» » Бадриддин Муҳаммад – Бадр Отанинг қабри “Қорача”дами?

Бадриддин Муҳаммад – Бадр Отанинг қабри “Қорача”дами?

“Тарихий хотира – муқаддас. Уни рад этиб бўлмайди. Фақатгина моҳиятини онгли англаш зарурати бор. Бу ғоялар ва мафкуралар ифодасини ривожлантириб, замон, макон ва шахсга холис баҳо бериш демакдир”, дея фикр билдирган эди филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов. “Хатирчилик табаррук сиймолар” китобига ёзган сўзбошида.

       Ҳақиқатан ҳам ўрта асрларда яшаган тариқатчиларнинг фаолиятига оид мўътабар манбаларга кўз югуртирсангиз юртимиз худудида кўплаб уламолар, азиз авлиёлар қатори Яссавия тариқатининг тарғиботчилари ҳам яшаганлигига гувоҳ бўласиз. Улар орасида Хатирчи сарҳадида яшаганлари ҳам борлиги қувонарлидир. Тасаввуфшунос олим юқорида таъкидлаганидек, фақат уларнинг кимлигини моҳиятан “англаш зарурати бор”.

       Фахруддин Али Сафий ўзининг “Рашахоту – айнил ҳаёт” асарида Ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавий тўғрисида сўзлаётиб шундай дейди: “…турклар они Ото (ота) Яссавий дерлар. Ва отониким, туркий лафзида падарни айтилур, ул машойихларга итлоқ (тадбиқ) қилинур (22-бет). Ҳазрат Алишер Навоий ҳам “Насойим ул – муҳаббат”да: “Саййид Ото (р.а) Хожа Аҳмад Яссавийнинг қаробатидур (яқини, хеши) ва турк улусида “Ото” дерлар дея таъкидлайди.(425-бет). Келтирилган маълумотлар Хатирчи туманида Саййид ота, Бадр ота, Полвон ота, Лангар ота, Сулук ота, Оқсоқол ота, Қовус ота, Маллатўн ота, Қашғар ота каби номларга нисбат берилган жойлар шу тариқат намоёндаларига тегишли манзилгоҳлигидан далолат беради. Чунки яссавиянинг илк босқичи дастлаб ўтроқ бўлмаган чорвадор ва кўчманчи қабилалар орасида кенг тарқалганлиги тасаввуф тарихидан маълум. Шунинг учун ҳам тариқатчи сиймолар номи билан боғлик жойлар Туркистондан Бухорогача бўлган ҳудудда кўплаб учрайди. Аммо тарихнинг баъзи бўлаклари асрлар чиғириғида чайналиб, бизгача узук-юлуқлашиб етиб келгани боис хиралик касб этган. Уларни ойдинлаштириш учун катта ҳажмдаги илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб бориш лозим бўлади. Ана шундай улуғ зотлардан бири – Бадр Ота ва унинг қабри билан боғлиқ айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашмоқчиман.

       Халқимизнинг шуурига Бадр ота номи билан инган муҳтарам зотнинг шахси ҳақида хилма-хил маълумотлар мавжуд. Қадимшунос тасаввуфчилар томонидан 16-асрнинг мўътабар ёзма манбаси дея эътироф этилган Олим Шайх Азизоннинг (1564-1631) “Ламахот мин нафаҳотул қудс” асарида муаллиф Ҳазрати Аҳмад Яссавийдан ўз давригача бўлган 77 пир ҳамда у бошлаган тариқатнинг машҳур намоёндалари ҳақида турли даражадаги маълумотлар келтиради. Шулар қатори Бадр отани ҳам тилга олади ва унинг қабри Тошкентдан 4 фарсах (32 км.) масофадаги Куйик қишлоғида эканлигини баён этади. Бошқа бир тарихий асар муаллифи Охунд Муҳаммад Тохир (р.а.) “Туҳфат ул зоирин” номли китобида “…Садр отанинг марқади (қабрини назарда тутган бўлса керак) Ғиждувонда, Бадр отаники эса Миёнколнинг Фарохун қишлоғида. Мен унинг қабрини мазкур жойда зиёрат қилдим. Фарохун хўжалари шу зотнинг авлодларидан” (29-бет) деб ёзади.

       Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома”сида (Тошкент, “Чўлпон” нашриёти, 1991- йил) Бадр ота тўғрисида қуйидаги тафсилотлар келтирилади: “…Баёнқулихон Шайх ул аъламга иродат қилиб, Ҳазрати Саййид Отани шаҳардин ихрож қилди. (Бухоро назарда тутилмоқда. Х.Н.) Саййид Ота тевага минуб, дарё ёқасига келуб, андин ўтуб Тошкандга юзлануб, борур эрдилар. Йўлда Бадр Ота, Садр Ота, Узун Ҳасан Ота Хоразмдан келуб, бул кишига қўшулуб, бу тўртовлари ҳамроҳ бўлуб, пири комил талаб қилуб, Тошкандга яқин келдилар”. (87-бет) Кўриниб турибдики, асар муаллифи Занги Отанинг кейинги уч муридини Хоразмдан, яъни хоразмлик деб тасвирламоқда. Сайфиддин Сайфуллоҳ томонидан нашрга тайёрланган “Занги Ота” номли рисолада асли исми Бадриддин Муҳаммад бўлган Бадр Ота билан Садриддин Муҳаммад Садр Ота Бухоро мадрасасида бирга таҳсил олгани уқтирилади. Демакки, улар Узун Ҳасан Ота билан биргаликда учови Хоразмдан Бухорои шарифга илм ўргангани келишган. Назаримда, “Темурнома” муаллифи Бадр ота ҳақидаги фикрларини “Ламахот”га таянган ҳолда ифодалаган. Негаки, манбаларда ўзаро уйғунлик мавжуд.

       Энди Хатирчи туманидаги Бадр отанинг қабрига тўхталадиган бўлсак, у обод жой. Атрофдаги халқ эътиқод билан зиёрат килади. Хатирчилик ўлкашунос Р.Холмуродов “Хатирчи тумани тарихидан лавҳалар” (Тошкент, “Фан” нашриёти, 1996 й.) китобида Абдураззоқ хўжа ибн Абдуваҳҳоб хўжа – Бадр ота ўзининг тижорат ишлари, савдо-сотиқ ва бозор муносабатлари қонун-қоидаларига бағишлаб ёзган (ҳижрий 1277-78, милодий 1861-62) “Китоби байъа” асарида: “…жойи мавлудаш қишлоғи Қорача аз шуъбаи Хатирчиги бехатар”, деб ёзганини эслатади(10-бет). Мулоҳазали фикр. Ул зоти шариф бу гапи билан ўзини қорачалик эканлигига ишора қилмаяптими?! Албатта, эпиграф тасдиқ ёки инкор маъно беради, деёлмайман. Бунинг учун илмий тадқиқот лозим.

       Тадқиқотчи ижодкор С.Мустафоев “Хатирчилик табаррук сиймолар” (Тошкент, “Муҳаррир” нашриёти, 2010- йил. 73-бет) китобида Бадр ота – Мавлоно Бадриддин Муҳаммад Занги Отанинг тўртинчи халифаси ва унга нисбат берилган қабр ва хонақоҳ Хатирчининг Ибн Сино мавзесида жойлашган обод зиёратгоҳлигини, қабр тошдаги ёзувда Мавлоно Бадриддин, отасининг исми Шайх Маҳмуд деб қайд этилганлигини таъкидлайди.

       Гувоҳ бўлганингиздек, Бадр отанинг шахси ва қабри тўғрисидаги ривоят ва маълумотлар хилма-хил. Ўқиган ва эшитганларимиздан аёнки, ҳар қандай ривоят замирида ҳам маълум ҳақиқат ётади. Ўша фалсафа ва юқорида келтирилган манбаларга таяниб хулоса қиладиган бўлсак, ўйлайманки, жиддий хато бўлмас. Қиссадан ҳисса шуки. Ҳазрати Занги отанинг тўртинчи халифаси бўлган Бадриддин Муҳаммад Шайх Маҳмуд – Бадр ота асли хоразмлик бўлган кўринади. Қисмат равосига кўра Саййид Аҳмад ибн Саййид Абу Бакр билан Дашти Қипчоққа кетаётганда йўлда тоби қочади ва Тошкентдан 4 фарсаҳ наридаги Куйик қишлоғида вафот этади. Қабри ўша ерда.

       Қорачалик маърифатпарвар тариқатчи Абдураззоқ хўжа ибн Абдуваҳҳоб хўжа – Бадр ота, назаримча, саҳобалар авлодидан бўлган элдошимиз. Негаки, бундай фикрга келишга тўлиқ асос бор. (Юқорида Охунд Муҳаммад Тохир (р.а.)дан келтирилган манбага қаранг!) Фақат Қорача қишлоғидаги унга нисбат берилган қабртошга битилган ёзувлар Бадриддин Муҳаммад Шайх Маҳмудга ишора қилмоқда. Чунки сағанада вафоти ҳижрий 681(милодий 1283) деб ёзилган. Абдураззоқ хўжа Абдуваҳҳоб хўжа – Бадр отанинг “Китоби байъа” асаридаги сана эса (ҳижрий 1277-78, милодий 1861-62) йиллардир. Изоҳлар оралиғидаги тафовут 578 йил. Бундай катта фарқ ул зотларнинг бошқа-бошқа шахслар эканлигини кўрсатади. Хулоса шуки, Абдуваҳҳоб хўжа Бадр отанинг қабри (сув тошқинлари сабабми) Фарахундан ўзи яшаган қишлоғи  - Қорачага кўчирилган ва у ерда рамзий мозор тикланган, деган тахмин килишга ундайди. Тошдаги ёзувларга келсак, халқ у кишини Занги отанинг шогирдига менгзаб, кейинчалик Саййид Аҳмад ибн Саййид ота вафоти санасига (милодий 1310-11) қиёслаган ҳолда сағана қўйдирган бўлса, ажабмас.

       Нима бўлгандаям Бадр оталар номи билан аталган зиёратгоҳлар бошқа қадамжолар қатори халқимизнинг маънавий меросига айланган мулк. Бундай зиёратгоҳларни асраб-авайлаш, улар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни имкон қадар тиклашга уринмоқ ва ёш авлодларга етказмоқ лозим, деб ўйлайман.

                                                                                   

 Худойберди НАВРЎЗ,

қаламкаш

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 07.02.2015,   Кўрилган: 1045   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.