ПРОКУРАТУРА МИНБАРИ

Маълумки, 2014- йил 3- декабрь куни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.

Янги қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик шахсларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишининг қўшимча кафолатларини таъминлаб беришга қаратилган.

Бугунги кунгача фуқароларнинг мурожаатлари 2002- йил 13- декабрда қабул қилинган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири асосида тартибга солинар эди. Аммо ушбу қонунда юридик шахсларнинг мурожаати борасида қоидалар белгиланмаган эди.

Шунингдек, электрон мурожаатлар ҳам назарда тутилмаганди. Янги қонун эса ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдан иборат бўлди.

Қонун 5 боб, 31 моддадан иборат. Қонун мазмунига асосан жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак.

Аммо ҳар қандай электрон мурожаатлар расмий мақомга эга эмас, фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали – My.gov.uz портали орқали юборилган мурожаатлар оғзаки ва ёзма мурожаатларга тенглаштирилди.

Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин. Улар давлат органлари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт.

Давлат органига келиб тушган мурожаатлар шу орган томонидан ёки унинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича мажбуриятлар зиммасига юклатилган мансабдор шахси томонидан кўриб чиқилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, бу мурожаатлар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади.

Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф давлат органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

- аноним мурожаатлар;

- жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, 

- уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

- қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

Мурожаатни кўриб чиққан давлат органи мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши шарт.

Мурожаат давлат органлари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

      

Б. Қулмуродов,

Навоий вилояти прокурорининг ёрдамчиси

 

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 12.05.2015,   Кўрилган: 657   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.