Бундан бохабар бўлинг!

Мамлакатимизда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай имконият ва шарт-шароитлар яратиш вазифаларидан, шунингдек 2015-йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, солиқ юкини  янада пасайтиришга, солиқ тизимини соддалаштиришга ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада 2014-йил 4-декабрь куни иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Булар: Ўзбекистон Республикасининг  “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015-йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2015-йилги асосий макроиқтисодий кўрсатгичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қароридир.

Юқоридаги ҳужжатларга асосан солиқ юкини камайтириш мақсадида 2015-йилдан бошлаб юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга пасайтирилди. Шу ўринда бу солиқ ставкаси йил сайин пасайтирилиб борилаётганлигини эътироф этиш зарур. Масалан, 1995- йилда бу кўрсатгич 38 фоиз эди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тўрт босқичли солиқ солиш шкаласи  жорий этилди. Яъни энг кам иш ҳақининг 1 бараваригача маошдан солиқ олинмайди. 5 бараваридан 8,5 фоиз, 10 бараваридан 17 фоиз, 10 бараваридан  юқорисидан эса 25 фоиз даромад солиғи олинади.

 Шу ўринда яна бир жиҳатга диққатни тортамиз. Солиқ солиш шкаласи йил бошидаги энг кам иш ҳақи бўйича белгилангач, у йил давомида ўзгармайди. Жисмоний шахсларнинг алоҳида даромадларидан эса 8,5 фоиз миқдорида солиқ ундирилади.

Қурилиш соҳасидаги субъектлар учун ягона солиқ тўловининг амалдаги ставкаси 6 фоиздан камайтирилиб, 5 фоиз этиб белгиланди. Микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Бир вақтнинг ўзида улгуржи ҳамда чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар учун ягона солиқ тўловининг   5 фоизлик ставкаси жорий этилди.

Ер солиғи ставкалари 15 фоизга оширилди. Бунда жисмоний шахсларнинг норматив меъёрдан ортиқ ер майдонларига 1,5 фоиз миқдоридаги кўпайтирувчи коэффициент қўлланилади.

АЁҚШлар орқали бензин, газ ва дизель ёқилғисини реализация қилишда транспорт воситаларига ёқилғи ишлатганлиги учун  солиқ ставкалари 10 фоизга оширилди.

Бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар ставкалари сақлаб қолинган ҳолда фуқароларнинг бюджетдан ташқари пенсия жамғармаларига суғурта бадали ставкаси 6,5 фоиздан 7 фоизга оширилди.

Уяли алоқа компанияларидан абонентлик рақамларидан фойдаланганлик учун олинадиган тўлов ойига 600 сўм ўрнига 750 сўм миқдорида белгиланди.

Юридик шахсларнинг мол-мулкидан ундириладиган солиқ ставкаси 4 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.  Фақат энди улар ушбу солиқни мол- мулклари жойлашган ҳудуднинг маҳаллий бюджетига тўлайдиган бўлишди.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 20 фоизга оширилди. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматидан келиб чиқиб, ягона ер солиғининг ставкаси 6 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

 

Туман Давлат солиқ инспекцияси

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 29.01.2015,   Кўрилган: 762   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.