганлигини кўрсатмокда.

  Энг ёмони, халқаро террорчи кучлар, экстремистик оқимлар ҳам жисмонан, ҳам маънан жиҳатдан бош кўтариб, ўзларининг бузғунчи ғояларини тарғиб этмоқда. Замонавий қуроллар, портловчи моддалар ёрдамида дахшатли қўпорувчилик ишларини амалга оширмоқда.

  Натижада жамоат бинолари, давлат объектлари, транспорт воситалари фаолияти издан чиқарилиб, минг-минглаб бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлмоқда.

  Дунёда бўлаётган кейинги воқеалардан ҳаммангизнинг хабарингиз бор, албатта. “Ислом давлати” деб ўзини номлаган террорчилик гуруҳларининг даставвал Ироқда, кейинчалик бошқа араб мамлакатларида, бугунги Сурия ва Франция давлатларидаги қўпорувчиликлари шундан далолат бермоқда.

  Минг афсуслар билан айтиш жоизки, мамлакатимизда ҳам террорчи гуруҳлар домига тушиб, Сурия давлатига кетиб қолган ёшларимиз йўқ эмас.

  Ер шарида яшаётган ҳар бир инсонга оллоҳ томонидан бир маротаба умр берилади. Нега энди ушбу умрни “ватангадо” сифатида бошқа юртларда қочиб юриб, ўзи билмаган ва охиригача тушуниб етмаган ғоялар учун ўз жонини қурбон қилиши керак. Ахир бизнинг Давлатимизда, Президентимиз, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқароларга, шу жумладан ёшларга қилинаётган ғамҳўрлик, уларга яратиб берилаётган шароит ҳамда имкониятлардан тўлақонли фойдаланиб, яхши олий ўқув юртларида ўқиб, битириб, ўзи, ота-онаси ва оила аъзолари, она ватани ва халқи учун ситқидилдан ишлаб, меҳнат қилиб, оила қуриб, бола-чақа орттириб, эл-юрт олдида ҳурматга сазовор бўлиш, тинчлик осойишталикда ҳаёт кечиришдан юкори неъмат борми?

  Ёшларимизни бундай қабих йўлларга кириб, онгларининг заҳарланишини олдини олиш мақсадида энг аввало биз ота-оналар, мураббий ва устозлари томонидан ёшлар тарбиясини, уларнинг онгига ватанпарварлик

руҳини сингдиришни ўз олдимизга биринчи вазифа қилиб қўйишимиз даркор. Бундан ташқари, ҳозирги кундаги ёшларимиз мамлакатимизда ахборот технологиялар ривожланиб, бир чўққига чиққан замонда яшаб келаётганликлари қувончли ҳолат, лекин улар Интернет тармоқлари орқали қандай сайтларга кираётганликлари, ушбу сайтлар орқали кимлар билан мулоқотда бўлаётганликлари қатъий назоратимизда бўлиши лозим.

  Ёшларимизга қаратиб шуни айтиш лозимки, биз Интернет тармоқлари орқали ўзимизга керакли маълумот олиш, ўз билимимизни янада ошириш учун компьютер олдига ўтирамиз, лекин оқибатини тушунмаган ҳолда айтиб ўтилган инсон онгини заҳарловчи сайтларга кириб қоламиз.   Шунда ҳар биримиз “мени иродам кучли, мен ҳеч қачон бундай ёмон йўлларга кирмайман, лекин шу маълумотлар билан ҳам бир танишиб қўяй” деб таниша бошлайди ва ундаги одамни “гипнос” қиладиган даражадаги даъватлари билан онгини заҳарлайди ҳамда қандай қилиб экстремистик оқимга кириб қолганлигини ўзи ҳам билмай қолади.      

  Шу сабабли ҳурматли ёшларимиз, барчангиз қулоғингизга қуйиб олинг, интернет тармоғида ишлаган вақтингизда имкон қадар бундай номақбул сайтларга кирмаслик, нотаниш ва шубҳали “дўстлар” билан танишмаслик, шунингдек улар билан умуман алоқа  ўрнатмаслик лозим.

Яшаб келаётган уйимиз, қолаверса, маҳалла ва қишлоғимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда ҳар биримиз жавобгармиз.

  Бунинг учун яшаб келаётган уйимизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, энг аввало, маҳаллада ва атрофимизда яшаб келаётган қўни-қўшниларни яқиндан билиш, бегона ва нотаниш шахсларнинг ҳар қандай шубҳали хатти-ҳаракатлари ҳақида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш лозим. Бирок, шуни унутмаслик керакки, чалғитиб ёки ёлғон хабар берганлик учун қонунчилигимизда маъмурий жавобгарлик чоралари ҳам белгиланган.

  Ҳар куни деярли барчамиз транспорт воситаларидан фойдаланиб келамиз. Айниқса, ўқув муассасаси талабалари ва мактаб ўқувчилари жамоат транспортидан доимий равишда фойдаланишларини инобатга олиб, транспорт воситалари мол-мулкига шикаст етмазмаслик, катталарга нисбатан ҳурмат кўрсатиш ва энг асосийси, шубҳали буюм ва нарсалар ҳақида дарҳол ҳайдовчига хабар бериши шарт.

  Биз XXI асрда-глобаллашув замонида яшаётганимиз, жаҳон миқёсида иқтисодий-молиявий инқироз давом этаётгани, терроризм ва экстремизм каби таҳдидлар кучайиб бораётгани барчамиздан бир ёқадан бош чиқариб, янада хушёр ва огоҳ бўлишимизни талаб қилади.

  Унутмаслик керакки, бизга миллий ва умумбашарий қадриятларнинг энг ноёб намуналари, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлган анъаналар, она юртимиз ва халқимизга муҳаббат туйғуси, миллий ғоя ва мафкурамизнинг асосини ташкил этади.

  Бироқ, энг ёмони, инсонлар ўртасидаги лоқайдлик ва бепарволикдан ғаразли кучлар фойдаланиб,  ўзларининг ёвуз кучларини амалга ошириши ҳеч гап эмас.

  Машҳур файласуфлардан бири бефарқлик ҳақида шундай ёзади: “Душманлардан қўрқма-нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма-нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ-улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”.

  Лоқайдлик, бефарқлик ҳукм сурган жойда адолатни ҳам дарор топтириш қийин. Шу боис, ҳозирги кунда инсонларни зарарли, анфур офатлардан асраш барчани янада хушёрликка, эҳтиёткорликка, ҳар жиҳатдан ақл-идрок билан иш тутишга ундайди.

  Албатта, жамиятимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш вазифалари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклатилган.

  Лекин бу вазифалар давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда амалга оширилсагина, самарали бўлиши мумкин.

  Мустақил Ўзбекистонимизнинг қисқа тарихий даври шуни кўрсатмоқдаки, вайронкор, бузғунчи ғоялар биринчи галда ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган. Бунинг олдини олиш учун жамиятимизда, кундалик ҳаётимизда таълим-тарбияга, маънавий-маърифий ишларга жиддий эътибор қаратишимиз даркор. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни турли таҳдидлар ва биз учун ёт бўлган диний ва экстремистик таъсирлардан, “оммавий маданият” хуружларидан химоя қилиш чораларини кўришимиз ниҳоятда зарур.

 

А.Ирисқулов,

туман ҳокимлиги ходими

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 12.01.2017,   Кўрилган: 320   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.