» » » Никоҳ шартномаси нима, у ўзбек менталитети учун хосми?

Никоҳ шартномаси нима, у ўзбек менталитети учун хосми?

Бугунги кунда оила мавзусига доир масалалар барчанинг эътибор марказида. Оила – жамиятнинг энг кичик бўғини бўлгани ҳолда ажрим, алимент, мол-мулк билан боғлиқ ҳамма низолар оилавий муносабатлар маҳражида бирлашмоқда. Кундалик ҳаётимизда ҳар куни эр-хотинлар ўртасидаги ажримлар, болалар учун ундирилаётган алиментлар, мол-мулкка ундирув қаратиш каби кўплаб муаммоли вазиятларга дуч келаётганимиз аянчли ҳолат, албатта. Аммо бугун биз бу масалаларга тўхталмаймиз. Эътиборимизни никоҳ шартномасига қаратамиз.

 

Никоҳ шартномаси ўзи нима, унинг мазмун-моҳияти қандай?

 

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 6-боби “Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби” деб номланади. Ушбу кодекснинг 29-моддасига кўра, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, ҳали турмуш қурмаган, лекин никоҳланиш истаги бор “замонавий ёшларимиз” томонидан бир-бирига нисбатан бўлган ишонч асосида олинган мол-мулк учун ҳам никоҳ шартномаси тузилиши мумкин.

 

Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Яъни, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи (ФҲДЁ) томонидан никоҳ рўйхатга олинмагунича нотариус томонидан тасдиқланган никоҳ шартномаси қонуний кучга эга бўлмайди. Масалан, фуқаролар А. ва Б. турмуш қуриш ниятида бўлиб, биргаликда мулк сотиб олдилар ва никоҳ шартномасини расмийлаштирдилар. Лекин никоҳ тузилгунига қадар ўрталарида келишмовчиликлар натижасида низо келиб чиқди. Бундай ҳолатда расмийлаштирилган никоҳ шартномаси ўз кучини йўқотади. Негаки шартнома ўз номи билан никоҳ шартномаси. Амалда никоҳ бўлмаганидан кейин никоҳ шартномаси ҳам ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди.

Шу ўринда никоҳ шартномаси ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома бир-биридан фарқ қилишини ҳам эслатиб ўтамиз. Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома никоҳланувчи шахсларга эр-хотин мақомини берувчи, оилавий, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларда ҳуқуқ ва мажбуриятлар келтириб чиқарувчи, ФҲДЁ органи томонидан бериладиган қонуний никоҳнинг мавжуд эканлиги факти ҳисобланади. Яъни, турмуш қуриш истагида бўлган шахслар ФҲДЁга мурожаат қиладилар ва ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, уларнинг никоҳи тузилган ҳисобланиб, уларга никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Никоҳ шартномаси эса айнан эр-хотин томонидан эмас, балки ҳали оилавий муносабатлари вужудга келмаган никоҳланувчи шахслар томонидан ҳам тузилиши мумкин бўлган келишувдир. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланади. Никоҳ шартномаси қуйидаги шартлар асосида тузилган деб ҳисобланади:

<!--[if !supportLists]-->·         <!--[endif]-->Икки тарафнинг ҳам хоҳиши мавжуд, яъни иккиси ҳам бундай шартнома тузишга рози;

<!--[if !supportLists]-->·         <!--[endif]-->Шартномани имзолашда ҳар икки тараф ҳам шахсан иштирок этади;

<!--[if !supportLists]-->·         <!--[endif]-->Шартнома нотариал тасдиқланиши лозим (бу ҳолда шартнома ҳақиқий эмас, яъни у юридик кучга эга бўлмайди).

Жамиятимизда никоҳ шартномасини тузишга турлича муносабат шаклланган. Катта авлод вакилларининг фикрича, бу фақат манфаатни кўзлайдиган, оилавий қадриятлар, анъаналаримиз бузилишига олиб келадиган амалиётдир. Ёшлар, тадбиркорлар никоҳ шартномаси бугун жуда зарурлигини қайд этишмоқда. Ҳуқуқшунослар, ўз навбатида, никоҳланувчилар нафақат ўзи, балки фарзандлари, уларнинг келажагини ўйлаб ҳам никоҳ шартномаси тузишлари кераклигини таъкидлайдилар.

Бугунги кунда никоҳ шартномаси мамлакатимиз амалиётида деярли учрамайди. Бунинг учун асосий сабаб сифатида ўзбек менталитети, урф-одатлари, анъана ва қадриятлари кўрсатилади. Чунки халқимиз орасида “оила муқаддас, уни ҳеч ким келажакда ажралиш учун тузмайди, оилавий муносабатлар пойдевори ишонч ҳисобланади. Никоҳ шартномаси эса эр-хотиннинг бир-бирига нисбатан бўлган ишончсизлигидан далолат беради”, деган фикрлар жуда кенг тарқалган. Лекин шуни таъкидлаш лозимки, никоҳ шартномасига фақатгина келажакда эр-хотиннинг ажрим масаласи судда кўриб чиқилаётганда келиб чиқадиган мулкий низоларни тартибга соладиган келишув деб қарамаслик керак. Чунки никоҳ шартномасининг мазмуни ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади:

- эр-хотин никоҳ шартномаси доирасида ўзаро моддий таъминот бериш;

- оила харажатларини кўтариш;

- бир-бирининг даромадида иштирок этиш;

- бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш;

- биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олиш;

- никоҳдан ажрашганда эр-хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олиш.

Айни вақтда тарафлар ўз мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар киритишга ҳам ҳақлидир.

Демак, никоҳ шартномасида эр ёки хотин рўзғор учун қилинадиган харажатларни ким тўлаши, бир-бирига берадиган таъминот миқдори, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланилса, уни бошқариш, эгалик қилиш ва турли хил шартномалар тузиш ҳуқуқлари кимда бўлишини, шунингдек никоҳ даврида ҳам, никоҳдан кейин ҳам мулкий муносабатларни белгилаб олишлари мумкин. Масалан, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятида фуқароларга кўплаб имтиёзлар ва преференциялар яратилаётгани сабабли якка тартибдаги тадбиркорлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Айнан улар томонидан кўплаб мол-мулклар ижарага берилади, сотилади ва бошқа турдаги битимлар тузилади. Бунинг учун эса никоҳ даврида орттирилган мол-мулкларни шартнома асосида ижарага бериш, сотиш кабиларни амалга ошириш учун хотин ёки эрнинг нотариал тасдиқланган ёзма тарздаги розилик аризаси талаб этилади. Ҳар сафар бундай оворагарчиликларни олдини олиш учун ҳам никоҳ шартномасида тадбиркорлик соҳасида ҳуқуқлар айнан эр ёки хотинга тегишли экани қайд этилса, бундай аризалар тақдим этиш учун сарсонгарчиликларга ҳожат қолмаган бўлар эди.

Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир. Яъни, никоҳ шартномасида кўрсатиб ўтилаётган мол-мулкларнинг баъзиларига нисбатан мулк ҳуқуқи эр-хотиннинг биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибида белгиланиши мумкин. Масалан, никоҳ шартномасида ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқига эр-хотин биргаликда эга бўлиши ёки унга бўлган ҳуқуқни улуш сифатида белгилаб олишлари (эрга 60 фоиз, хотинга 40 фоиз улуш тегишли) ёхуд алоҳида эр (хотин)нинг мулки қилиб расмийлаштиришлари мумкин. Шунингдек, никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин. Мисол учун, никоҳ шартномаси тузмоқчи бўлганларнинг баъзи турдаги мулки (автомашинаси) бор, лекин баъзи турдагилари (уй) йўқ бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Никоҳ шартномасида автомашинага бўлган мулк ҳуқуқи хотинга, мавжуд бўлмаган уйга бўлган мулк ҳуқуқи эрга тегишли экани кўрсатиб ўтилиши мумкин. Нотариуслар “уйингиз ҳали йўқ, қачон олсангиз шунда келасиз”, деб қайтариб юбориш ҳуқуқига эга эмас.

Никоҳ шартномасида назарда тутилмайдиган шартлар (қоидалар) ҳам бор. Улар қуйидагилардир:

эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чекловчи;

эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни тартибга солувчи;

эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солувчи;

меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи;

эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартлар (қоидалар).

Агар никоҳ шартномасида назарда тутилмайдиган шартлар келтириб ўтилган бўлса, суд эр-хотиндан бирининг талабига биноан никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Никоҳ шартномасида назарда тутилиши керак бўлган баъзи масалалар қолиб кетган, кўрсатилган мол-мулклар рўйхати ўзгарган ёки никоҳ шартномаси айрим сабабларга кўра керак эмас деб ҳисобланилса, уни ўзгартириш ёхуд бекор қилиш мумкин. Оила кодексининг 32-моддасига кўра, никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади. Яъни, нотариал тартибда тасдиқланган никоҳ шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун нотариусга мурожаат қилиб, худди шундай тартибда ўзгартириш ёки бекор қилиш зарур. Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно. Масалан, никоҳ шартномасида никоҳдан ажралгандан кейин бир-бирига айрим мол-мулкларни бериш мажбурияти ҳам киритилган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда никоҳ тугатилган тақдирда ҳам никоҳ шартномасида қайд этилган мулкни бериш мажбурияти бекор бўлмайди.

Эр-хотин ўртасида никоҳ шартномаси тузилган ҳолатда қарз мажбуриятлари юзасидан ҳақ ундиришни эр-хотиннинг мол-мулкига қаратиш тартиби қандай?

Эр (хотин)нинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш фақат унинг мол-мулкига қаратилиши мумкин. Ушбу мол-мулк етарли бўлмаган тақдирда ҳақ ундиришни эр-хотиннинг мол-мулкига қаратиш учун кредитор қарздор эр (хотин) улушини эр-хотиннинг умумий мол-мулкидан ажратиб ундириб берилишини талаб қилишга ҳақлидир. Масалан, эр банк ёки бошқа кредит муассасасидан кредит олган, деб ҳисоблаймиз. Ўз вақтида кредит қарзини тўламагани учун асосий қарзга пеня ҳам қўшилиб, гаровга қўйилган мулкнинг қиймати умумий суммани ёпиш учун етмаган ҳолатда ундирув эрнинг бошқа маблағларига ёки мулкларига қаратилади. Никоҳ шартномаси мавжуд бўлса, фақат эрнинг номига расмийлаштирилган мулкларга, агар улушли тарзда мулк ҳуқуқи мавжуд бўлса, ундирув улушига қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига кўра, никоҳ шартномасини ва алимент тўлаш ҳақидаги битимни нотариал тартибда тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар киритиш ёки уларни бекор қилиш, шунингдек мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаш ва тақиқлашни бекор қилиш чоғида давлат божи ундирилмайди. Бу нотариал идорага бориб, никоҳ шартномаси расмийлаштирмоқчи бўлсангиз, ҳеч қандай пул тўламайсиз дегани эмас.

Айтиб ўтганимиздек, фақатгина давлат божи бўлинмайди. Нотариуснинг ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги ҳақ тўланишини эслатмоқчимиз.

Хулоса қилган ҳолда, қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш лозим деймиз:

биринчидан, никоҳ шартномаси никоҳ қайд этилгунига қадар ҳамда никоҳ даврида орттирилган мол-мулкларнинг тақсимланишига имкон яратади;

иккинчидан, никоҳ шартномасида эр-хотиннинг никоҳ даврида вужудга келадиган учинчи шахслар олдидаги мажбуриятлари тақсимланиши мумкин;

учинчидан, ажрим масалалари суд тартибида ҳал этилаётганда мол-мулкка оид низолар камаяди.

 

Мансур Мардонов,

 

Хатирчи туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.

 

Муаллиф:admin,  Кушилган сана: 11.03.2020,   Кўрилган: 75   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.