Ўқувчи ва телефон

  Ҳозирги дунё технологиялар асрида яшамокда. Барча соҳаларда техник ривожланишнинг юқори поғонага кўтарилиб бориши кузатилмокда. Албатта, бу четдан қараганда яхши бўлиб туюлиши мумкин. Аммо мана шу технологик ривожланиш айрим муаммоларни келтириб чиқариши ҳам мумкин.

  Давлатимиз томонидан таълим-тарбия масаласи долзарб ҳисобланади. Бу борадаги юртимизда амалга оширилаётган ишларнинг кўлами дунё мамлакатлари орасида етакчилар сафида турибди. Бундай шарт-шароитларга кўпгина мамлакатлар ҳавас билан қарайдилар.

  Шу ўринда ёшларимиз орасида бу имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига турли фойдасиз машғулотлар билан шуғулланаётганининг гувоҳи бўлмокдамиз. Масалан, улар орасида телефонлардан кенг фойдаланиш урф тусига кирмоқда. Телефон вақтни мазмунли ўтказиш воситасига айланиб бормокда. Ўқувчи ёшларнинг телефонга эҳтиёжи қай даражада эканлиги билан ота-оналар қизиқиб кўрмайдилар ҳам. Уларнинг айримлари учун бировдан кам бўлмасин, керакли вақтда юмушларни, ахборотларни етказиш бўлса, айримлари учун шунчаки боласи учун эрмак воситаси.

  Ахир телефон муҳим ахборотлар алмашиш воситаси ҳисобланади. Ёш ўқувчи учун биринчи навбатда таълим олиш муҳимроқ эмасми? Ота-оналар билан бу ҳакда суҳбатлашсангиз, бирор бир муҳим сабаб айта олмайдилар. Ўкувчи телефондаги миллионлаб ахборот оқимига кириб, хаёли турли маълумотлар билан банд бўлиб қолади. Албатта, улар орасидаги кўпчилик маълумотлар ўқувчи ёшига мўлжалланмаган.

  Айниқса, Интернет тармоғи ўз тўрига маҳкам ўрайди. Бу ўринда уларни барча ахборотлардан чеклаш тарафдори эмасман. Лекин “асалнинг ҳам ози яхши” деганларидек, ҳамма нарсада меъёр бўлмоғи лозим. “Ёшликда олинган илм, тошга ўйилган нақш кабидир, дея бежизга айтилмаган. Ҳар қандай электрон воситаларнинг соғлик учун зарарли эканлигини ҳам ҳеч ким инкор эта олмайди. Ёшлик шундай бир даврки, унда биз ҳаёт учун зарур барча билимларни олишга ҳаракат қилишимиз лозим.

  Ахир фарзанд билимли ва тарбияли бўлса, бу билан нафақат ўзига, балки ота-онага ҳам олқиш олиб келади. Азиз тенгдош, шу юрт, шу эл учун куч-қувватимиз, билимимиз билан хизмат қилайликки, бундан ортиқ саодат бўлмайди. Чунки, бетакрор ва жаннатмонанд Ўзбекистон умумий уйимиз ҳисобланади.

 

Р.Муҳаммадиева

“Хатирчи ҳаёти” газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 13.12.2017,   Кўрилган: 66   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.