» » ҲАМКОРЛИКДА АМАЛГА ОШМОҚДА

ҲАМКОРЛИКДА АМАЛГА ОШМОҚДА

Ҳозирги вақтда чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш, бунинг билан юқори технологияларни олиб кириш, бир сўз билан айтганда иқтисодий фаровонлик муҳитини яратиш давлатимиз сиёсатининг одимларидан биридир. Хусусан, кейинги пайтда чет эллик ҳамкорларнинг туманимизда ҳам фаолият олиб боришга қизиқиши ортмоқда.

Хатирчи тумани асосан қишлоқ хўжалиги соҳасига мослашган ҳудуд бўлиб, инвесторлар ҳам ушбу соҳада фаолият олиб боришни мўлжаллашган. Масалан, “АSYA SERA NAVOI” (Туркия) қўшма корхонаси “Навбаҳор” МФЙ ҳудудида  замонавий иссиқхона ташкил қилиш, мева ва сабзавотларни қуритиш, қадоқлаш ва экспортга тайёрлаш билан шуғулланса, “RAMAND YASHIL” (Эрон) МЧЖ Пўлкан шоир массиви ҳудудида томчилатиб суғориш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиради. Қизиқарлиси, турли тепаликлардан иборат дашт зонасида улар ушбу технология билан ўз фаолиятини бошлаб юборган.

Худди шундай “YOSHLIK GOLDEN SEED” (Эрон) МЧЖ уруғчиликни ташкил қилиш ва уруғларни экишга тайёрлаш билан шуғулланса, “IRISA-DENIZ GARDEN’S” (Россия) МЧЖ Ибн Сино, А. Пўлатов ва Ўзбекистон массивларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, асосан, помидор ва узумчилик соҳасида фаолият олиб боришни режалаштиришган.

Бундан ташқари ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи бўлган “BEATIFUL SAMARKAND” МЧЖ (Россия инвесторлари) Олтинсой массивида соя ва бошқа ўсимлик ёғларини ишлаб чиқаришади. 

Энг қизиқарлиси, “San Хin”” (Хитой) МЧЖ олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олиш ишларини йўлга қўйиш ниятида. Албатта, барча хорижий инвесторлар маълум соҳани ривожлантириш билан бирга иқтисодий фойда кўришни ҳам режалаштиришади. Умуман олганда бирор бир соҳа билан шуғулланганда бир неча баробар фойда олиш имкони бўлса, ушбу соҳада инвесторларни, яъни уни ривожлантира оладиган сармоядор мутахассисларни жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, бутун дунёда ушбу тамойил амал қилади ва бу мамлакатнинг ривожига ҳам ҳисса қўшади.

 

Ш. УМАРОВ.  

Муаллиф:admin,  Кушилган сана: 01.08.2019,   Кўрилган: 28   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.