» » Бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари етарли бўлади

Бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари етарли бўлади

Хатирчи туман ҳокими Ғ.Алиевнинг туман аҳолисига

МУРОЖААТИ

Азиз тумандошлар!

Бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарли бўлишини таъминлаш мақсадида, туманимиз аҳолисининг кейинги йилнинг май ойигача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар қилиб чиқилди.

Туманда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғарма ташкил этилади. Сектор раҳбарлари тадбиркорларни жалб қилиб, етишмайдиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини жамғарма ҳисобидан бошқа жойдан олиб келиш ёки импорт қилишни йўлга қўяди. Бундай тадбиркорлар учун кредит фоизининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб берилади.

Туманда истиқомат қилаётган 200 минг нафар аҳолини узлуксиз асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 2021 йил апрель ойига қадар Хатирчи туманида гўшт, картошка, гуруч, ун, шакар, тухум ва ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.

Гўштга (мол, қўй, парранда) бўлган эҳтиёж 5,4 минг тоннани ташкил этиб, ҳаммаси 100 фоиз маҳаллий маҳсулот ҳисобидан қопланади. Туманда бўрдоқичиликка ихтисослашган 3 та йирик хўжаликлар мавжуд бўлиб, уларда 1450 бошдан ортиқ чорва моллари боқилмоқда. Йил якунига қадар 5 та лойиҳада 800 бошга эга чорвачилик хўжаликлари ташкил этилади.

Шунингдек, чорва молари учун озуқа етиштирувчи 2 та корхона ишлаб турибди. Йил охирига қадар яна 4 та корхона ишга туширилиб, натижада 18 минг тонна кучли концентрат чорва озуқалари ишлаб чиқарилишига эришилади. Ҳудуднинг эҳтиёжидан ортиқча бўлган маҳаллий мол ва қўй гўшти Навоий, Зарафшон шаҳарлари ва Учқудуқ туманига етказиб берилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари: картошкага бўлган эҳтиёж 4,3 минг тонна, пиёз 1,5 минг тонна ҳамда сабзига бўлган эҳтиёжимиз 1,5  минг тонна маҳсулотлар ўзимизда бор. Картошканинг 0,6 минг тонналик заҳирасини яратиш режалаштирилган ва бу борада ишлар бошлаб юборилган.

Шунингдек, гуручга бўлган 1,6 минг тонналик эҳтиёж 100 фоиз ички имкониятлардан, маҳаллий маҳсулот ҳисобидан қопланади. Заҳира учун 395 тонна гуруч Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикасидан келтирилади.

Шакарга бўлган эҳтиёж 700 тонна бўлиб, унинг 400 тоннаси маҳаллий, 300 тоннаси импорт ҳисобидан қопланади. Бу даврда ўсимлик ёғига бўлган талаб 900 тоннани ташкил қилади, унинг 700 тоннаси маҳаллий маҳсулот ҳисобидан, қолган қисми (писта ёғи) импорт ҳисобидан қопланади. Ўсимлик ёғини ишлаб чиқаришни янада ошириш мақсадида қуввати 6 минг тонна бўлган ёғ-мой корхонаси ишга туширилди.

Аҳолининг тухумга бўлган эҳтиёжи 33,2 миллион донани ташкил этади. Тухум етказиб беришда муаммо бўлмайди. Биз бу маҳсулотнинг эҳтиёждан ортиқ 56,5 миллион донасини бошқа ҳудудларга сотиш имконига эгамиз.

Аҳолимизнинг бу даврда ун маҳсулотига бўлган эҳтиёжи 7500 тонна бўлиб, шундан 7425 тоннаси маҳаллий ва 75 тоннаси импорт маҳсулот ҳисобидан қопланади. Яна шуни таъкидлаш лозимки, бу йил туман далаларида 78000 тонна буғдой етиштирилди. Бу ҳосилнинг 34000 минг тонна сотилиб, қолган 45000 тонна маҳсулот хўжаликлар ихтиёрида қолди. Туманда жорий йил якунига қадар йиллик қуввати 21 минг тонна бўлган янги ун ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилади.

Туманда фаолият олиб бораётган тайёрлов корхоналари 3879 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари заҳирасини тайёрлашни режалаштириб, ҳозирга қадар 9 та тайёрлов корхоналари томонидан 896 тонналик маҳсулот заҳираси жамғарилди.

Сизларга ишонч билан шуни маълум қиламанки, 2020 йил ноябридан 2021 йил май ойига қадар туман бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли миқдори ва барқарор нархлардаги савдоси таъминланади.

Muallif:admin,  Qo‘shilgan sana: 23.10.2020,   Ko‘rilgan: 245   Chop etish
Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda xato matnni belgilab, CTRL + ENTER tugmasini bosing va sayt ma'muriga xabarnoma jo‘nating.